Шу кунларнинг мавзуси ҳақида.
Гапирмай десам, қўйишмаяпти, нимага жимсан, демак, ҳамфикрсан деб.
Асло йўқ!
Ҳар кимнинг танаси, жинсий ҳаёти – шахсий ҳудуди. Агар Алимжонов "қизлар бу масалани ўзи ҳал қилиши керак" деганида ҳам икки бошловчининг реакциясини тушуниш мумкин эди. Бироқ бокира қизларни "лузер"га, "иккинчи навли"га чиқариш худдики зўрлик оқибатида ё севиб-алданиб бокираликдан айрилган қизларни фоҳишага чиқариш билан тенгдир. Бу гаплардан аёллар ҳуқуқи учун курашаётганларнинг қаттиқ жаҳли чиқиши керак. Бокира қизлар Алимжоновни судга берса арзийди шу гаплари учун.
Алимжонов аёл кишига жинсий объект сифатида қараб сексист гаплар айтди. "Мени Алимжонов ўпган деб мақтаниб юрасан" деган гаплари эса ўтакетган манманлик.
Албатта, сўз эркинлиги – тамал ҳуқуқлардан. Конституция ҳам уларни ҳимоялайди. 33-моддада "Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга." дейилган. Бироқ модданинг давомида "
ижтимоий ахлоқ"қа зид ахборотлар чекланиши ҳақида ҳам гап боради.
"Ижтимоий ахлоқ" нима? Қонунларда бунга ҳозирча аниқ таъриф берилмаган. Аммо қайсидир қатламни камситувчи ҳар қандай ахборот ва маълумот ижтимоий ахлоққа зид. Бировни камситмаслик, танловиларини ва табиий ҳолатини ҳурмат қилиш – умуминсоний қадрият.
Бугун жамоатчилик фикрининг жунбишга келгани сабаби ҳам шу – либералдир, муҳофазакордир, феминистдир, гендерчидир – ҳар кимга тегди, ҳар томондан эътироз бўляпти.
Бу тажриба "Парда подкаст" учун балки керак эди. Ҳар ҳолда, энди суҳбатдош танлашда ҳушёр бўлишади, ҳар мавзунинг ўз мутахассисига мурожаат қилишади деб умид қиламан. Аёллар ҳуқуқи, алданган ё зўрланган қизлар йўналишида аниқ кейслар билан ишлаган мутахассис бўлса керак, ҳар ҳолда.
@shahnozxon