Тош отиб "Мувозанат'ни бузиб бўлмайди
Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам айтади-ки, "Мувозанат" романимдан салкам саксон бетини қисқартириб чоп этишган. "Топинг ўша саксон бетни, менга керак " дейман. "Ижарама ижара кўч-кўчда йўқолиб қолган, кейин излаб тополмадим " дейди Улуғбек. " Топсангиз, тағинам яхши бўларди-да " дейман.
" Мувозанат " асари Озод Шарафиддинов ва Матёқуб Қўшжоновни ҳайратга солганди. Озод ака романни тезликда энг мўътабар нашр саналган "Жаҳон адабиёти " журналида эълон қилиб юборганди. Аслида романни илк ўқувчиси мен эдим. Лекин асар тўғрисида фикр айтолмаганман. Чунки ўша пайтлар бемолал асар ўқиб, мушоҳада юритадиган аҳволда эмасдим. Чунки уйланган эдим. Бош фарзандим туғилган эди. Аспирант эдим. Аспирантлар ётоқхонасининг бемаза коменданти ётоқхонадан жой бермай сарсон қилиб юрганди. Чўнтак эса бўм-бўш эди. Лекин мана шундай шароитда Улуғбекнинг "Ёлғизлик " қиссасига икки бет сўзбоши ёзолгандим. Улуғбек ўз романини бир кўздан кечириб фикр билдиришини сўраб турмуш шароитини яхшилаб улгирган, тузиккина лавозимда ишлайдиган мунаққид дўстимизга ҳам тақдим қилганди. Лекин амалдор дўстимиз романни ҳатто кўздан кечиришга ҳам эринди. Юқорида айтганимдек, кутилмаганда Озод ака "Мувозанат"ни "Жаҳон адабиёти"да чоп эттирворди. Лекин, айтиб қўяй, Улуғбек Ҳамдам Озод аканинг яқин шогирди эмасди...
Кейинроқ роман тилидан нуқсонлар топиб асарни танқид қиладиганлар армияси пайто бўлди. Танқидчилар тўдаси "ЎзАС" газетасини ўзларига позитсия қилиб олишди...Танқидлар сиртдан асослидек кўринса-да, лекин қасддан эканлиги яққол сезилиб турарди. Чунки романни яксон қилмоқчи бўлаётганлар асар физилати, керак бўлса, муҳимлигини тилга олишмасди. Ҳолбуки, романнинг фазилати ва муҳимлиги тенгсиз эди. Романнинг муҳимлиги шунда эдики, унда ўтган асрнинг 90-йилларидаги ҳаёт объектив ва ҳолис акс этган эди. У даврлар анчайин мураккаб, зиддиятли эди. Амир образида жамиятимизда дин билан боғлиқ қарама-қаршиликлар, динга мутаассибларча берилишлар акс этган бўлса, Юсуф образида дин ва дунёвий ҳаёт ўртасида йўл излаётган ўша давр ёшларининг мураккаб кечинмалари ўз ифодасини топган. Қишлоқлардаги ишсизлик, ўқитувчиларнинг хор бўлиши, шаҳарлик зиёлиларнинг бозорга савдога чиқиб кетиши "Мувозанат " романида батафсиз тасвирланган. Ҳолис адабиётшунослар "Мувозанат " романи учун Улуғбекни "журъатли ёзувчи" деган эди. Чунки Улуғбек ўз асарида қаламга олган ижтимоий муаммоларни бошқа ёзувчилар овоз чиқариб гапиришга ҳам эҳтиёт бўларди. Улуғбек Ҳамдам эса бу муаммоларни бадиий бўёқларда ўз асарида тасвирлаб берди. " Мувозанат"ни кўп танқид қилишди, бундан кейин ҳам унга тош отадиганлар топилиб қолар. Абдулла Орипов айтганидек, "бири ҳасад тоши, бири мараз тоши". Лекин, барибир, "Мувозанат' романида тош отиб қулатиб бўлмайдиган ажойиб фазилат борки, "тошотарлар" бу асарга хужум қилиб бекор вақтини ўтказишади, холос.
''Muvozanat'' romaniga buyurtma berish
@TaskinKitob Mahbublarga ulashing
@TaskinKitoblar _ Yaxshiliklar sari odim!