Guljamol Asqarova


Channel's geo and language: not specified, not specified
Category: not specified


Sizning borligingiz naqadar yaxshi,
Dunyoda borligi kabi XUDONING!

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
not specified, not specified
Category
not specified
Statistics
Posts filter


Онам алласи (таскини)

Дунё бойга зўр болам,
Эй манглайи шўр болам,
Кимлар чалиб йиқитди,
Тур, ўрнингдан тур болам.

Йўқламай қўйдиларми,
Кимлар бор, нонкўр болам.
Бўлди энди куйинма,
Одамга ғамхўр болам.

Ким шаддоду, ким шаккок,
Сен ҳам ғўр ҳам ўр болам.
Дунёнинг тўрт томони,
Қопқон, қармоқ, тўр болам.

Тақдирнинг қўшиғига,
Бўлгил энди жўр болам.
Руҳингдаги исённинг,
Бошига бир ур болам.

Савол берма Худога,
Бу дунё ур-сур болам.
Аҳволимга қарада,
Аҳволингни кўр болам.

Сен боғ ярат, гулзор туз,
Эй ҳар сатри дур болам.
Ёмонлар ўз-ўзига,
Қазиб ётар гўр болам.

Булутлар кетди, кетдик,
Юр, уфққа юр болам.
Оҳим етди, кўряпман,
Бош устингда нур болам.

Уйғон энди тур болам....

14.01.2018 й

@Guljamol_Asqarova


Ўтяпмиз...

Меҳрингдан бебаҳра баҳорлар ўтмоқда,
Ўтмоқда васлингдан узоқ йилларим.
Оҳорсиз лаҳзалар мени ютмоқда,
Кўксимда жим сўлмоқда гулларим!

Чора бормидир айт чорасизликка,
Начора, жим, интиқ қолди зорларим.
Ҳеч раҳминг келмади жуфт қарочиққа,
Менам ҳеч пойингга бормадим!

Эссиз,ўтиб бормоқдадир гўзал баҳорлар,
На ҳайрат, на севги... Жим, юраклар жим!
Баҳорлар, умрлар, эмас дунёдан,
Мен ўтиб боряпман азизим,
Сен ўтиб боряпсан азизим!!!

Уйғон!!!

2018 й

@Guljamol_Asqarova


Тушун!

Руҳимнинг энг хилватларини,
Куздай маюс сувратларини,
Ёлғон дунё талъатларини
Кўргим келмаяпти, Художон!

Бузилганин китоблар тархи,
Чархлаганин бу чархнинг чархи,
Нимага тенг қадримнинг нархи,
Билгим келмаяпти, Художон!

Парим куйди васлига учиб,
Маюс қолдим шамларим ўчиб,
Ўтирибман тиззамни қучиб,
Тургим келмаяпти, Художон!

Руҳим кўнмас, пандга, даъватга,
Ким чорлади кўҳна равотга,
Дўззахга тушгим йўқ, жаннатга
киргим келмаяпти, Художон!

Жонми, танми, сен ўзинг берган,
Кўкка чорла, эй Олий Мерган,
Ерда яшаб, ўзимни ерга
ургим келмаяпти, Художон!!!

@Guljamol_Asqarova


ОНАМ СУВРАТИ

Сен болам, деб қариб боряпсан,
Рангларинг сарғайиб боряпсан.
Қишлоқнинг тош, чағир йўлида,
Бир музтар бир ғариб боряпсан.

Балки мен чўктирдим елкаларингни,
Юрагинг осмондай улканми?
Ғамларнинг шамоли тўзғитди,
Сендай тик, сендай оқ елканни.

Эй менинг ордан ҳам орлигим,
Ўзимнинг ўзимга дорлигим.
Тоабад ичимни тирнайди,
Шамоллар ичида борлигим.

