Baxtiyor ABDUG'AFUR


Channel's geo and language: not specified, not specified
Category: not specified


Similar channels

Channel's geo and language
not specified, not specified
Category
not specified
Statistics
Posts filter


Анъанавий оила тузилмаси (институти), қадриятларини йўқ қилишга уринишлар авжига чиқди. Оила қуриш-қурмаслик инсон эрки, озодлигига дахл қилиш деган тушунчани зеҳниятга ўрнатишга куч берилмоқда.

XXI аср одами ўз муаммо ва ташвишлари билан ўралашиб, қариндош-уруғчилик ришталарини унутмоқда. Оилалар қисқармоқда, яккаланмоқда, одамлар тобора бир-биридан узилмоқда, энг ёмони – бегоналашмоқда. Одамнинг янги ижтимоий бир ҳолати юзага келди, келмоқда – Homo unus (ёлғиз одам).

Одамнинг бу тури ёлғизликка маҳкум. Ҳаётнинг бутун ташвиш-машаққатларига ёлғиз ўзи қарши чиқишга мажбур. Чунки, унда қўллаб-қувватлайдиган, елка қўядиган ришталар йўқ.

Homo unus яшайдиган жамиятларда анъанавий қадриятлар унутилади, жамиятлар парокандаликка юз тутади. Бир-бирига бегоналашади, инкор этади, охир-оқибат, одам одамни душман сифатида талқин эта бошлайди.

Бундай жамиятларни енгиш, бошқариш, йўқ қилиш жуда осонлашади.

Оиланинг жамиятдаги ўрни ҳақида дунё халқларида турли-туман мақоллар тўқилган.

“Family is not an important thing. It's everything.”

“In time of test, family is best.”

“В дружной семье и в холод тепло.”

“Вся семья вместе, так и душа на месте.”
...
Бундай мақолларни истаганча келтириш мумкин.

Эртага – келажакда қандай бўлишингиз ўзингизга боғлиқ.

Соғлом, бахтли, кўнгил хотиржам...


Ватанини севган ва унутмаган марокашликларнинг фарзандлари ғалабага эришишди!

Марокаш терма жамоасининг етакчи ўйинчилари - Софян Амбрабат (Голландияда туғилган), Ашраф Ҳакими (Испанияда туғилган), Ёсин Боно (Канадада туғилган), Ҳаким Зийеш (Голландияда туғилган)... ота-оналари фарзандларини Марокаш терма жамоаси учун ўйнашни истамаганларида балки бугунги ғалаба ҳам бўлмасди.

Улар жуда иқтидорли эди, ўз вақтида турли термаларда ҳам ўйнашган (Софян Амбрабат Голландия U-15 термасига чақирилган), лекин барибир тарихий Ватан термасида ўйнаш орзуси устунлик қилди.

Бу йигитлар Европада туғилди, футболни ўрганди ва Марокаш бўлиб ЖЧга етиб келди. Кеча хорватлар ҳақида ёзгандим - хорватлардаги туйғу бу йигитларга ҳам бегона эмаслигини бугун исботлашди.

Марокаш тарих ёзди. Бунга ҳақли эканини кўрсатди. Бекорга "тарихни ғолиблар ёзади!" дейишмаганку!
Қисса ҳисса шуки, болаларимиз тарих ёзишни истасак, марокашликларнинг ота-оналаридек бўлишимиз керак экан. Ният холис бўлса бўлди.


"БИЗ ХОРВАТЛАРМИЗ"

ЖЧ-98 да Хорватия терма жамоаси 3-ўринни эгаллайди. Ўша вақтдаги жамоа мураббийи Мирослав Блажевичдан сўрашади: "бу муваффақиятнинг сири нимада?" Блажевич жавоб беради: "Ахир биз хорватлармиз!"
Ўша вақтларда хорватлар 1990-йиллар бошидаги Болқондаги этник қирғинларни бошдан кечирган; мамлакат вайрон, халқни ҳали кечаги даҳшатлар тарк этмаган... Бу халқнинг руҳини кўтаришга нимадир керак эди.

Бу футбол эди. Бир вақтлар Югославия термасида ўйнаган хорват йигитларидан терма жамоа тузилган, улар халқаро ўйинларда майдонга тушарди. Халқнинг руҳиятини кўтариш, келажагига ишонтириш учун ўша вақтда футболдан бошқа нарсаси йўқ эди хорватларнинг. Халқ терма жамоани шунчалар ҳурмат қилардики, ҳатто машғулотларига ҳам минглаб, баъзида ўнг минглаб мухлис йиғилар, қўллаб-қувватларди.

Евро-96'да хорватлар ўзларини эслатишди. ЖЧ-98'да дунёга Хорватия деган давлат борлигини билдириб қўйишди.

Давор Шукер, Славен Билич, Звонимир Бобан, Роберт Просинечки, Алеша Асанович... каби йигитлар бутун дунёга Хорватияни машҳур қилиб юборишди. Бу йигитлар хорватлар учун миллат қаҳрамонлари эди.

Ёш болалар шу йигитлардек бўлишни орзу қилишарди. Ўша болалар бугунги Модрич, Манжукич, Олич, Петкович, Крамарич...
Терма жамоага чақирилаётган ҳар бир ўйинчи "биз хорватлармиз!" деган шиорнинг масъулиятини ҳис қилар, табиийки, бундай дейиш учун мағлубиятга учрамаслик талаб этиларди.

Ёзилмаган қоида бор хорватлар учун. Термага чақирилдими, ютқизишга ҳаққи йўқ, ютқизса "биз хорватлармиз!" дея олмайди.
Бундай жамоани ютиш қийинлигини Бразилия ҳам исботлаб берди.

Балки, бизга ҳам шу нарса етишмаётгандир?


Ичимиздаги хавф...

Инсон иммунитети тушиши билан унда - ичида яшайдиган вирус ва патоген бактерияларнинг фаоллиги ортади. Йўтал, ҳолсизланиш, иситма кўтарилиши, оғир беморлик...

Тиббиётимиз, асосан, антибиотиклар билан даволашни таклиф этади. Лекин, бу энг хавфли ва чорасизликда қўлланадиган усулдир, бугунги кун мезонлари бўйича.

Нега бундай?

