Ёмон ва жуда ёмон йўллар кўпайиб бораётган авариялар омили ҳам
Ҳайит айёми арафасида мамлакатимизда жуда кўп йўл-транспорт ҳодисалари юз берди. Афсуски, қурбонлар ҳам кўп бўлди.
Байрам сабаб қишлоққа бориб қайтишда ҳам йўл бўйи юз берган турли майда аварияларга ҳам дуч келдим.
Албатта йўлда ҳайдовчиларнинг қоидаларни қўпол равишда бузишлари, ўзаро ҳурматнинг йўқлиги ва қоидаларни менсимаслик ўз ўрнига эга. Лекин ҳуддуларни боғлаб турадиган жуда кўп йўлларимизнинг дабдала аҳволда экани омилини ҳам айтиб ўтмаса бўлмайди.
Кейинги кунлардаги фожеавий йўл ҳодисаларда йўлнинг қарама қарши томонига чиқиб кетиш орқали юз бераётган авариялар кўплиги эътиборимни тортди. Кўпинча йўлнинг қарама-қарши томонига чуқурдан, ямадан, ҳандақдан қочиб ҳам чиқиб кетилади. Онгли ва онгсиз равишда.
Фарғона вилоятидан ўтиб, Андижон вилоятига кириш билан
Бўстон (Бўз) тумани бошланади. Билмадим, 8 йил бўлдими ё 10 йил, бу ҳудудда таъмирлаш ҳалигача тўлиқ тугамаган. Автомашиналар токи Шаҳрихон туманига етгунча бир неча ҳудудда бир томонлама тор йўлакдан ҳаракатланишга мажбур. Табиийки, бунда автомашиналарнинг қарама-қарши томонга чиқиб кетиш кўп учрайди.
Шаҳрихон тумани ҳудудида ҳам таъмирлаш бошланган. Андижонга қараб кетиш қисмида йўл жуда ҳароб, ҳандақларга айланиб кетган ямалардан қочиб қутулишнинг иложи йўқ, бунда қандай авариявий вазият яратилишини ўзингизга тасаввур этаверинг.
Ўтган йили давлат раҳбари Марҳаматга келиши сабабли
Асака-Марҳамат йўли капитал таъмирланган эди. Бир йил ўтмасдан шу йўлнинг Марҳамат тумани қатор қисмларида йўл чўккан, ямалар пайдо бўлган, асфальт қопламалар уқаланиб кетган, бу ҳудудларда ҳам ҳайдовчиларда қарама-қарши қисмга ўтишдан бошқа илож йўқ. Йўлдан биринчи марта юраётган ҳайдовчи тунги вақтда ҳаракатланганда ё автомашинага ёки ҳаракат иштирокчиларига зиён етказиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Бу йил ички йўллар таъмирига эътибор қаратилаяпти, миллиардлаб, триллионлаб маблағлар ажратилаяпти. Лекин Совет давридан буён асфальт кўрмаган
Ўқчи-Кулла,
Кулла-Булоқбоши йўллари бомбардимон қилинган Сталинградни эслатади. Шуҳрат Абдураҳмонов солиқ тўловчиларнинг 800 млн.сўм маблағи ҳисобига олинган TAHOE'га ўтириб бу йўллардан бир ўтиб кўрса бўларди.
Бу кейинги 2 кунда юришга тўғри келган йўллар холос.
Хулоса шуки, йўл ва ҳаракат хавфсизлиги учун маъсуллар ҳайдовчиларни хушёрликка чақириш (бу жуда зарур) билан бирга, йўлларнинг сифатини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратсалар бўларди.
@the_bakiroo