Ўзбекистон ОТМлари энди қабул квотасини мустақил белгилаши мумкин. Абитуриентлар эса бир вақтнинг ўзида бир неча олийгоҳга ҳужжат топшира оладиЎзбекистон олий таълим муассасалари талабаларни қабул қилиш квоталарини мустақил равишда белгилаш имкониятини қўлга киритади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти томонидан 17 январь куни имзоланган фармонда сўз боради. Шу фармон билан «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури тасдиқланди.
Янги тартибни 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб татбиқ этиш назарда тутилган. Квоталарни белгилашда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг истиқболдаги эҳтиёжлари, шунингдек, муассасаларнинг кадрларни сифатли тайёрлашни ташкил этиш имкониятлари ҳисобга олиниши керак.
Бунгача қабул квотаси Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг қабул квотаси Давлат комиссияси томонидан шакллантирилар эди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан «Газета.уз»га маълум қилишларича, «қабул квоталарини мустақил равишда белгилаш — бу босқичма-босқич жараён». Янги тартибни татбиқ этиш учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинади.
Президент фармони билан 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентларнинг ҳужжатларини Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тартибини ҳам жорий этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастурида маълум қилинишича, янги ўқув йилидан абитуриентлар бир вақтнинг ўзида бир неча олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Имзоланган фармон билан муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга шахслардан иборат абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ушбу шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов асосида алоҳида квоталар ажратиш тартиби киритилмоқда. Бунгача ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ва ҳарбий қисмларнинг тавсияномасига эга абитуриентларга умумий конкурс доирасида тўплаган балининг ярми (50 фоизи) миқдорида қўшимча балл қўшиб берилади.
Шунингдек, фармонда Президент хорижий дипломларнинг эквивалентлигини тасдиқлашдаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва уларни тан олиш жараёнини оптималлаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш ҳақида ҳам кўрсатма берган. Қайд этиш жоиз, Президент 16 январь куни таълим тўғрисидаги хорижий ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш жараёнини соддалаштириш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.
Batafsil: ⤵️⬇️
https://t.me/uzmandarin