Александр Флеминг илк бор пенициллинни (Penicillium notatum замбуруғидан ажратиб олган) антибиотик сифатида қўллашни таклиф этади. Пенициллин ўша вақтда, ўтган асрнинг 20-йилларида мисли кўрилмаган натижа беради, кўплаб беморларнинг соғайишига ёрдам берди. Лекин, айнан пенициллин туфайли инсон организмидаги патоген микроорганизмларнинг чидамлилиги орта бошлади ва бугунги кунга келиб критик нуқтага етган. Бугунги кун микробиологиясидаги энг долзарб муаммолардан бири турли кимёвий воситаларга чидамли бактериялар (инглизчада multidrug resistant bacteria) ҳисобланади (https://www.ncbi.nlm.nih.gov/pmc/articles/PMC2839888/).

Бу бактериялар ҳар қандай кимёвий воситанинг ҳар қандай миқдорига чидамли ҳисобланади. Шундай воситалардан бири антибиотиклар. Антибиотикларнинг миқдори ортди, шу билан бирга бактерияларнинг чидамлилиги ҳам ортди, кучайди, хавфли авлодлари дунёга келди. Ана шу хавфли авлодлар бугунги кун микробиологиясининг мавзуси.

Бу бактериялар ичимизда яшайди. Бирга туғилади, бирга ўлади. Бу бактериялар кучсизланишимизни кутади. Кучсизландикми, кўпайишни бошлайди, йиқитади.

Энг оғриқли масала - Ўзбекистонда антибиотиклардан фойдаланишнинг кундан-кунга ортиб бораётгани. Бу борада ҳеч қандай чеклов ва меъёр белгиланмаган. Энг даҳшатлиси, ёш болалар иситмаси кўтарилиши билан антибиотик берилади...

Эсдан чиқармаслик керак, антибиотик нафақат микробга, балки инсон (бола) организмига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади. Бу, энг аввало, иммунитетининг кескин тушиб кетишида кўринади.
Ёш болаларни кўринг, аксарияти ҳаво совуши билан йўталишни, иситмалашни бошлайди. Буларнинг катта қисми, аввал антибиотикнинг юқори дозасини олган болалардир. Антибиотикларнинг асорати бир умрга қолади.

Экология бузилиб кетди, озиқ-овқатларда кимёвий воситалар кўпайиб кетди, шунга болаларимизнинг иммунитети тушиб кетди, деймиз. Асл сабаб бунда эмас, балки норасида гўдакларга берилган антибиотикларда!

Антибиотик сўзининг луғавий маъноси "ҳаётга қарши" деганидир. У микроб ҳужайраси билан бир қаторда инсон ҳужайрасини ҳам фалажлайди.
Антибиотиклар ўрнига муқобил биологик воситалар бор. Негадир (балки, атайиндир) улар тавсия этилмайди, улар ҳақида гапирилмайди.

Биринчиси, патоген микроорганизмларнинг табиий кушандалари ҳисобланган бактерия штаммлари (табиатда фойдали бактериялар ҳам бор) асосидаги пробиотиклар. Масалан, Bacillus subtilis бактерияси асосидаги пробиотиклар (https://www.frontiersin.org/.../fmicb.2021.715863/full). Бу бактерия тури кўплаб патоген микроорганизмларнинг кушандасидир. Ҳатто, вабо, сил каби юқумли касалликлар қўзғатувчиларини ҳам йўқота олади.

Иккинчиси, патоген микроорганизмлар лизатлари (ҳужайра биомассаси парчаланиш маҳсулотлари) асосидаги воситалар. Бундай воситалар дорихоналарда сотилади (энг кўп сотиладигани ИСМИЖЕН препарати).

Бундан ташқари, ҳозирги кунда "антибиотик-нанозарра" комплекс воситалари ҳам кириб келмоқда. Бу комплекс воситаларда антибиотик молекуласига нанозарра "тикилади". Шу усулда антибиотик миқдори камайтирилади, нанозарра ҳисобига хусусияти кучайтирилади (https://www.ncbi.nlm.nih.gov/pmc/articles/PMC4825751/).

Ва энг асосийси, соғлом турмуш тарзи ва иммунитетни сақлашга эътибор қаратиш муҳимдир. Меъёрдаги иммунитет патоген микробларнинг кучайишига йўл қўймайди.
Вужудингизда қандай хавф борлигини тушундингиз, деб ўйлайман. Ўша хавф кучаядиган кунлар ҳозир. Ўзингизга эътиборли бўлинг.

Антибиотиклар ёзиб берилганда танқидий ёндошинг, муқобил усул ва воситаларни сўранг.


Бугунги жума маърузасидан кейин...

Мактабларда, ўқувчилар орасида жиноятчилик кўпайиб кетганлиги, оилалар бузилаётгани ҳақида гапириб ўтилди.

Бу ҳолатга тушмаслик учун анча эрта ҳаракат қилишимиз керак эди. Ҳар ҳил тақиқлар ўрнатавермай, халқни эътиқодига бегона қилмай. Бугунги авлод тасаввури ва зеҳнияти катта авлодникидан фарқли. Зеҳният ва тасаввурлар фарқи зиддиятларни келтириб чиқаради. Шунисидан эҳтиёт бўлиш керак. Эътиқод ва тафаккурдаги зиддиятлар жамиятни пароканда қилади, бир-бирига бегоналаштиради.

Ягона ғоя, ягона шиорлар, керак, демайман. Инсоният асрлар давомида улуғлаб келган умумбашарий қадриятларга дахл қилинмаслиги лозим. Бу қадриятлар ўрни бўш қолдирилди, сунъий бўшлиқ ҳосил қилинди. Алал-оқибат, бугунги кунга шундай аҳвол ва қиёфада етиб келдик.
Тақиқ ва таъқиблар ҳеч қачон яхшиликка хизмат қилган эмас. Яхшиликка бўлганида бугунги маърузалар мавзуси бундай бўлмасди.

Хулоса ўзингиздан.


МАЪНАВИЯТ” ЁТ ТУШУНЧАМИ?

Янги дунёвий тартиб ижодкорлари кўп нарсаларни нишонга олишгани бугунги инсониятга сир эмас: анъанавий оила институтини емириш, бир жинсли никоҳлар, инсоният асрлар давомида қадрлаб келган қадриятларни йўқ қилиш – оммавий (қуроқ) маданият, ГМО – ирсиятнинг моддий асоси ўзгартирилган биологик шакллари билан дунё аҳолисини боқиш (стратегик аҳамиятга эга буғдой, соя, картошка, маккажўҳори, шоли (гуруч)... каби экинларнинг турли-туман ирсий ўзгартирилган шаклларини эслаш кифоя)...

