Hamroz


Гео и язык канала: не указан, не указан
Категория: не указана


Руслан Сабуровнинг ижодий канали.
Мурожаат ва фикрлар учун: @hamroz_admin

Связанные каналы

Гео и язык канала
не указан, не указан
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


Ўртамизда бир қарич майдон,
Галма-галдан бошладик ҳужум:
Ким жон берар, кимдир тўкар қон,
Жанг боришин кузатардик жим...

Отларимни олдинг, кўнглинг тўқ,
Филсиз жангчи гўё ярим тан.
Аммо ҳали енгилганим йўқ –
Курашаман пиёдам билан.

Ўрни келса бир пиёда ҳам,
Ўнта шоҳни енгишга қодир:
Минг отлиқни бош эгдирган дам,
Ёлғиз эди Широқ баҳодир!

Зўр бўлса-да душманинг, ортга
Қочган эмас, курашган марддир:
Шахмат асли ўхшар ҳаётга –
Олмоқ учун бермоғинг шартдир!

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Бугун Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Анвар Обиджон оламдан ўтди.

Китобхонлар шоирнинг “Она Ер”, “Баҳромнинг ҳикоялари”, “Эй, ёруғ дунё...”, “Оловжон ва унинг дўстлари”, “Кетмагил”, “Масхарабоз бола”, “Аканг қарағай Гулмат”, “Жуда қизиқ воқеа”, “Даҳшатли Мешполвон”, “Ерликлар”, “Булбулнинг чўпчаклари”, “Одобли бўлиш осонми”, “Танланган шеърлар”, “Ўқ ўтмас болакай ёхуд олтин юрак”, “Ажинаси йўқ жинкўчалар” китобларини яхши билади.

Анвар ака каби самимий инсонларни бугунги кунда топиш жуда қийин. Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.


Баҳорга кумуш қиш мактуб йўллади,
Кечикиб айтилди дилдаги изҳор:
Ўн кунда дарахтлар қайта гуллади –
Кўм-кўк япроқларга қўнди оппоқ қор.

Борлиққа боқаман хаёлга чўмиб,
Дунё, синоатинг бунчалар бисёр?...
Гоҳ ҳайрат, гоҳида ҳикматга дўниб,
Оламни покликка ўрамоқда қор.

Ҳатто табиат ҳам “Уйдан чиқма” дер,
Буюк Яратганнинг ўзи шифокор –
Ниқоб тақиб олган хасталанган Ер,
Унга дармон бўлиб ёғаяпти қор...

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Муҳаббат бу –
бир қисмат,
ва тугамас достондир.
Англаб бўлмас
бир хилқат,
ҳам бепоён осмондир.
Муҳаббат бу –
кимнингдир
Юракдаги туғёни.
Муҳаббат бу –
кимнингдир
Омонат турган жони.
Ҳаста дилнинг малҳами
ва ушалмас армони.
Ҳаётнинг ширин дами
Ҳам умрнинг поёни.
Муҳаббат бу –
баҳорда
Очилган илк лоладир.
Муҳаббат бу –
ҳар дилда
Инграётган ноладир.
Муҳабатдир дилларни
Сармаст этгувчи шароб.
Муҳаббат бир
дилбарни
Қийнаётган изтироб.
Муҳаббат – қор қўйнида
ухлаётган бойчечак.
Муҳаббат бу – ибодан
Либос кийган келинчак.
Ишқ кимнингдир юраги,
Қай кўнгилга
у ётдир.
Муҳабат – қалб тилаги,
Муҳаббат бу –
ҲАЁТДИР!

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Бировникин ўради ўрса,
Худо уни уради урса.
Қайда зилол чашмани кўрса,
Лойлаб юрар майда одамлар.

Сув кўтармас “нозик таъби”ни,
Тортолмайди туя гапини,
Иймонини сотиб, лабини
Мойлаб юрар майда одамлар.

