Чеклист: Зиддиятдан ҳали чиқа олмаганингизни англатувчи 4 белги
ЗИДДИЯТЛАРДАН ҚЎРҚИШАДИ: кўпчилик уни манфаатлар тўқнашуви деб эмас, балки можаро ва жанжалларнинг синоними, деб ўйлайди. Жанжалли вазият ва кучли низо юзага келганда, одамлар вазиятни тўғрилашга ва тинчликни ўрнатишга ҳаракат қилади. Аммо айнан шунинг учун, асосий муаммо ҳал бўлмай қолади, тўқнашувлар эса бот-бот такрорланиб тураверади. Бугун ана шундай тўртта сценарийни таҳлил қиламиз, шунингдек, муаммони ҳал этиш йўлларини излаймиз.
1. Муаммони яшириш
Бу йўл зиддиятдан қочишнинг кенг тарқалган усули. Бир-биридан норози томонлар зиддият сабабини умуман ҳал қилмайди. Салбий ҳисларни ичга ютиш қийин бўлгани учун, кўп ҳолларда айбсиз айбдорлар четдан топилади: шеригингизга ҳамкасбингизни ёмонлайсиз, шеригингизни эса онангиз ёки дугонангиз билан ғийбат қиласиз. Агар битта инсон барча муҳокамаларнинг марказида тураверса, демак, у билан муносабатларингизга аниқлик киритиш керак.
Афсуски, ёқимсиз суҳбатлардан қўрққанимиз сабабли, муаммоларни тилга олмасликка ҳаракат қиламиз, аммо бу ечим бўла олмайди. У майда-чуйда нарса эмасдирки, ичингизда сақлаб турсангиз. Гап муҳим масалалар муҳокама қилинмайдиган вазиятлар ҳақида кетяпти. Агар бир куни шеригингиз хонани бетартиб қолдириб кетса-ю, бундан сизнинг жаҳлингиз чиқса, бу вазиятни арзимас нарса дейиш мумкин. Аммо бирга яшаганингиздан буён уйнинг ҳолатидан кўнглингиз тўлмаётган бўлса, бу бошқа гап. Энди ушбу жиддий муаммони ҳал қилмасангиз бўлмайди.
Муаммони яширишнинг асосий салбий томони, ундан фойдаланадиган инсонлар барибир уришаверади, фақат бошқа вазиятларда. Чунки асабийлик ва ғазаб тўпланиб боради ва кутилмаган жойда юзага чиқади. Узоқ бирга яшаган ва доимо уришиб турадиган эр-хотинни тасаввур қилиб кўринг — бундайларни комедияларда ифодалашни яхши кўришади. Айнан шу жуфтлик муаммони узоқ вақт ичда сақлаб юриш стратегияси нимага олиб келишини кўрсатиб беради.
НИМАНИ ЎЗГАРТИРИШ КЕРАК:
Биринчидан, оилавий, романтик, ишчи каби исталган муносабатларга тўғри келадиган қоидага амал қилиш керак. Агар томонлардан бири доимо ўзини ноқулай ҳис этса, буни ҳал қилиш ва ўзгартириш керак, акс ҳолда муносабатларга дарз кетади. Ҳеч ким сурункали ноқулайликдан азият чекмаслиги лозим.
Қулайлик туғилиши ҳақида билганингизда, ноқулайлик ҳақида гапириш осонроқ бўлиб қолади. Биринчи икки қадам — бу уни сеза билиш ва меъёр, деб ўйлашни бас қилиш. Ҳаммаси силлиқ кетмаётганини билдирувчи белгиларга: соматик муаммолар (зўриқиш, бош оғриғи, уйқусизлик каби) ва ёмон кайфият (асабийлик, тушкунлик, ич-этини ейиш) киради. Айниқса, бирор бир инсон олдида ёки қайсидир вазиятда кайфият доимо ўзгараверса, бунга эътибор бериш керак: масалан, ишда, маълум бир дўстларникида меҳмонда, қариндошингиз уйида.
2. Тез ярашув
Жаҳл устида яқин инсонингиз, ҳамкасбингиз, дўстингиз ёки опангизга бақирдингиз. Ичингизда йиғилган бор салбий фикрларни айтиб ташладингиз: бировнинг ишини бажариш жонингизга тегди, меҳнатингизни ҳеч ким қадрламайди, доимий кечикишлардан чарчадингиз! Иккинчи томон қўрқиб кетади ва сизга муносабати яхшилигини билдиради ёки жавобан танқидлар ёмғирини ёғдиради, натижада жанжал келиб чиқади.
Зиддият инсонлар томонидан хавф сифатида қабул қилингани учун ҳам, эртами кечми ҳар икки томонда ярашиш ва зиддиятни унутиш фикри туғилади: «Ахир мен сени яхши кўраман-ку!», «Биринчи босқичдан бери дўст бўлсак!», «Тўрт йилдан бери бирга ишлаймиз ва бир-биримизга ишонамиз!» Аммо ярашув тўлқинида зиддиятга сабаб бўлган мауаммо ҳал қилинмай қолади.
T.me/Ozodlik_Radio_kanali