Оила институтини йўқ қилиш ёки бир жинсли никоҳларни қўллаб-қувватланишидаги мақсадни тушуниш қийин эмас – биологик тур сифатида одам ва унинг наслини йўқ қилиш.

Оммавий маданиятларнинг зўрлаб тиқиштирилиши, кун тартибига қўйилишдан кўзланган мақсаднинг якуний нуқтаси ҳам шу – инсонни қадриятлардан юз ўгиртириб, ваҳший оломон вакили, сўнг эса ҳайвон табиати устун бўлган индивидга айлантириш.

ГМО ҳақида сўзлаш ортиқча. Ўйлаб кўринг, нега айнан одам кўп истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг ГМОси бозорларга чиқарилган. Буғдойсиз – нонсиз яшаш мумкинми? Картошка, гуруч, соясиз, маккажўҳорисизчи? Биринчидан, иқтисодий манфаат, иккинчидан, яна ўша янги тартиблардаги асосий постулатлардан бири – инсонни биология жиҳатдан йўқ қилиш.

Ўзим биологман, кўп йиллар ҳорижда ишлаганман. Молекуляр биологияда модел сифатида танланган Arabidopsis thaliana ўсимлиги ёки Escherichia coli бактерияси устида олиб борилган сон-саноқсиз тажрибалардан хабарим бор. Ёки, бирор генни, айтайлик, бактериянинг генини ўсимликка кўчириб ўтказилгани ва модикацияланган геномли биологик шакл олинганини ҳам биламан. Масалан, Bacillus thuriengensis бактериясидаги токсин синтезига жавобгар генни ғўза – Gossypium hirsutum’га кўчирилгани ва Bt-cotton олинганини нафақат олимлар, қишлоқ хўжалигига алоқаси бор кишилар ҳам билади. Лекин, фундаментал фаннинг далилларига ҳам қулоқ тутилмаяпти.

Ҳаммасида кўзланган бир мақсад бор. Бу биологик деградация. Одамнинг ўз-ўзига – фитратига бегоналашуви. Ёки, ўша Габриел Гарсия Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” романидаги одамни ўз-ўзини йўқ қилиши. Улуғ ёзувчи ўшандаёқ башорат қилганди: “одамни, унинг наслини сақловчи нарса бу эътиқод, маънавият!” Мағриб ва машриқнинг чегаралари йўқолган бу дунёдаги одамнинг ўз-ўзини сақлаш эътиқоди ва маънавияти ёрдам беради.

Энди, асосий масалага ўтамиз.

Шундай таҳликали замонда – кўринмас урушлар авж олган паллада инсоннинг биологик барқарорлигини сақлаб қоладиган нарса нима? Эътиқод, унинг маънавий бойлиги. Замонавий урушлар янги мустамлакаларга эга бўлиш ёки иқтисодий қарам қилиш эмас, аслида, инсоннинг ўзига – биологик тур сифатидаги барқарорлигига қарши урушдир. Маънавиятга таҳдид (ҳар қандай кўринишда), ўша урушларнинг биргина қуроли, холос.

Ҳозирги урушларга тайёр бўлмас экан, одам боласи бу аросат саҳросида улоқиб-тентираб юраверади.

Кимгадир эриш, кулгили туюлиши мумкин. Белдан пастга ҳазил қиладиганлар, шов-шув бўлаётган клиплар ҳақида фикр билдирмайман, булар ўткинчи нарсалар. Уларни вақт саралайди. Вақтки, жамиятнинг маънавий кучайиши, алоҳида инсонларнинг шахс бўлишига кетган фурсат. Жамиятимизда танлов йўқ. Бўлганида ўша зўрма-зўраки, бачкана ҳазил қиладиганлар, ўзининг тор савиясини омма (жамият) фикри деб тақдим этадиганлар юздан бир, мингдан бирга айланарди. Ҳозир жамият учун синов даври. Ундан эсон-омон ўтишига ишонаман. Чунки, бутун бошли халқнинг эътиқоди, маънавияти – ўлмас қадриятлар ҳали ўзи билан тирик.


Ўйиндан кейин ўйлар...

Бир вақтлар - 1997 йилгача футбол ўйнаганман. "Навбаҳор" стадиони орқасидаги майдонда шуғулланардик. Аниқ эсимда йўқ, 25-30 нафар ўйинчи. Яхши ўйнайдиганлар кўп эди, ўша вақтларда 16-17 ёшлардаги мактаб ўқувчилари эдик.

Катта футбол ўйнайдиган вақт келганда биз танийдиган, "ака" деб чақирадиган акалар дарров 3-4 ёшга ёшариб, биз тенги бўлиб "заявка"ларга кира бошлади. Табиийки, 16-17 ёшлилар 19-20 ёшдагилар билан рақобат қилолмасдик.

"Навбаҳор-3" дея номланган жамоадан битта ҳам ўйинчи биринчи лига тугул, иккинчи лигада ҳам ўйнолмади. 25-30 нафар 16-17 ёшлилар бутсини михга илиб, тирикчилик учун ҳар ёққа тарқаб кетди. Бири Наманганнинг "Чорсу"сида кир совун сотган, яна бири новвойга шогирд тушган.

Терма жамоамизнинг мағлубиятидан кейин негадир ўша 16-17 ёшлиларни эслайвераман. Ўша ёлғонларнинг касри ҳали ҳам урадими, деган хаёлларга бориб қоламан. Яна билмадим...


Унинг кун тартиби қуйидагича эди: ўнларда ишга келиш, бир кафт таблеткаларни ютиш, тушлик вақтини кутиш, бироз мизғигандан сўнг ҳайдовчисини чақириб уйга етиб олиш...

... Уйқу олдидан яна бир кафт таблеткаларни ютиш...


Эволюция

“...Чексиз саҳрода каллалардан кўтарилган улкан тепалик. Қора қузғунлар емиш илинжида ғужғон ўйнайдилар, айримлари ҳатто, бир-бирларига хурпайишиб олишади. Шунда, саҳронинг ёлғизоёқ йўлида бир тўда одамлар кўринадилар. Улар кимлар экан?! Кўринишидан антик давр кишилари. Бошларида гулчамбарлар. Юнонлар ёки римликлар бўлишса керак. Айримларининг қўлларида мармардан йўнилган нозик ҳайкаллар. Энг олдиндаги бир киши флейта чалиб келади. Ёнидагиси эса арфа ушлаб олган. Ҳар замон-ҳар замонда унинг торларини тортиб, нозик ва нафис куй эшитилади. Бу саҳрода нима қилишаяпти?! Калла-тепага яқин келишди-ю таққа тўхташди. Айримларининг кўзларида қўрқув, баъзилари саросимага тушиб қолишди...