Ҳатто ҳалол боқмас итини,
Тубанликка ўраб бетини.
Биров олди, биров кетини
Пойлаб юрар майда одамлар.

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Гул ғунчаси сенинг кулбангми,
Саройларга балки хушинг йўқ...
Сезмадим ҳеч дарду ғуссангни,
Бахтсизмисан, асло ишинг йўқ.

Минг бора ҳам айланса фалак,
Нокаслардан кутмайсан нажот.
Ҳавас қилгум, сенга капалак:
Гул ифори сен учун ҲАЁТ!

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Мен ўзимни қийнадим узоқ,
Мен ўзимни жарларга отдим:
Ҳар сония соғиндим, бироқ
Ҳар сония сени йўқотдим...
Пойимда ер, бошимда осмон,
Сўздан ўзга бир тасалли йўқ.
Наҳот шундай яшадим осон,
Юрагимга санчилганча ўқ!
Шудринг ичган – майсалар сармаст,
Сойга қўнган юлдузчалар лол:
Қаршиладим тонгларни бесас,
Кутиб олдим тунларни беҳол.
Юрагимни суғуриб отдим,
Вужудимга солганча титроқ:
Ҳар сония сени йўқотдим,
Ҳар сония соғиндим, бироқ...

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


ХУЛОСА

Оддий ҳақиқатни унутдик осон,
Оддий ёлғонларга ишонганча хўб:
Ҳолбуки очликдан ўлмаган инсон,
Аммо тўқлик қилиб ўлганлари кўп.

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Азиз опа-сингиллар, муҳтарам онахонлар. Барчангизни байрам билан муборакбод этамиз! Юзингиздан баҳорий табассум асло аримасин.


Ишим кўплигини қилмай баҳона, Шовқинли шаҳарни бир дам унутиб: Мен бугун қишлоққа бораман, она, Сизни қутлагани гулдаста тутиб...

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


АССОЛЬ

Шу осмон тагида яшаганмидинг,
Шу тупроқ устида юрганмидинг сен?
Орзулар боғида яшнаганмидинг,
Дунёни покиза кўрганмидинг сен?!
Қандай бахтиёрсан, чеҳрангда доим
Соҳилга урилган тўлқинлар изи.
Неки гўзаллик бор, берган Худойим:
Сен тонгнинг боласи, денгизнинг қизи...
Оҳ, қизил елканлар, қара, елмоқда,
Сен томон шамолнинг кафтидан тутиб.
Ва унда шаҳзоданг мағрур келмоқда,
Бутун дунёларни балки унутиб.
Ассоль, ўшанда ҳам шумиди осмон,
Шу тупроқ кўтариб турганмиди, айт?
Ассоль, ўшанда ҳам бормиди ёмон,
Юраклар ҳирс учун урганмиди, айт?
Қизил елкан мисол қизарар шафақ –
Уфқнинг парчасига сачраб кетар қон.
Гоҳо титраб кетар мен босган тупроқ,
Гоҳо силкинади мен кўрган осмон!
Бир қўрқув руҳимга ташлайди соя,
Муаллақ турурман, остимда жарлик.
Мени қутқармоққа юрак кифоя,
Кўнгил кифоядир инсон сиғарлик.
Ёруғ тонгларимга сингиб борар тун,
Менга осмонингни тутиб тур, Ассоль.
Елканли кемада борурман бир кун,
Рўмолинг силкитиб, кутиб тур, Ассоль.

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Унутилди жодунинг оти,
Барча хурсанд, кўнгил хотиржам:
Соҳибжамол ўпган захоти,
Ўз холига қайтди маҳлуқ ҳам.

Аммо менга ёқмади, рости,
Ёлғонлардан иборат бари:
Бу эртакнинг устию-ости
Чин ҳаётга бироз тескари.

Дунё қизиқ эртакдан кўра,
Кузатсангиз зимдан туриб гар:
Инсониятга айланмас сира,
Ўпич билан баъзи “маҳлуқ”лар...

