#
ТАФСИР ИЛМИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТЛАР
ТАФСИР – (араб. – баён қилиш, очиб бериш ва равшан қилиш) – инсон қудрати етгунча Қуръони карим маъноларини ўрганадиган илм. Бу илм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида юзага келган. У зот одамларга Қуръоннинг маъноларини баён қилар, саҳобаларнинг Қуръон оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар.
Саҳобаларга тафсир илми Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан мерос. Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлишган. Тобеинлар эса, тафсирни саҳобалардан ўргандилар.
Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлинган.
1. “Тафсир бил маъсур”. Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръон оятларини ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади. Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар: Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг “Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон”, Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг “Маъолимут танзил”, Имодиддин Исмоил ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръонил азим”, Жалолидцин Суютийнинг “ад-Дуррул мансур фи-т-тафсир бил маъсур” китоблари.
2. “Тафсир бир-рай”. Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади. Бу турга Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахридцин Розийнинг “Мафотиҳул ғайб”, Насриддин Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Али Байзовийнинг “Анворут танзил ва асрорут таъвил”, Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” китоблари киради.
3. “Тафсири ишорий”. Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир. Бунга Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг “Ғароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон”, Шерозийнинг “Ароисул баён фи ҳақоиқил Қуръон” китоблари мисол бўлади.
©️Ko'kaldoshuz
𝗥𝗮𝘀𝗺𝗶𝘆 𝗱𝗶𝗻𝗶𝘆 𝘃𝗮 𝗺𝗮'𝗿𝗶𝗳𝗶𝘆 𝗸𝗮𝗻𝗮𝗹
📡
@Aqida_uz 𝗕𝗶𝘇𝗻𝗶 𝗶𝗷𝘁𝗶𝗺𝗼𝗶𝘆 𝘁𝗮𝗿𝗺𝗼𝗾𝗹𝗮𝗿𝗱𝗮 𝗸𝘂𝘇𝗮𝘁𝗶𝗻𝗴!
𝚈𝚘𝚞𝚝𝚞𝚋𝚎 |
𝙵𝚊𝚌𝚎𝚋𝚘𝚘𝚔 |
𝙸𝚗𝚜𝚝𝚊𝚐𝚛𝚊𝚖