Қуйи Чирчиқ тумани ёшлари билан учрашув ўтказилдиЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрь куни мамлакат ёшлари билан видеоселектор тарзида бўлиб ўтган учрашувида белгилаб берилган устувор вазифаларга мувофиқ, вилоятдаги шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари томонидан ёшлар билан учрашувлар ўтказишнинг 2020 йил биринчи ярим йиллик режа-графиклари тасдиқланиб, мазкур режага асосан жойларда учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.Мазкур учрашувлар ҳар икки томон учун ҳам ниҳоятда фойдали бўлаяпти, десам, тўғри бўлади. Чунки ёшлар билан мулоқот, уларнинг ўй-фикрлари, муаммолари билан танишиш – ҳар бир раҳбар учун истиқболдаги ишларни режалаштиришда, давр руҳини чуқур ҳис қилишда бебаҳо қўлланма.
Хўш, ёшлар биздан нималарни сўрайди? Улар нимани истайди? Бир сўз билан айтганда, ёшлар Аллоҳ берган истеъдоди, интилишини тўла рўёбга чиқаришни, Президентимиз яратиб берган шароитлардан фойдаланишни хоҳлайди. Очиқ айтиш керакки, баъзида уларга ҳалал бермасликнинг ўзи ҳам ёрдам.
Афсуски, ҳамма даврларда бўлгани каби, ёшларга ҳалал берадиган, уларга ишонишдан чўчийдиган, керакли маслаҳат беришдан, йўл-йўриқ кўрсатишдан ҳам эринадиган раҳбарлар учраб туради. Масалан, Қуйи Чирчиқ ёшлари билан ўтказган учрашувимизда учта ёш йигит китоб дўкони, ўқув зали қуриш учун ер ажратишга кўмаклашишимизни сўради.
Бу ўринда иккита жиҳат кишини ўйлантиради. Аввало, ер ажратиш тартиб-таомиллари электрон савдо тизими орқали амалга ошириладиган тизим жорий этилганига ҳам анча бўлди. Иккинчидан, биз ҳар бир қадамимизда, учрашувларимизда китобхон ёшларни, китоб тарғиботига камарбаста йигит-қизларни излаймиз. Бу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун ишни нимадан бошлаш ҳақидаги тушунтириш беришнинг ўзи кифоя.
Учрашувларда ёшлар томонидан кўтарилаётган энг оғриқли муаммолардан бири – мактабларда спорт инвентарларининг етишмаслиги, таъмирлаш ва қурилиш ишларининг чўзилиб кетгани билан боғлиқ. Қуйи Чирчиқда ҳам мана шундай муаммоли ҳолатлар бўйича 5 та мурожаат бўлди.
Очиғини айтганда, бу гапларни ёшлардан эшитиш ниҳоятда оғир, айни шу пайтнинг ўзида жўяли жавоб топиб беролмаслик эса икки ҳисса оғир. Негаки, ёшларга айрим ҳақиқатларни очиқ айтишдан истиҳола қиламан. Ахир режасиз қурилишлар, инсофсиз қурувчилар ёки туманда раҳбарлар ўзгарганда, шу кўйи чала қолиб кетган иморатлар борлигини инкор этиб бўлмайди.
Энг ачинарлиси, шундай чала қолган иморатлар ёки сифатсиз ишлар туфайли қонун олдида жавоб бераётган қурилиш корхоналари раҳбарлари, токи маҳкама жараёни якунига етгунча мактаблардаги қурилишлар аросатда қолиб кетишини, болаларга жабр бўлишини чуқур ҳис қиладими – гап шунда...
Албатта, Қуйи Чирчиқдаги учрашувда тилга олинган ҳар бир ҳолат менинг қатъий назоратимга олинди, қисқа вақтларда махсус ишчи гуруҳ вазиятни чуқур ўрганиб ахборотини беради, харажатлар миқдори, молиявий манбасини аниқлаб, керакли чораларни кўрамиз.
Айниқса, мен билан учрашиб, эришган натижаларини ғурур билан гапириб берган ёш спортчилар, – улар орасида жаҳон ва Осиё, Ўзбекистон чемпионлари бор, – учун зарур шароит яратиб бериш бўйича тез кунларда амалий ишлар бошланади.
Шунинг баробарида сизларни ишонтириб айтаманки, жорий йилдан бошлаб, тегишли мутасаддилар томонидан қурилиш объектлари пудратчиларини аниқлашда талабчанлик кучайтирилади.
Қурилиш ишларининг бориши, айниқса, ижтимоий объектларнинг қурилиш жараёни, йўналиш бўйича масъул идорадан ташқари, кенг жамоатчилик, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, ОАВ вакилларининг эътиборида бўлади. Бу борада уларга алоҳида мурожаат қилдик.
Барчангиз яхши тушуниб турганингиздек, биз шу пайтгача мавжуд бўлган айрим иллатларнинг яна қайтарилишини мутлақо истамаймиз. Бинобарин, кучли жамоатчилик назорати ва шаффофлик янги Ўзбекистоннинг устивор жиҳатларидан биридир.@Toshkent_viloyati_hokimi