2008-йил

@Guljamol_Asqarova


#Муҳлис_минбари
#Мактуб

Ассалому алайкум дунёнинг бор яратиқларининг гоҳ адолатли гоҳ ноҳақ ҳукмлари ичида бардам битиклари билан юрагимни ердан олиб кўкка узатаётган опажоним!
Қадрдонимга айланиб қолган мисраларингизнинг оғушида сиз билан дийдорни соғинаман. Гулжамол Асқарова-дилимга, тилимга, бутун вужудимга сингган исм, сўзлари билан ҳаёлларимни ўзига боғлаган сиймо!
Кўп бора ёнингизга ошиқдим аммо Қўшработнинг бир четида ҳаётига ва ҳаёлларига ўралиб қолган қиз буни уддасидан чиқа олмади. Каттақўрғон ўзиданда катта соғинчимни яна мен билан қолдирди, азм Тошкентнинг тош йўлаклари менга бегоналик қилгандек ўзига чорламади. Ва шу ўринда мени сизга бироз бўлса-да яқинлаштирган ва ғойибона дийдор ато этаётган канал админидан миннатдорман.
Бир куни (содда қизманда) туман марказидаги бозордан қайта туриб сумкамни йўқотиб роса йиғладим. Дугонамнинг овутишига қарамай барибир таскин топмас эдим. У қаердан билсин йўқотганларим ичида жонимнинг бир бўлагига айланиб қолган “Эркалик имтиёзи” китобингиз бор эди…
-Энди бу китобни қаердан топаман ўзи зўрға топган эдим-деб турганимда ортимизда такси кутиб турган йигит
-Гулжамол Асқаровани шеърларини ёқтирасизми?-деб сўраб қолди. Очиғини айтаман, шу дамда кўнглимга ҳеч нарса сиғмагани сабабми унга индамадим. Шунда бу нотаниш йигит дугонамга бир китоб бердида “Телеграмда Гулжамол Асқаровани канали бор” деб китоб муқовасининг ич тарафига нимадир ёзиб берди. Дугонам менга узатганида не кўз билан кўрайки сизнинг “Ошиқлар тумори” китобингиз эди. Орадан анча вақт ўтиб телеграм каналингизга имкон топиб кирдим ва менга янги олам очилгандек бўлди. Канал админига қарасам менга сизнинг китобингизни қолдирган йигит экан. Ўша куни бу йигитга миннаддорлик билдиришга улгурмаган эдим. Чин дилдан қилинган ният амалга ошади дейишади.
Гулжамол опа,
Ҳурлигу хўрлик надир?
Эрксиз ҳар онингни юв!
Эрк аталмиш чашмада
Чашми гирёнингни юв!
Каби ундовларингиз билан мен тетиклашаман, неки ғам бўлсин, неки алам бўлсин барчасини сиздаги дадиллик каби мардона енгишга урунаман, Самарқанддан хатлар ўрнига узун-узун дардлар келганда сиз билан бирга йиғлагим келади.
Опажон,
Сиз билан дийдорни Яратгандан тинмай сўрайман. Ниятим ижобатини кутаман. Сиз эса ўзингизни доим асранг!
Ҳурмат ва эҳтиром билан,
Моҳигул.

Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани

https://t.me/Guljamol_Asqarova


* * *
«Мен билгандим ўша чоғдаёқ,
Тор эканин замин биз учун»

Анна Ахматова

Бормоқ учун йўл топмадим ҳеч,
Йўл топмадим унутмоқ учун.
Мен йиғласам дейсан жилмайиб:
«Жоним, ахир унутмоқ нечун»???

Унутишни билсайдим кошки,
Билсам эди кечмоқ илмини.
Ўтказмасдим жон жаҳонимдан,
Кўзларингни чексиз зулмини.

Хаёлимда сенинг кўзларинг,
Ҳисларимни алдаётгандек.
Шу кунгача бир-биримизни,
Севаман деб алдаётгандик.

Мен ҳар куни тонгни жим кутиб,
Кузатаман бағри хун тунни.
Сўнг ўйлайман: ким ечар билмам,
Икковимиз туккан тугунни.

Мен-ку икки қайиқни тутиб,
Оввораман, Сен эса беғам.
Борай десам йўлларим ёнган,
Имконим йўқ унутай десам.

