Илк қадаҳ қуйқа бўлур, илк қадам расо эрмас,
Кўнгил бир оғриб олмай, ёноқларга сел келмас,
Худодан хабар олмай, Худо ҳам хабар олмас,
Не истаса етгайдир — етгиси келгандан сўнг.
Қорлар кураб беҳуда, сустхотинни ҳам алдаб,
Бу дастурхондан туз еб, ўзгани дуо айлаб,
Бул хомталаш очуннинг бекорга бахтин бойлаб,
Денгиз ҳам кетар экан, кетгиси келгандан сўнг.
Ҳулкари пешин бўлган, шамоли қайтиб келган,
Қайтмайдиган авлоднинг санамлари йиқилган,
Билиб, кулиб турарлар, кўксини симоб тилган,
Ёлин ҳам тутолмайсан, кетгиси келгандан сўнг.
Сув босиши шарт эмас, шарт эмасдир довуллар,
Шум кўргулик энг аввал юракларда увуллар,
Ўз-ўзидан бўшалиб кетавераркан қуллар,
Саҳро ҳам юта олар, ютгиси келгандан сўнг.
Бу қонга асрларнинг кири кетди қоришиб,
Ўзи суяб қолмаса тўхтамайди нурашим,
Хоҳ Қуръонни куйдир, хоҳ масжид қур пойгалашиб,
Ортига қайтмас қуёш – ботгиси келгандан сўнг.
Не асрки мушк-атир сепиб алдаб турибди,
Асл бўйини сезиб – кўнглим ўйнаб турибди,
Бир қултум тоза ҳаво сўраб, йиғлаб турибди,
Олмасанг ҳам сотарлар – сотгиси келгандан сўнг.
Илк жомни кўрган эдим, ютган эдим бир ҳовуч,
Илк қадамларин кўриб, кўзимдан сизган севинч,
Қўй, кўнглимга беҳуда ташлама ёлғон овунч,
Тил ҳам тойиб кетади – айтгиси келгандан сўнг.
Не истаса етгайдир — етгиси келгандан сўнг.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_Salom