Улар тепаликдан қоча бошлашди!

Зиёфати бузилган қузғунлар эса норозиланиб, яна тепалик устида уча бошлашди.

...Саҳро йўлида яна одамлар кўринди. Қизиқ, булар ким бўлди экан? Қузғунлар емишни унутиб тобора яқинлашаётган одамлар тўдасини қўрқув ва ҳадик билан кузатардилар. Венеция савдогарлари, Генуя ва Кастилия тужжорлари, Каталония ҳарбийлари, Ломбардия оқсуякларини ёдга солувчи, кўриниши дабдабали киборлар! Тепалик уларни даҳшат ва ҳайратга солди. Айримлари чўқинар, яна кимларнидир нафас олаяпти-йўқми, билиб бўлмасди. Бир йигитча, кўринишидан флоренциялик бўлса керак, тўдадан ажралиб чиқиб, қўрқа-писа тепаликка яқинлашди ва каллалардан бирига аста қўл теккизиб кўрди. Унда шу машъум тепаликнинг суратини чизиб, ҳаммани қойил қолдириш истаги туғилди.

Улар ҳам тепалик ёнида кўп қолиша олмади. Тезроқ лаънатланган саҳрони тарк этиш уларнинг ягона истаги эди!
Узоқдан яна одамлар кўринди. Ҳарбийларга ўхшайдими? Муросасиз Дон казаклари, швед ҳарбийлари, Петр ёки Наполеоннинг аскарлари. Уларнинг янги мундирлари кишининг ҳавасини келтиради.
Каллалар уюми ҳарбийларни унча чўчитмади. Айримлари чўқиниб олди. Бир муддат туришгач, яна йўлда давом этишди.

Қузғунлар ерга қўнишга улгурмадилар. Узоқдан бақир-чақир, ўйин-кулги, “Freestyler”ни ёдга солувчи қўшиқ эшитилди. Ие, ўзимизга ўхшаган одамларку! Шортикда, тиззаси йиртиқ шимлар, тикка-тикка сочлар, улар орасида ўта расмий кийинган бизнесмен ва бизнеследиларни кўриш мумкин.

Улар тепаликни кўришиб... хурсандчиликларидан қичқириб юборишди. Уч-тўрттаси бир-бирининг қўлини ушлаб, рақсга туша бошлади. Бир бизнеследи қўлидаги фотокамерасини шеригига тутқизиб, расмга олишни илтимос қилдида ўзи тепалик устига... чиқа бошлади. Қоп-қора туфлисининг тиғдек ўткир пошнаси каллаларнинг пешонаси, кўзига ботиб кетар, аммо бизнеследининг бутун фикру-хаёли тепалик устида расмга тушиш эди. Ниҳоят, тепаликнинг чўққисини забт этгач, унинг суратини олдилар. У бу билан қаноатланмади. Иккала қўлига биттадан каллани олиб, қайта-қайта расмга тушди. Қора кўзойнакли бир киши лабидаги сигаретини каллалардан бирининг оғзига тиқиб, уни ҳам фотокамерасига муҳрлади. Қолганлар ҳам четда туришни исташмади. Қўл телефонларининг камералари ишга тушди. Ҳар томондан тепалик телефон аппаратларига муҳрлана бошланди.

Қузғунлар емишни унутишган, ваҳима ичида бу ғаройиб қавмни кузатишарди...”


Росулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам:

"Қуддуси шарифни кофирлар босиб олишади, У жойга олий иморатлар солишади, бу ернинг обод бўлиши Мадинанинг хароб бўлишидир. Мадина хароб бўлса, дунё уруши бошланиб, қирғин бўлади. Бунинг бўлиши Қунстантиния фатҳининг аломатидир.-дедилар."

Алихонтўра Соғуний

"Тарихи Муҳаммадий" китобидан.

39 Battles (Kitab Al-Malahim)
(1589) Chapter: Signs Of The Battles

Narrated Mu'adh ibn Jabal:

"The Prophet (ﷺ) said: "The flourishing state of Jerusalem will be when Yathrib is in ruins, the ruined state of Yathrib will be when the great war comes, the outbreak of the great war will be at the conquest of Constantinople and the conquest of Constantinople when the Dajjal (Antichrist) comes forth. He (the Prophet) struck his thigh or his shoulder with his hand and said: This is as true as you are here or as you are sitting (meaning Mu'adh ibn Jabal)."

Reference: Sunan Abi Dawud 4294
In-book reference : Book 39, Hadith 4
English translation : Book 38, Hadith 4281


Фарғонада Мадаминбек қўрбошининг исми тилларга тушиб, халқ меҳрини қозонгач, у ҳақда турли шеърлар ижод қилинади. Улардан бири Ҳожихон Махсум томонидан Мадаминбекка тақдим қилинади. У Мадаминбекнинг болаликдаги дўсти, сабоқдоши бўлган. Ҳатто, Мадаминбек у билан бирга илм ўрганиш учун Бухорога жўнамоқчи бўлади. Бироқ, Мадаминбекнинг бошидан ўтган савдолар - туҳмат билан Сибир қилиниши - бу режанинг амалга ошишига монеълик қилади.

Халқ ўз қаҳрамонига юксак баҳо беради, унга эътиқоди баланд бўлади. Шеърни ўқир эканмиз жараёнида бунга гувоҳ бўламиз:

Муҳаммад Аминбек салoмат бўлсин,
Вужуди ҳамиша фарoғат бўлсин.
Худoни ҳабиби рафoқат бўлсин,
Тамoми иши ҳам карoмат бўлсин,
Қилган кoри–бoри ибoдат бўлсин.

Ҳуруж айлади Мурғунoн шаҳридан,
Ҳамма бўлди ҳайрoн мунинг аҳдидан.
Мубoрак oтидир Муҳаммад Амин,
Анга дер ҳамма oфарин, oфарин.
Бу куфoр элига шижoат ўлсин.

Азиз жoнини беқарoр айлади,
Ғазoтга ўзини нисoр айлади,
Кишининг аҳдига хўб вафo айлади,
Набию валиларни ёр айлади,
Қилган кoри–бoри ибoрат бўлсин.

