Муборак Рамазон ойи ҳар биримизни саҳоватга чорловчи ойдир. Савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилиш керак.Бу ойда мусулмонларнинг хайру саховати, меҳр-муруввати ҳар қачонгидан кўра жўшиб, ҳимматлари юксалиб кетади. Шунинг учун бу ойда мўмин-мусулмонлар орасидаги меҳр-оқибат, аҳиллик, биродарлик, бағрикенглик туйғулари янада мустаҳкамланади. Бу йилги Ҳайит байрами коронавирус пандемияси даврига тўғри келганлиги учун жамоат билан намоз ўқиш, зиёратгоҳларга боришда чекловлар ўрнатилди. Албатта бу жараёнлар вақтинчалик бўлиб, келгуси йилдаги Рамазон ҳайит байрамларини ҳар йилгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтказишга умид қилиб қоламиз. Байрам муносабати билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошидаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан, Беруний туманидаги 55 нафар кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга ҳайит байрами совғаси етиб келди. Султон Увайс бобо жомеъ масжиди бош имом хатиби Нураддин Юсупов ва МФЙ раислари биргаликда мазкур ҳайир-эҳсон совғаларини ўз эгаларига топширдилар.
Беруний тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.