Масжид ёнидан ўтиб кетаётиб, азон ўқилаётганини эшитган ҳайдовчи орқасига қараб бошлиғидан изн сўради:
– Хўжайин, рухсат берсангиз, азон ўқилаётган экан, шу ерда намозимни адо этсам, сўнг йўлимизда давом этсак...
Бошлиғи бу ишни унча маъқулламаса-да, рухсат берди. Ҳайдовчи масжидга кирди, бошлиғи машинада қолди.
Жамоат намозини адо этиб чиққан бўлса-да, ҳайдовчиси ҳадеганда чиқавермагач, безовталанган бошлиқ машинадан тушиб, масжид ҳовлисини кўздан кечира бошлади. Дераза ойнасига бошини тираб, ичкарига қараганди, ҳайдовчи қўлларини самога очиб дуо қилаётганини кўрди.
Бошлиқ ойнани тақиллатиб, овоз берди:
– Ҳамма чиқди-ку, сен нега ҳалиям ўтирибсан, чиқсанг-чи!
Ҳайдовчининг жавоби очиқ қалбларни титратгулик бўлиб чиқди:
– Қўйиб юбормаяпти!
– Ким қўйиб юбормаяпти?
Жавоб англаганга гурзидек эди:
– Сизни ичкарига киргизмаган!
Бошлиқ мулоҳазага толди. “Сизни ичкарига киргизмаган!” нидоси қулоқларида, миясида қайта-қайта акс садо бериб жаранг сочди.
Шу заҳоти таҳорат олди ва масжидга кирди. Ҳайдовчисининг ёнига бориб, титроқ овозда шивирлади:
– Мана, мени ҳам ичкарига киргизди!
Ҳайдовчи ёшли кўзлари билан бошлиғига мамнун тикилди:
– Албатта, киргизади-да. Боядан бери кўз ёшларим селоб бўлиб бекорга дуо қиляпманми? Сизнинг ташқарида қолиб, намоз вақтини ўтказиб юборишингизга қалбим чидай олмади. Аллоҳга ёлвориб, сизни ҳам масжидга киритишини сўраб дуо қилдим. Ўзига беҳисоб шукрлар, ҳамду санолар бўлсинки, сизни ташқарига қолдирмади, ичкарига, ҳузурига чорлади...
Дўстнинг дўст учун, жигарларнинг бир-бирлари учун, ота-онанинг фарзандлари учун, фарзанднинг ота-она учун, мўминнинг мўмин учун билдирмай қилган дуолари Аллоҳнинг изни билан ижобат бўлади. Дуоларда бир-биримзини йўқлайлик. Ҳеч кимга бизни дуосида эсламайдиган даражада озор бермайлик. Дуо қилганимизда аввало бир- биримизга Аллоҳнинг муҳаббатини, розилигини истаб дуолар қилайлик. Аллоҳ ҳақ ва субҳонака таоло ҳаммамизга, ота-онамиз, туғишган жигарларимиз, ёрду дўстларимиз, мўмин ва мўмина биродарларимизга хайрли умр, барокатли ризқ, кетмайдиган фойдали илм, қабул бўладиган амалларни тақдир айласин! Хонадонларимизга ҳаловат, қалбларимизга ҳидоят, ибодатларда қувват ва рағбат ато этсин! Кўнгилларимиз Аллоҳнинг нури билан мунаввар, юзимиз ибодат ҳаловатидан ойдин бўлсин! Аллоҳга омонатимсиз, дилдошим.
✍🏻 Умида Азиз
Manba:🌐 Azon.uz | Istigfor
Kanalga ulanish, insha'Allah hayrli bo'ladi.👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFb1r6cZZfHnJGJTZw