Кўп ўтмай Мадаминбек шаҳид этилади. Фарғона халқи аза очади, мард ўғлони ҳақида куйлайди:

Марғилоннинг бозорида
Тиллақош равотлар қани?
Гўрўғлининг Ғиротидай
Беклар минган отлар қани?
Фарғонажон, Фарғонажон,
Ботирлар туққан онажон!

Мадаминбекнинг диёрида
Юраги ёнган зотлар қани?
Жаннатмакон дерлар сени,
Жаннатмаконлар қани?
Томлари томга туташган
Гул шоҳимардонлар қани?
Фарғонажон, Фарғонажон,
Ботирлар туққан онажон!

Ер чангитган, от ўйнатган,
Полвон ўғлонлар қани?
Нега маъюс, нега жимсан,
Сен онамсан, сен синглимсан,
Ким эдинг-у, энди кимсан,
Нодири давронлар қани?


Фарғона водийсида большевикларга қарши кураш ҳадди аълосига чиқиб, Мадаминбек қўмондонлигида армия бирин-кетин ғалабаларга эришаётганида Россиядаги "оқлар" қўмондони адмирал Александр Васильевич Колчак Фарғонага элчиларини юборади. Колчак Мадаминбекка Фарғонада катта фронт ташкил этишни таклиф этади.

Колчак,шунингдек, Мадаминбекка Подшоҳ армияси полковниги унвонини беради.

Эътиборлиси, адмирал Колчак ҳозирги Россиянинг байроғи - триколор остида шўроларга қарши курашган. Мантиқан, Колчак ҳозирги Россия Федерацияси аждоди. Ўзбеклар ва руслар ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик шу даврдан бошланади.Ўша вақтда Мадаминбекнинг штабида қирққа яқин рус зобитлари хизмат қилишган.Улар орасида энг машҳури, подшоҳ Николайнинг ўнг қўли, инфантерия (пиёда қўшинлари генерали) Л.Г.Корниловнинг туғишган укаси полковник Г.Л.Корниловдир. Полковник Корнилов Мадаминбекнинг ўлимигача унинг штабида хизмат қилади.

Мадаминбек ва бошқа қўрбошилар русларга қарши курашган, деган фикр тамоман асоссиздир.Сабаби, 1919 йил сентябрида Мадаминбек Ўш ва Жалолободдаги Рус крестянлар армияси билан ҳарбий иттифоқ тузади. Рус крестянлар армияси қўмондони генерал Муханов ва полковник Монстров эди. Кейинчалик, полковник Монстров Фарғона муваққат ҳукумати таркибига киритилиб, ҳарбий ишлар нозири этиб тайинланади.

Бироқ, Колчак ҳам, Мадаминбек ҳам шўролар томонидан ўлдирилади.Шу билан бу ҳарбий иттифоқлар ниҳоясига етади. Қўрбошилар ҳам, "оқлар" ҳам енгилади, шўроларнинг қўли баланд келади.


риб ололмайди. Бундан Худоёрхон ғазабга тушади. Айрим аъёнлар Шодмонхўжага туҳмат ва маломат тошларини отадилар. Асарда, жумладан шундай битикларни ўқиймиз: “Аммо Қосим мингбоши ниҳоят нодонлиғ ва ҳамоқатидан “Шодмонхўжа беғайрат ва номард одам экан, Тошканд қўшини билан ўрусни олмай ва Оқмасжидни фатҳ қилмай қайтмоғдан ортуғроқ номардлик иши бўлурму?! Мен агар лочин ва қарчиғайларни буюрсам, Русияни чанголлари билан кўтариб ташлаб, тамом қилур эдилар.” Шодмонхўжа, Саримсоқ додхоҳ ва Муҳаммадкарим шайхга аёллар кийимини кийдириб, хон ҳузурига саломга тўпланган жамоат қаршисида чарҳ йигиртириб сазойи қилдирилади.
Шодмонхўжанинг Россияга қарши кураши шу билан тугаб қолмайди. 1860 йил октябрида ҳозирги Олма Отадан 60 км ғарбдаги Узун Оғочдаги руслар билан муҳорабада у қўшиннинг 7000 кишилик илғорига (авангард) қўмондонлик қилади. Мазкур муҳорабада Қаноатшоҳ оталиқ ва Олимбек додхоҳ ўртасида қўшинга ким қўмондонлик қилиш борасида ихтилоф чиқади. Олимбек додхоҳ Қаноатшоҳга бўйсунишни истамай жангга киришни пайсалга солади. Натижада Қўқон қўшини енгилади.
1860 йил баҳорида Маллахон Шодмонхўжа мингбошини Балиқчи ҳокимлигидан олиб Туркистонга ҳоким этиб тайинлайди. Шодмонхўжа Туркистонга етиб бормасдан Оқмасжиддан рус қўшинлари йўлга чиққанини эшитади. У музокаралар учун Саййид Хўжа исмлик бир кишини юборади. Музокаралар якунлангач, руслар ортга қайтадилар. Маллахон эса Тошкент ҳокими Қаноатшоҳ оталиқнинг маслаҳатига кириб Дўстмуҳаммад қорақалпоқни Шодмонхўжа ўрнига Туркистонга ҳоким этиб тайинлайди. Шодмонхўжанинг ўзини Қўқонга чақириб олиб, Муҳаммад Юнусжон Тоййибнинг ёзишича: “тўпу тўфангларни топшириб, ноиб қилди.”

Кўп ўтмай русларнинг Янги Қўрғонни қамал қилганлари хабари Қўқонга етиб келади. Русларга қарши курашиш учун Маллахон Шодмонхўжани Қўқон артиллерияси ва Нормуҳаммад қушбеги, Баҳодурбек додхоҳ, Қурама ҳокими Ёқуббек Бадавлат қўмондонлигидаги сарбозларга бош қилиб, Янги Қўрғонга жўнатади. Қўқон қўшини Туркистонга етиб боргунича рус қўшини қалъани бузиб, ёндиришга улгуради. Янги Қўрғондаги одамлар эса соғу-саломат Туркистонга қўйиб юборилади.