Бир кун Тангрим кўклардан боқиб,
Деса агар: Бормадинг нечун?
Мен айтаман: Художон ахир,
Йўл бермадинг бормоғим учун.

2007 йил

@Guljamol_Asqarova

https://t.me/Guljamol_Asqarova


***
Қачон сизни севмадим, қачон соғинмади дил,
Қачон чашмингизга мен абрў найсондек тўлдим.
Садолар бермагайсиз, чорлаб соғинмагайсиз,
Ўзим яратган ишқнинг ўзим садоси бўлдим.

Келар манзилингиз дил, кетмоққа изн йўқдир,
Дилдан кетиб дилдорга етмоққа изн йўқдир.
О, нечун қалбингизда япроқча изим йўқдир,
Ўзим яратган ишқнинг ўзим адоси бўлдим.

Сизни кўрдим. Оловни кўрган парвонадайман,
Азал девона эдим, баттар девонадайман,
Жону кўнглим боғлиқ-ку, нега бегонадайман,
Ўзим яратган ишқнинг ўзим хатоси бўлдим.

Сиздан тиландим бунча, кўзингиздан ҳайдангиз,
Хокдан-да хор хазонман, кузингиздан ҳайдангиз,
Изингиздан ҳайдаманг… ўзингиздан ҳайдангиз,
Ўзим яратган ишқнинг ўзим гадоси бўлдим,

Ўзим хатоси бўлдим,
Ўзим адоси бўлдим,
Ўзим фидоси бўлдим.

1998 йил

https://t.me/Guljamol_Asqarova


МАШРАБОНА

Телба-телба изладим, гирён-гирён изладим,
Ўзим танда турдиму, руҳим ҳар ён изладим,
Бирор бандаси билмас, айтсин, қачон изладим,
Икки дунёларимни битта қилгувчи борми?

Бор борлиғим ишқ маним, яна сароблиғим ишқ,
Ҳар зарра тупроғиму томчи ҳар облиғим ишқ,
Ободлиғим ишқ маним, хору хароблиғим ишқ,
Маним гулдай бағримни гулда тилгувчи борми?

Кўзларим қамашдилар ишқи зиёларинда,
Дардимча сир яширин майса-гиёларинда,
Минг сирни билиб турган ўшал дунёларинда
Маним битта кўнглимни битта билгувчи борми?

Бу руҳи равоним-ла равоққа сиғмагайман,
Манга қиё боқмангиз, қароққа сиғмагайман,
Фироққа ташламангиз, фироққа сиғмагайман,
Висолимга етгувчи, ман деб ўлгувчи борми?

Баҳорга боролмасман, кузимга келолмасман,
Тўзғиб ҳам кетолмасман, тўзимга келолмасман,
Ҳуш-беҳуш айламуш ишқ, ўзимга келолмасман
Ёрни, ишқни, ўзимни битта қилгувчи борми?
Кўнглим билгувчи борми, мен деб ўлгувчи борми?
Икки дунёларимни битта қилгувчи борми?...

1998 йил

https://t.me/Guljamol_Asqarova


#Админга_мурожаат

Ҳурматли менинг ижодий телеграм каналимнинг фидойи админлари! Зулфияхоним "ўғирламанг қаламим бир кун" деб ёзганда жуда ҳақ бўлган эканлар. Ҳай қаламингизни ўғирлашса бошқа қалам оларсиз, лекин шеърларингизни ўғирлашсачи?
Менга хабар беришларича (биласизку мен фесбук-мейсбук ва бошқа тармоқларга танда қўйиб олмаганман) кимдир (?) мени шу 2 та шеъримни каша-маша қилиб ўзини номидан берганмиш, бошқа шеърларимниям шу куйга солаётган эмиш. Устозим "май-чуйдага қўлимни теккизиб кир қилмасман" деганларидек унақалар билан пачакилашиб ўтиришга вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ. Мени билган соф одамлар, шеърларим ҳабиблари сатрларим ва руҳиятимни яхши танийдилар албатта. Лекин муносабатлар янада теран бўлиши учун бундан 20 йил олдин ёзилган шу 2 шеъримни каналга жойлаб қўйсангиз янада яхши бўлар эди. Олдиндан раҳмат! Саломат бўлгайсиз!