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


ЗАМОНАВИЙ ТРАГЕДИЯ

Рости, рақибларнинг қолмаган марди,
Юзингга тик боқса, эркакман дея:
Дунёлар ўзгарди, замон ўзгарди,
Нечун ўзгармасин трагедия?!

Саҳнани титратса ошиқ ғазаби...
Содда томошабин шуни хуш кўрар.
Аммо режиссёр ҳам ўзимиз каби:
Замоннинг зайлига қараб иш кўрар.

Душманлар қонсираб турар майдонда,
Нигоҳлари ёниб, тугилиб мушти:
Барча даҳанаки жанг кутган онда,
Рақиблар бир-бирин мақташга тушди.

Бу ҳам санъат балки, бу ҳам истеъдод,
Кўп экан ҳийланинг синоат-сири.
Мақтовнинг “зарби”дан солганича дод,
Саҳнага гурсиллаб йиқилди бири.

Ғолиб мағрур юрар у ёқдан – бу ёқ,
Минг йилки бўлмаган ишни бўлдирди:
Рақибига пичоқ санчмади, бироқ,
Кўкларга кўтариб, мақтаб ўлдирди...

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


У рост айтди, ҳақни гапирди,
Йўқ эди ҳеч кўнглида кири.
Ўзи қолиб халқни гапирди,
Аммо икки бўлмади бири.

У рост айтди, ҳақни гапирди,
Янграсада ҳар хил оҳанглар.
Сўнгра уни ютиб юборди,
Майда тишли улка-а-ан наҳанглар...

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Ўн бир куни ўтди янги йилнинг ҳам,
Ғойибдан келмади ҳеч қандай мадад:
Маҳзун юрагимда ҳамон эски ғам,
Ва ўша – қадрдон бўлиб қолган дард.

Ғажишга шайланар февраль тишлари,
Умрим китобидан саҳифаларни.
Чўқиб кетаяпти тарих қушлари,
Ортда қолаётган дақиқаларни.

Қиш тугаб боряпти шамдайин эриб,
Олтин лаҳзаларга сепганича зар.
Янги кунларини ўтмишга бериб,
Эскириб бормоқда бечора январь.
2020 йил 11 январь.

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Қаранг, ҳар нуқтада асли ҳикмат бор,
Мантиқсизлик турар мантиқни ўраб:
Топганин дўхтирга тутади бемор,
Умрини тўрт-беш кун чўзмоқни сўраб.

Кимнинг ҳаёт шами сўнар ушбу дам,
Қурби етмай вақтни сотиб олишга.
Сарф қилиб ўтирар бошқа бир одам,
Умрининг ярмини қарсак чалишга.

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


— Она, қачон мен ҳам ўнга тўламан?
— Катта бўлганингда тўласан, болам.
— Она, айтинг, қачон кучли бўламан?
— Катта бўлганингда бўласан, болам.

Ўттиз тўрт саҳифа – умрим дафтари,
Кунларим гоҳ ғариб, гоҳи шоҳона.
Эвоҳки, мен катта бўлганим сари,
Сиз нега кичрайиб боряпсиз, она?..

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Ҳудди менинг каби кезарди ёлғиз,
Дам олиш боғини бир чиройли қиз.
Ногаҳон тўқнашди нигоҳларимиз,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда...

Етти осмон узра янгради қўшиқ:
Оний лаҳза ичра дилга инди ишқ,
Бир кунда телбаман, бир кунда ошиқ,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда...

Оҳ, қандай ёқимли муҳаббат ҳисси,
Мен Ернинг боласи, сен Ойнинг қизи.
Сени менга берди Худонинг ўзи,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда...

Кузнинг хазонрезги, салқин кечаси:
Дунёни элитар сукунат саси,
Юзимга урилар ёрнинг нафаси,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда...

Аммо...
Йиллар ўтди, сониялар – қайғу,
Барчаси туш эди, барчаси уйқу,
Бизлар ўша жойда айрилдик мангу,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда...