Янги Қўрғондан қайтган Шодмонхўжани Маллахон Наманганга, Шоҳмуродбекнинг ўрнига ҳокимликка тайинлайди.
1863 йилда Маллахон ўлдирилади. Хонлик тахти учун курашлар авж олади. Марғилоннинг Ёрмозор қўрғонида Маллахоннинг ўсмир ўғли Султон Саййидхон унинг оталиғи Алиқули ёрдамида хон кўтарилади. Алиқулининг ўзи амирлашкар, Шодмонхўжа эса мингбоши бўлади. Лекин Бухоро амири Музаффар Худоёрхонни тахтга келтириш учун Қўқонга қўшин тортади. Амирлашкар Алиқули амир билан жанг қилмоқчи бўлади. Бироқ кекса ва оқил Шодмонхўжа мингбошини уни бундан қайтаради. Шодмонхўжа мингбоши айтади: “Амири Бухоро катта қўшин билан келган, шунча қўшинни боқишнинг ўзи бўлмайди. Бир муддат кутайлик, оч қолган қўшин ўз-ўзидан ортга қайтишга мажбур бўлади.” Алиқули амирлашкар бунга кўнади. Султон Саййидхон бошлиқ қўшин Ўзганд тоғларига чекинади. Орада бироз фурсат ўтади. Мингбошининг гаплари тўғри чиқади. Амир Музаффар катта қўшинни таъминлай олмайди. Бухоро қўшини талон-тарож билан шуғулланади. Амир қўшин билан Бухорога қайтишга мажбур бўлади. Шу тариқа Султон Саййидхон учун хонлик тахтига йўл очилади. Амалда ҳокимият Алиқули амирлашкарнинг қўлига ўтади. Алиқули амирлашкар сиёсий мақсадлар ортидан Шодмонхўжа мингбошини Тошкент ҳокими этиб тайинлайди. Аслида бу мингбошини Қўқондан узоқлаштириш эди. Бироқ кўп ўтмай, 1864 йил рамазон ойида Шодмонхўжа мингбоши Ўрдада шаҳид этилади. Шу тариқа муҳим тарихий вазият ва паллада давлатнинг корига ярайдиган киши саҳнадан олинади. Бу мудҳиш хато хонликнинг кейинги сиёсий ҳаётида яққол сезилади: Қўқон қўшини кетма-кет рус қўшинларига енгилади. Кейинчалик, хонлик тугатилиб, ўрнида Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил топади.

Ўша давр манбаларини таҳлил этадиган бўлсак, Қўқон хонлиги ва Россия империяси ўртасидаги курашда Шодмонхўжа мингбоши, Қаноатшоҳ оталиқ (Бухоро амири томонидан ўлдирилган) каби шахслар етишмаганлиги, охир-оқибат бу хонликнинг енгилишининг сабабларидан бири бўлганини англаймиз.


ШОДМОНХЎЖА МИНГБОШИ ПОРТРЕТИГА АЙРИМ ЧИЗГИЛАР

XIX асрнинг 60-йиллари нафақат Қўқон хонлиги, балки бутун Туркистон тақдирида ҳал қилувчи давр сифатида миллий тарихчилигимизда ўрин олган. Айнан шу вақтда Россия империяси Дашти Қипчоқнинг Оқ Масжид, Тўқмоқ ва Янги Қўрғон, шунингдек, Пишпак каби шаҳар-қалъаларни забт этиб , Қўқон хонлигига қарашли Авлиёота, Туркистон ва Чимкент ҳамда хонликда муҳим аҳамиятга эга Тошкентни олишга тайёргарлик кўрарди. Бу паллада хонликда вазият унчалик барқарор эмасди. Вазият, айниқса, Маллахон шаҳодат топганидан сўнг ҳадди аълосига етади. Ҳижрий 1278 йил, шаъбон ойининг 24 (ёки 25)да (1863 йил, июн) Маллахон фитначилар томонидан ўз ётоғида қатл этилади. Мақтулнинг жасади совумай эртасигаёқ Марғилон ҳокими, Саримсоқхоннинг ўғли Шоҳмуродбек хон кўтарилади. Мақоламиз қаҳрамони, умри жангу-жадаллар, тахт учун курашган хонзодалар хизматида оқарган Шодмонхўжа эса мингбоши бўлади. Аммо, Шоҳмуродбекнинг хонлик тахтига ўтириши собиқ хон Худоёрхоннинг кўплаб тарафдорларига маъқул келмайди. Ана шундай кишилардан бири, хонликда катта нуфузга эга бўлган марҳуми Маллахон оталиқ унвонини берган Қаноатшоҳ Худоёрхоннинг иккинчи марта тахтга келишини қўллаб-қувватлайди. Бухоро амири Музаффар ҳам Қўқон тахтига ўзига хайриҳоҳ кишининг ўтиришини истаганидан Худоёрхон номзоди унга маъқул келади.

Худоёрхон Тошкент аъёнлари билан тил бириктириб шаҳарни эгаллайди. Шаҳардаги ҳарбий кучларни қўшинига қўшиб олгач, хон деб эълон қилинади. Худоёрхонни қўллаб амир Музаффар катта қўшин билан Қўқонга юзланади. Ана шундай нозик шароитда амир қўшинларига қарши турган Қўқон аскари қўмондонларидан бири Шодмонхўжа мингбоши эди.

Манбаларда Шодмонхўжа мингбоши шахсияти тўғрисида узуқ-юлуқ маълумотлар учрайди. Бироқ, Муҳаммад Юнус Тоййиб қаламига мансуб “Тарихи Алиқули амирлашкар” асарида Шодмонхўжага бирмунча кенгроқ тўхталиб ўтилади. Мазкур асарда, асосан, амирлашкар Алиқули билан бевосита ва билвосита боғлиқ вазиятлар қаламга олинади.

Манбаларда Шодмонхўжа мингбошининг қачон туғилгани аниқ кўрсатилмаган. Аммо, унинг 1863 йил Тошкент ўрдасида ўлдирилгани, “Тарихи Алиқули амирлашкар” асарида бу вақтда у 67 ёшда экани қайд этилганини ҳисобга олсак Шодмонхўжа мингбоши 1796 йилда туғилган бўлиб чиқади. Таниқли олим Т.Бейсембиевнинг фикрига кўра у 1798 йилда туғилган. Шодмонхўжанинг Тошкентда туғилгани эътироф этилади. Айрим манбаларда унинг қирғиз хўжаларига мансуб бўлгани ҳам айтилади. Қўқон хони Шералихонга хизматлари мақбул келганидан 1844 йилда хон соқчилари бошлиғи маҳрамбошиликка тайинланади. Шу тариқа у аста-секин хизмат пиллапояларида кўтарилиб, 1848 йилда додхоҳ, 1853 йилда Тошкент, 1856-1857 йилларда Хўжанд, 1858-1860 йилларда эса Балиқчи, 1861 йилда Туркистон, 1861-1862 йилларда Наманган ва 1863 йили яна Тошкент ҳокими бўлади. 1857-1858 йилларда маълум муддат мингбоши мансабини эгаллайди.