"Guljamol_Asqarova


#Оқибат

Гулжамол Асқарова бошчилигида "Дугоналар" журнали жамоаси муҳтарам Президентимиз 9 май Хотира ва қадрлаш куни байрамидаги нутқида алоҳида урғу берган Зангиота туманидаги Зулфия ая Зокирова хонадонида меҳмон бўлишди. Зулфия ая хонадонидан 5 ўғли 1941 йил урушга кетиб қайтиб келмаган. Лекин Зулфия ая ва 4 келини садоқат билан яшаб ўтган. Журнал жамоаси бу улуғ хонадонда Зулфия аянинг набира келинлари билан суҳбат қилишди.

@Guljamol_Asqarova


#руҳият

Бирдан эмас, дафьатан эмас, секин-секин тарк этдинг, ташлаб кетдинг аста-аста. Оҳиста-оҳиста узоқлашдинг мендан...
Энди туриб-туриб хўрлигим келади, аламим келади эслаб-эслаб, ўйлаб-ўйлаб йиғлагим келади..
Cен вергуллар қўяверасан, менинг эса сен кутмаган бир дамда нўқта қўйгим келар барига, секин-секин эмас, ДАФЪАТАН!

@Guljamol_Asqarova


МАНГУЛИК ДАРАХТИ

Сен шоирсан! Барча кулфат сеникидур.
Витезслав Незвал

Ҳалима Худойбердиевага бағишлайман

«Мени асрагувчи дил топиларми?»

Кўзимдан кўнглимга ўтиб борасиз,
Кўнгил берган сари... кетиб борасиз.
Биз дил сафарига бирга чиққандик,
Энди қандоқ менсиз етиб борасиз?
* * *
«Паноҳ керак қошу кўздек бир паноҳ»

Ўзни севдирмоққа урингим келмас,
Оёқлар остида сурингим келмас.
Ишқингизда фақат руҳим қолмишдур,
Кўргим келади-ю, кўрингим келмас.
* * *
«Маҳшар куни бир-бирини топар ошиқлар»

Азобингиз озурда дил яросидур,
Васл умри қошу киприк оросидур.
Кўзингизга қаро тупроқ тўлса, билинг,
Ўша менинг кўзларимнинг қаросидур.

* * *
«Ерда мендек гуррос солиб йиғлар дарё йўқ»

Аллоҳ берса, ўларда ҳам бу ишқнинг ҳеч малоли йўқ,
Ким айтади, ибтидонинг интиҳодек заволи йўқ.
Дунёсинда тўлиб-тошиб асов сувлар оқиб ётир,
Бу дарёлар орасинда кўз ёшимдек ҳалоли йўқ.

* * *
«Ҳаққос. Рост. Мен дарахтман чоғи»

Жим турса ҳам, тиғи тилмай, ганжи тилган халқ,
Яроғинмас, байроғини санчи билган халқ.
Дарахтимсан! Қуриб қолма, ҳеч ҳам ўксима,
Илдизидан баргигача ранжитилган халқ.

* * *
«Асрамоқни ҳамон билмайсан»

Кузнинг келарини боққа айтмасман,
Ўзи англагайдур, Ҳаққа айтмасман.
Халқ гарчи қудратдир, бироқ қодирмас,
Ҳаққа айтаримни, Халққа айтмасман.

* * *
«Ёрдин олдин жон чиқарин ёрга айтингиз»

Ишқни кўзингизда сифот этдингиз,
Мени ўзингизда исбот этдингиз.
Англолмай карахтман, қайга бош урай,
Обод этдингизми, барбод этдингиз?

* * *
«Бизни ёри азиз унутгандайлар»

Бир васлсиз ишққа ҳамон қурбонман,
Азал қурбон эдим, мудом қурбонман.
Икки дунёсида дийдор бермагай,
Тоабад қурбонман, тамом қурбонман...

