Ўйладим, муҳаббат оддий бир ҳавас,
Шунчаки кўнгилнинг ширин эрмаги.
Ўйладим, мажнунлик мен учун эмас,
Аслида ишқнинг ҳам йўқдир кераги.
Билмасдим, кўкракда кулган юракни,
Кун келиб қачондир чарчаб қолишин.
Билмасдим, қалбимда бўлган тилакни,
Бутун вужудимни қамраб олишин.
Бугун ғамхонадир ҳатто оламим,
Дедимки, дудоқда қолар сўзларим.
Билсам муҳаббатда бордир аламим,
Дедим сенда қолган экан қувноқ кўзларим.
Бугун оламимда ҳасратим ҳоким,
Асло йўл бермайди нафас олишга.
Майли дарёларга қўшилсин хоким,
Ахир ҳаққим йўқдир сенла қолишга.
Сабабчи бўлдимми айтгин гўзалим,
Барча азобингга қайғуларингга?
Дудоқдан қалбимга кўчган ғазалим,
Бепарво бўлдимми туйғуларингга?
Яшадим ҳаётда кўнгилсиз, изсиз,
Билсам жонсиз таним сенла барҳаёт.
Дердинг, яшолмасам нетайин сизсиз,
Дердим, буни ҳали кўрсатар ҳаёт.
Ҳаётим бир йилдек ўтди мазмунсиз,
Бутун қалбим билан сени кутардим.
Чексиз муҳаббатим қолди якунсиз,
Борлигинг билсам-да ёлғиз ўтардим.
Ҳатто бахт юзларин ўгирди мендан,
Англадим ҳар нарса ўчин олмоқда.
Сохта бир ишқ учун воз кечдим сендан,
Севги ҳам юракдек тамом бўлмоқда.
© Чарос Лутфуллаева
@bushro_tarjima