Руслар Қўқон хонлиги ҳужум қилиб 1853 йилда Оқмасжидни фатҳ этадилар. Бу хабар Қўқонга бир ҳафта ўтиб етиб келади. Худоёрхон дарров Тошкент ва Қурама сарбозларидан қўшин тузиб, унга Шодмонхўжа мингбошини қўшинбоши, Кировчи ҳокими Саримсоқ додхоҳ ва Чуст ҳокими Муҳаммадкарим шайх понсодбошини унга ёрдамчи тайинлаб, Оқмасжидни руслардан қайтариб олиш учун юборади. Бироқ, бу миссия муваффақиятсиз якунланади. Қўшини мағлубиятга учрагани, ишонган саркардалари Оқмасжидни қайтариб ололмаганларидан ғазабга тушган Худоёрхон уларни сазойи қилдиради. Бу ҳақда Муҳаммад Юнус Тоййиб қуйидагича ёзади: “...Шодмонхўжа Тошканд қўшини ва тўпу-тўпхона билан Русия дафъи учун Оқмасжид тарафига отланиб борди. Ўрусия тарафидан бир мунча аскар чиқиб орада андак муҳориба воқеъ бўлиб, Шодмонхўжа қушбеги эски аскар хушмандлиги ва оқиллигидан билдиким, Русия аскари билан урушиб, обрўъ олиб бўлмайди. Ночор тадбир устидан бир хат чиқориб: “Менга хондан ўрус билан урушманг, мен ўзим импротури аъзам билан хизматларига элчи юбориб сўзлашурман, деган мазмунда иноятнома қилибдурлар”, деб айтди. Шу тадбир бирла урушни мавқуф қуюб, тўпхона ва асбобу анжом бирла саломат мурожаат қилди.” Шодмонхўжа замонавий Оврўпо қурол-яроғига эга рус қўшинларидан Оқмасжидни қайта


"Султон Жалолиддин Мангуберди" сериали сценарийсини ҳам турклар ёзяпти.

Бу, менимча, тўғри эмас.

Биринчидан, халқимизнинг миллий ўзига хослиги, урф-одатлари ва руҳиятини тўлиқ тушуниш, англаш лозим.

Иккинчидан, Хоразмшоҳлар ва султон Жалолиддин жанг санъати, ҳукумат идора усули бўйича энг кўп тадқиқотлар ўзимизда - кирилл ёзувида эълон қилинган. Аксарияти, таржима бўлмаган.

Учинчидан, миллий давлатчилигимизнинг ёрқин саҳифаларидан бири ҳолис ёритиладими?

Қолаверса, Жалолиддиннинг атрофидаги ҳар бир киши - вазир, ҳожиб, хон, амир, малик...Ҳар икки ҳарам ҳаёти, девон ишлари, ануштегинлар ҳарбий иқтидори ёритилмаса, уларнинг ўзига хос вазифалари кўрсатилмаса тўлақонли ва уникал тарих бўй бермайди.

Жалолиддинни Жалолиддин қилган шахслар - унинг дўстлари, Кузбор Малик, Ахос Малик, Темур Маликларни улар биз англаганчалик тушунадими?


Султон Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм ва сериал суратга олиш ишлари бошланганини биламиз. Кўпчилик сценарийлар ёзишда иштирок этганим-этмаганимга қизиқишади. Учрашувларга борсам шу ҳақда сўрашади. Norbek Niyozov ака билан суҳбатимиз ҳам эълон қилинган (https://uzanalytics.com/kitob/3568/).

Фильм ёки сериаллар сценарийларини ёзишда иштирок этмаганман. Романимга ҳам қизиқиш бўлмаган. Бу мавзуда киносценарийлар танлови эълон қилинган бўлганида, балки, омадимни синаб кўрган бўлардим. Бу танловлар қандай бўлган, кимлар иштирок этган, бунисидан хабарим йўқ.

28 сентябрда Тошкентда "Жалолиддин Мангуберди: ҳаёти ва уни фильмларда бадиий гавдалантириш масалалари" мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Унда Туркия, Озарбайжон, Эрон ва Ўзбекистондан олимлар, ижодкорлар ва кино олами вакиллари иштирок этишди. Конференцияда Меҳмет Бўздағга мени Жалолиддин Мангуберди ҳақида китоб ёзган ёзувчи деб таништиришгандан сўнг у дарҳол ёнимга келиб, ёнимда романим бор-йўқлигини сўради. Сумкамдан битта китобни олиб бердим. "Тўғриси, Жалолиддин ҳақида ўзбекларнинг романи борлигини билмаган эдим. Туркчага таржима қилдириб ўқиб чиқаман. Сиз билан, албатта, боғланаман, хожам" деди. Телефон номеримни, ижтимоий тармоқлардаги манзилимни олишди, яна бир тармоқдан профил очишимни, шу орқали алоқа қилиш осон бўлишини айтишди.

Романимни ўқиганлар билишади - унинг биринчи китоби нашр бўлган. Иккинчиси ёзилмоқда.

Ишончим комил, агар Жалолиддин ва унинг тарихи зўр сценарийга жой бўлса, дунё миқёсида киноасар бўлади. Фақат, манбалар синчиклаб ўрганилган бўлса бўлди. Жалолиддин Мангуберди биз дарсликларда ўқиб ўрганган шахс эмас, унданда юксак бир инсон. Ануштегинлар хонадони фожеаси елкасига қулаган, нафақат мўғуллар, балки халифа Носиридинулоҳ абул Аббос етовидаги мусулмон ҳукмдорларга қарши курашган султондир. Агар фильм сценарийси зўр ёзилган бўлса Оскар мукофотига даъвогар фильмлар узун рўйхатига кира оладиган (қирғиз режиссёри Содиқ Шер Ниёзнинг "Қурбонжон додхоҳ" фильми каби) киноасар бўлишига шубҳа қилмайман. Сабаби, бош қаҳрамон - Жалолиддин шахсияти дунё тарихида такрорланмайдиган феномен, унинг даври эса, ўзига хос тарих силсиласи. Фильм шундай ишланиши керакки, ундан кейин бошқа бу мавзуда фильм олиниши ҳақида гап-сўз бўлмаслиги лозим, худди "Титаник" фильмидек.

