Кунларнинг бирида ота кичик ўғли билан тоққа сайрга чиқди.
Кичкинтой ўйинқароқлигига борди: тошчалардан икки-учта териб, дуч келган томонга ирғита бошлади. У ҳар гал тош отганида товуш чиқаверди. Бола ажабланди. Шу яқин атрофда биров бор, дея ўйлаб савол берди:
- Кимсан?
Жавоб келди:
- Кимсан?
Бу тахлит жавобни кутмаган кичкинтой жаҳл отига миниб, қичқирди:
- Қўрқоқ!
Жавоб эшитилди:
- Қўрқоқ!
Ҳеч нимага тушунмаган бола отасига юзланди ва сўради:
- Ҳеч нимага тушунмаяпман, мени ким масхара қиляпти?
Ота ўғлининг берган саволига кулгиси келди. У деди:
- Мени диққат билан эшит, - ота шундай деди-да, бор овозича хитоб қилди: - Мен сени ҳурмат қиламан!
Жавоб келди:
- Мен сени ҳурмат қиламан!
- Сен энг зўрсан!
Тағин жавоб келди:
- Сен энг зўрсан!
Бу ҳолдан кичкинтой ҳайратда қолди, хиёл нигоҳини отасидан узмади. Ота энди ўғлига юзланиб, салмоқлай тушунтира бошлади:
- Ҳозиргина гувоҳи бўлганинг - акс-садодир, ўғлим, яна ҳам содда қилиб айтсак, бу ҳаёт... Ҳаёт сенга ҳамма вақт сўзинг ва амалингга яраша жавоб қайтаради.
👉
@Shayx_Muhammadsodiq