Оташ ишқим билан сизни доғласам,
Севиш айбмидики, ўзни оқласам?!
Нима бўпти энди сизга ёқмасам,
Ўзимга ўргатиб оламан сизни!
Юрагим тор эмас, феълим роса кенг,
Нима қилай севсам кўзларингизни?
Бардошим ҳам ер-у самоларга тенг,
Ўзимга ўргатиб оламан сизни!
Кўнгил бошқа, ҳавас, ишқ бошқа деманг,
Aмаллайман сира ғамимни еманг,
Яна ўзингизни йўқотиб қўйманг,
Ўзимга ўргатиб оламан сизни!
Маёқман, зиёман йўлларингизда,
Ёмғирман саҳро-ю чўлларингизда,
Жоним эриса ҳам қўлларингизда,
Ўзимга ўргатиб оламан сизни!
Кўзимга ўргатиб оламан сизни,
Сўзимга ўргатиб оламан сизни,
Худойим ёрлақаб бир кун барибир,
Ишқимга ўргатиб оламан сизни!
Ҳар куни йўқлайман - унутолмайсиз,
Қуёши бўламан кунларингизни.
Ишқимдан қочиб ҳам қутулолмайсиз,
Ўзимга ўргатиб оламан сизни!
✨
𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | ‧•‧꯭❥꯭⃝•꦳ꦿ꙰꯭🌸꦳꯭ꦿ꙰꯭❤️꯭𝗝꯭ᬁ꯭𝐈ᬁ꯭𝐍꯭ᬁ꯭𝐈ᬁ꯭𝐋꯭ᬁ꯭𝐀꯭ᬁ꯭𝐑꯫꯭❤️꯭꯫꯭𝐌꯭𝐀꯭𝐊꯭𝐎꯭𝐍꯭𝐈꯭❤️꦳꯭ꦿ꯭꙰🌸꯭•꦳ꦿ꙰꯭‧꯭❥꯭⃝•꯭