Голливуддагилар ҳали Султон Жалолиддин каби қаҳрамонларимизни билишмайди. Майли, улар билишсин - фильмдан кейин. Ва шундай бўлсинки, голливуддагилар ҳам қоқилган михни кўчиришга жазм қила олишмасин.


Zo‘r yozuvchilarning noshirlari ham bor! Yozuvchilik bizda hali professional darajaga chiqmadi. Yozish bu hobbi, aslo tirikchilik manbai emas. Yozuvchining imzosi, uslubi bo‘lishi lozim. Biz ishdan (tirikchilikdan) bo‘shab keyin yozamiz. Matn ustida professional ishlash ham yo‘q.


Forward from: QUR'ON VA SUNNAT
🏡 ОИЛА - АЪЗОЛАРГА ТАЪРИФ

👳‍♂ Ота...

🌴 Ундан пайдо бўлдингиз.
Сизнинг аслингиз.
Ризоси хотиржамлик, итоати сакинат, хизмати саодат, оқ қилиши шақоват - бадбахтликдир.
Уни рози қилиш Роббни рози қилиш йўлларидан бири.

🧕 Она...

🌹 Жаннатни унинг оёқлари остидан қидир.
Унинг дуоси боқий хазина.. Ризоси офатсиз бахт,
Бағрига бош қўйиш, роҳат, Хизмати бош устидаги тождир.
У фазилатларнинг энг буюги, саодатнинг калити.

🧔 Эр...

⚔ Уйнинг ҳимоячиси, ҳам камони ҳам ўқи, улфат қўрғони, муҳаббат дарёси, ҳузури бахт, йўқлиги машаққат.
Тонг у билан мунаввар, борлиги шараф, қайинлар, қариндош - уруғ ўрасида обрўдир.
Хонадон у билан обод, йўқ бўлса барбоддир.

🤱Аёл...

🌸 Сизга паноҳ, маскан.
Қуршаб олувчи бахт.
Беркитувчи сатр,
Ўз бағрига олувчи ин, Муаттар қилувчи атир, унга қараш билан ғамлар арийди.
Борлиги меҳр - муҳаббат... у сен, сен эса у - сан.

🙍‍♂ Ўғил...

🔍 Ўзингни кўрсатгувчи кўзгу, ўз аксинг!
Болалиги қувонч,
Йигитлиги фахр,
Белинг букилганда суянч, Қаҳр етганда мададдир.

👧 Қиз...

🌷 Тарбиясини гўзал қилсанг, дўзахдан қалқон.
Меҳри жозибали.
Фарзандлар ичида энг яқини, Сен учун энг куйинчаги.
Сенга нима кераклигини яхши билади.

👬 Ака - ука...
💪 Сенинг соянг! Душманларинг сенга зарар беришидан доим хавотир олади. Болалигингда энг яқин дўстинг! Улғайганда белинг қуввати!

🌷🌷Опа - сингил...

🍯 Насиҳати малҳам... Унга боғланиб (силаи раҳм) савоб қозонасан!
Эрининг олдида фахрисан. Ҳожатлари олдида мададкорсан!

📌 Қариндошлик алоқаларини асло узманг! Уни мустаҳкамланг! Фоний дунёда улар сабаб боқий бахтни қўлга киритинг!!!
© Умму Абдуллоҳ


Каналга обуна бўлиш!👇
https://telegram.me/joinchat/AAAAAELi2eXZ_DVZGVOsxQ


Ислом дини беш нарсани қаттиқ муҳофаза қилади: ақл, насл, жон, дин, мол. Шунинг учун Аллоҳ таоло ана шу беш нарсага тажовуз қилганларга дунёю охиратда қаттиқ жазо борлиги ҳақида ҳам огоҳлантириб: "Зинога яқинлашманглар. Чунки бу бузуқлик ва энг ёмон йўлдир" (Исро сураси, 32-оят), деб буюради.


Ижодкор шахсияти

1

Ҳар қанча ғалати туюлмасин, ижодкор шахсиятида бир неча касблар уйғунлашиши талаб этилади. Ёзувчи ўзи тасвирлаётган касб эгаси, унинг соҳаси, дунёқараши, фикрлаши, ишлаш тартиби ва шунга ўхшаш нарсаларни билиши талаб этилади. Бусиз асар сохта ёки ишончсиз чиқиши аниқ. Масалан, айтайлик, ядро физикаси билан шуғулланадиган олим ҳақида асар ёзмоқчисиз. Олимни одам сифатида тасвирлаш алоҳида масала, унинг олимлигини кўрсатиш эса, яна бир муҳим масала. Қаҳрамоннинг "ядрочи" олим эканини бир абзацда бериб кетиш мумкин. Уч-тўрт қатор гапдаги маълумот учун қанчадан-қанча манбаларни кўриш, ядрочи физикларнинг иш тартиби, қўллайдиган илмий атамаларини билиш талаб этилади. Буни қуйидагича тасвирлаб кўрайлик: "У мубҳам ўй-хаёллар ичида лабораторияга кирди, радиометрни олиб реактор жойлашган хонага юраркан, ярим емирилиш даврини қандай камайтиришни билмасди..." Ёзувчи радиометр, реактор, ярим емирилиш даври каби физик атамаларни билиши учун, ҳеч бўлмаса, дарсликларни титкилаши керак.

Ҳатто, оддий касб эгалари, айтайлик, қассоб, новвой, усталарнинг ўзига хос атамаларини билиш ва қўллаш асарнинг анча ишончли эканини таъминлайди.

Тарихий мавзуларда эса ёзувчининг иши жуда мураккаб. Манбаларни ўрганмай қаҳрамонлар қандай кийиниши, ҳар бир кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш нарсаларнинг номини билмай асар ёзилса баргсиз дарахт ёки либоссиз танага ўхшаб қолади.

Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар", Ойбекнинг "Навоий" ёки Одил Ёқубовнинг "Улуғбек ҳазинаси" асарларида номлари келтирилган либослар, бино безаклари номини бир эсланг. Улуғ ёзувчиларимиз қаҳрамонни гавдалантиришдан аввал ўша давр маданияти ва санъатини, урф-одатларини пухта ўрганишган. Фундаментал тадқиқ этилмай ёзилган тарихий асарларда бу кемтик кўриниб қолади.

20 last posts shown.

149

subscribers
Channel statistics