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Нега жимсиз?..
Кўзларингиз бунча маҳзун?
Минг йиллик ДАРД ин қурганми дилингизга?
Қора тун ҳам сочингиздек узу-у-ун – узун
Қисматини тўшаганми йўлингизга?..

Нега жимсиз?..
Нигоҳингиз сирли бунча?
Вайрон дилни, боқсам, вайрон этаяпсиз.
Қўлингизда ишқ тугилган бир тугунча,
Хаёл суриб қай томонга кетаяпсиз?..

Нега жимсиз?..
Термуласиз осмонларга,
Хўрсинасиз, “Куз келибди”, дейсиз яна.
Қўл чўзасиз кечки маҳал хазонларга:
-Бу мен учун табиатдан зўр тўёна...

Нега жимсиз?..
Бўлди! Етар! Ҳеч ишим йўқ!
Сукунатга сингиб кетинг менга деса!
Фақат менинг юлдузимга қилмангиз дўқ,
Қилманг менинг осмонимга, бас, пўписа...

Нега жимсиз?..

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov


Тергов
Баъзан шундай:
Тақдир йўлига,
Ажиб синов қўяди ҳаёт.
Ярим тунда миршаб қўлига,
Етиб келди “махфий” маълумот.
“Карманада яшовчи Ҳамдам,
Жуда сахий, хотамтой эмиш.
Ўзи эски уйда турса ҳам,
Қўйлари кўп, асли бой эмиш”.
Ранг югурди миршаб юзига,
Чеҳрасида мийғида кулгу.
“Ҳамдам” деган папка устига
“Терговга” деб ёзиб қўйди у.
Оқ қоғозга сингди қора тун,
Эҳ, неларга гувоҳ Ер шари.
Тулкиларнинг вақти келган кун,
Бўриман деб керилган бари.
Эски уйга келди янги хат,
Ҳамдам ўқиб, кўзлари тинди.
Эгилса ҳам синмас ҳақиқат
Не ажабки, ўша кун синди.
Йиғлаб қолди дилпора она,
Қараб қолди хотин умидвор.
Қайда дея у миршабхона,
Йўлга чиқди айбсиз “гуноҳкор”.
Борар эди ёшланиб кўзи,
Кам эдими ҳаёт ташвиши?
Таскин бериб, ўзига ўзи
шивирларди:
— Худонинг иши...
“Минг қўйли бой” бош эгиб турар,
Терговхона...
Ким омон чиққан?!
Миршаб кулиб, муйловин бурар:
— Нега қўйинг иккита туққан?
Қўлда тутган дўпписин силай,
Жавоб излар учганча ҳуши.
Охир деди:
— Мен қайдан билай,
Ахир бўлса Худонинг иши...
— Қўйинг нечта?!
Сўрайди миршаб,
Титраганча ғазабдан юзи.
Ҳамдам дейди дўпписин силаб:
— Битта қўй ва иккита қўзи.
Пешонага қўлини тираб,
Тус берганча сўзига қаҳр.
Бақирарди миршаб қалтираб:
— Нега эгиз туғади ахир?
Терлаб борар, терговхона тор,
Худо ўзи берсин деб тўзим:
Турар эди айбсиз “гуноҳкор”,
Дўпписини силаганча жим.
Баъзан шундай:
Тақдир йўлига,
Ажиб синов қўяди ҳаёт.
Кишан солди Ҳамдам қўлига,
Ўша тунги “махфий” маълумот.
Бўриман деб мағрур керилди,
Кўриб қўйинг тулкилар кучин:
Етти йилга сургун берилди,
Қўйи эгиз туққани учун.
Худо иши бўлди баҳона,
Топилмади ҳеч қандай чора.
Кўксин муштлаб йиғларди она,
Додлаб қолди хотин бечора.

© Руслан Сабуров
@ruslan_saburov

Показано 20 последних публикаций.

112

подписчиков
Статистика канала