1998 йил

@Guljamol_Asqarova

https://t.me/Guljamol_Asqarova


#Доимо_ёдимиздасиз

МАНГУЛИК ДАРАХТИ

Ҳалима Худойбердиевага бағишлайман

@Guljamol_Asqarova


#Админга_мурожаат

Ҳурматли ижодий телеграм канал юритувчилари! Жонкуярларим, азизларим!
17 май Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг туғилган куни. Авваллари устознинг дийдорини, ўзини зиёрат қилардик, энди...қабрини зиёрат қилдик...Дунёнинг у боши билан бу боши шу бўлса керак. Ўзлари каби сокин ва вазминлик руҳига чўмган қабристонда дарахтлар сояси, гуллар қуршовида ором оляпти устозим! Ва ҳар лаҳза менинг руҳимда, қалбимда, сўзларимда жаранглаб турибди устозимнинг ёди. Руҳлари шод бўлсин!
20 йил олдин, кўплар устозимдан ҳол сўрамай қўйган даврларда мен туркум тўртликларимни, бир китобимни уларга бағишлагандим. Ҳалима опам жуда хурсанд бўлгандилар. Имкон бўлса ўша туркумни каналга қўйсангиз ғоятда мамнун бўлар эдим. Оллоҳ Сиздан рози бўлсин! Эҳтиром ила Гулжамол опангиз.

@Guljamol_Asqarova


#интизорлик_бекати

Муҳлислар бу қўшиқ қачон битаркин деб сўрашаяпди. Дўстимиз Дилмуродда эса доим жавоб тайёр
-Ҳақиқий санъат асари бироз вақт талаб қилади!
Биз мана шу вақтни ортидан қолмай бораверамиз ва Дилмуроддан бу ва бошқа ижроларни кутиб қоламиз!

@Guljamol_Asqarova


#муҳлис_минбари


Мен сизга адашиб меҳр қӯйибман,
Шу меҳримни балиқлар еса бӯларди.
Шамолларга берсам ӯйнаб куларди.
Мен сизга адашиб меҳр қӯйибман...

Портрет очерки

Ҳамма нарса майда зарралардан пайдо бӯлади. Нимаики бӯлмасин. У сӯзлаганда кӯзлари юлдузлардай ёниб туради. Юлдузлар. Майда-майда дардлар, изтироблардан иборат юлдузлар.
Шаҳарда неча йиллардан буён яшаётганига қарамай, юз-кӯзида қишлоққа хос самимият, тӯпорилик, дангаллик акс этиб туради. Кучли ирода, ички қувватни хис қиламан унинг нигоҳида. Яна шуни сезаманки, шунча мухташам кӯринган матонат ортида ҳам аёлга хос нафислик, ожизлик, меҳр-муҳаббатга ошиқлик уфуриб туради. Ҳамма нарса етарли, аммо нимадир етишмаётгандай туюлади. Майда гапларни инкор қилади. Мухими…мухими эркинлик бор. У билан суҳбат қурган одам яна суҳбатига талпинади. Самарқанд деганда Гулжамол, Гулжамол деганда Самарқанд кӯз олдимда жонланади.
" - Мен Оқдарё ва Қорадарё ӯртасида ӯсганман. " - дейди у. Ҳа, эҳтимол шунинг таъсиридир. Гарчи ҳаммамиз ҳам оқлар ва қоралар ичида яшаётган бӯлсак-да, у қоралар ва оқлар ичида мағрур яшаяпти...
Дунё ташвиши елкасидан ирғиб ташлаган нурга ташна бир қалбки тоғдек баланд. Виқор бор Ҳалима опанинг руҳини ҳис этасиз унда. Ҳа шогирди-да ўхшайди, деманг. Ҳамма муридларга ҳам насиб этмас бу. Майда икир-чикрларга парво қилмайди. Биласизми, жасорат қандай? Тоғни талқон қилишни мардлик дея ваз ўқиётган кезингизда у шу нозик жуссасида буюк ДАРДни парчалайди. Бу ғам асло дийдиё эмас. У назарга илмайди бу Машрабдан қолган дунёйи дунни. Ошириб юбординг деманг. Ўзининг таъбири билан айтганда "маърифатли ғийбати"га қўшилснагиз кам ёзибсан дея иддао қилишингиз аниқ. Яшашни ўрганиш керак ундан, гулдек яшнашни ўрганиш керак.

