КОНСТИТУЦИЯ – ҲУҚУҚЛАРИМИЗ КАФОЛАТИ
Косонсой туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди ҳамда Косонсой тумани Адлия бўлими билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси - ҳуқуқларимиз кафолати” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси М. Дедамирзаева, фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг раиси Н. Халилова, Косонсой тумани Адлия бўлими бошлиғи Қ. Авезматов, Косонсой туманидаги 19-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси М. Абдужаббаров, Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгаши депутати Ж. Абдуллаевлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги байрами арафасида ўтказилган мазкур йиғилишда бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш борасида давлатимиз томонидан салмоқли ишлар қилинаётганлиги, бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юртимизнинг суверен, демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги одимларининг ҳуқуқий кафолати эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Асосий Қомусимиз бошқа мустақил давлатлар конституцияларидан тубдан фарқ қилиб, ўтиш давригагина мўлжалланмасдан, балки давлат ва жамият фаолиятининг барча йўналишларини белгилаб берувчи дастурий ҳужжат эканлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари мустақиллик йилларида юртимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари қатори, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз мутахассислиги бўйича ишлаши ва соғлигини муҳофаза қилиши, оила қуриш, яшаш жойларига эга бўлиш каби ўнлаб ҳаётий талабларни давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар тизими ишлаб чиқилганлиги ва бу амалда ўз аксини топаётганлиги, хусусан Конституциянинг ёшларга оид нормалари қатор қонун ҳужжатларида, уларнинг муайян таркибий қисмларида ўзининг тўла ифодасини топаётганлиги баён қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан Косонсой туманидаги 19-сонли мактаб ёшлар етакчиси М. Абдужабборов, Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати Ж. Абдуллаев давлатимиз томонидан ёшлар масалаларига оид қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатда уларнинг манфаатлари устуворлигига эътибор қаратилаётганлиги, улардан баҳраманд ҳолда ўқиш, илм олиш, касб-ҳунар эгаллаш фарзандларимизнинг келажакда ўз йўлини тўғри танлаб олишида, ўз касбининг устаси бўлишида ижобий натижасини беришини таъкидлаб ўтдилар.
Йиғилиш сўнггида ёшларни қизиқтирган саволларга қатнашчилар жавоблар бердилар.
Назокат ГАППАРОВА,
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти судининг катта мутахассиси
https://t.me/taraqqiyotmezoni