Қандоқ йиғламайин ахир, азизим,
Кӯзга ёш келганда кулиб бӯлмайди.
Юрагимда битта қабр кӯпайди.
Қандоқ йиғламайин ахир, азизим...

Мен сизга адашиб меҳр қӯйибман...

✍️Шоҳиста Шаҳобова ҳамда Юлдуз Ўрмонова

@Guljamol_Asqarova

https://t.me/Guljamol_Asqarova


***
Кўп меҳр кўргаздинг, минг бора раҳмат,
Айрилиқларга ҳам ўзинг қўйдинг чек.
Лекин, шу кунларда Сен томонлардан,
Миннат овозлари келаётгандек...

Шундоқ ҳам елкамни ёмон эздилар,
Қарздорлик ҳисси, ғам шиддатлари.
Кўзимни очмоққа қўймайди ҳечам,
Ҳаёт миннатлари, ишқ миннатлари...

Беминнат бир севги истаётирман,
Ҳимматли бир ҳабиб изларман ҳар дам.
Бир юрак бўлсайди куз каби сахий,
Севгисидан сармаст юрсанг хотиржам.

Азизим, кимим бор ўзингдан бошқа,
Лабларинг руҳимга жим шивирлади.
Миллион йил ўтса ҳам келиб турсинлар,
Меҳринг овозлари, ишқ шивирлари...
2010 йил

@Guljamol_Asqarova


Ё бу ҳам камми?

Мени ўчирдингиз оқ руйхатлардан,
Экранлардан эса маюс чеҳрамни.
Энди қутилдимми сиз калхатлардан,
Ё бу ҳам камми?

Жонингиз тинчирми ғорга яшринсам,
Ўчирсам руҳимда ёнган ҳар шамни.
Кўнглингиз тўларми сув каби тинсам,
Ё бу ҳам камми?

Тинчийсизми кирсам ернинг остига,
Бошимга рўмолдек ёпинсам ғамни,
Тугаб боряпман-ку нурнинг қастида,
Ё бу ҳам камми?

Ҳеч хавотир олманг, хотиржам бўлинг,
Ва парчалаб ташланг синган одамни.
Дунёга бир кебсиз...бахтларга тўлинг,
Ё бу ҳам камми?

@Guljamol_Asqarova


КЕЧИР

Тузинг ҳаққи, мени кечиргил.

Ҳалима Худойбердиева

Хайр, агар кўришолмасак,
Азоблардан толиқди бу дил.
Нон насиба, дийдоринг ҳаққи,
«Тузинг ҳаққи, мени кечиргил».

Ҳечам хушнуд этмадим сени.
Мудом ғамлар, қайғулар бердим.
Сенга боллар бераман, дея,
Кечир, мудом оғулар бердим.

Ўтган тунлар ҳурмати кечир,
Кечир лаззат, оғриқлар учун.
Мен – қошингдан ҳайдалган одам,
Айт пойингга бормайин нечун?

Ҳаёт топдим ахир исмингдан,
Чап кўксимда чақинлар чақди.
Сенга қаттиқ азоблар бердим,
Жуда қаттиқ севганим ҳаққи...
2009 йил

@Guljamol_Asqarova


ИККИ ОДАМ

Ҳол сўрмадим Сендан ботиниб,
Сўрай десам, афсус, энди кеч.
Ё раб, икки шафқатли одам,
Бир-бирига шафқат қилмас ҳеч.

Сени сўраб олгандим асли,
Худойимга ҳадсиз ёлвориб.
Юрагини йўқотган касдек,
Ўтирибман ғарибдан ғариб.

Мен туккандим қўлларим қурсин,
Тангрим энди бу тугунни еч.
Йўқса икки шафқатли одам,
Бир-бирига шафқат қилмас ҳеч.

2009 йил

@Guljamol_Asqarova

20 last posts shown.

374

subscribers
Channel statistics