Ўғлим ..., 2000 йилда туғилган, ҳозир Москвада. Ишлагани, оиламизга ёрдам бергани кетган эди. 2 ойдан бери карантин туфайли ишсиз. Ижара пули, яшаши учун пуллари тугади. Москвадан қачон чартер рейс бўлиши ёки ҳеч бўлмаса поездда бўлса ҳам олиб келиниши ҳақида бирорта ҳам аниқ маълумот йўқлиги ўғлимга қаттиқ таъсир қиляпти. Оилада ёлғиз ўғил бўлгани сабабли ота-онамга ёрдам бераман деб кетган эди. Бу йил келиб ўқишга кирмоқчи эди. Москвадаги ватандошларни қайтариш қачондан бошланишига аниқлик киритишга ёрдам беришларингни илтимос қиламан. ▫️— Наманган, Чуст тумани
Оиламиз, яъни ота-онам билан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишсиз қолиб кетдик. Март ойини охиридан бери ишсизмиз, зўрға эплаб кун кўриб турибмиз. Агар чартер рейслар йўлга қўйилса, пулли бўладими? Агар пулли бўлса, биз ва биз кабилар нима қилади? ▫️— Фарғона, Учкўприк тумани
Ота-онам Россиядалар. 18 март кунига чипта олгандилар, 1 ҳафталаб Внуково аеропортида ётдилар, кейин мажбур уйга қайтдилар. Охирги ойликларига олгандилар билетларини. Ёрдам беришларингизни сўрайман, биз опаларим билан уйда учаламиз, бизга пул ҳам юбора олмаяптилар. Ўзларининг аҳволларидан, айниқса онамнинг саломатлигидан хавотирдамиз. Яқинда рейс қўйилар экан деб эшитдим. Олган чипталари ўтармикан. Қаерга мурожаат қилишни билмаяпмиз.▫️— Бухоро, Жондор тумани
Мен Россияга шу йил 23 февралда ишлаш мақсадида келганман. Бу ерда документга топшириш олдидан тиббий кўрикдан ўтаётганимда менда сил касали бор, деб гумон қилишиб, Санкт-Петербургдаги шаҳар тубдиспансерига йўлланма билан юборишди. У ердагилар 4 кунлик текширувдан сўнг менда ҳақиқатан сил бошланганини, даволанишим кераклигини айтишди. Мана, 2 ойдан бери ишсизман, ҳолатим кун сайин оғирлашяпти. Элчихонага мурожаат қилсам, илож йўқ, чиптангиз бўлмаса кетолмайсиз, чартер рейс қўйилган тақдирда ҳам аввал чипта олганлар ва ёш болали аёллар кетади, дейишди. Мен қайга ва кимга мурожат қилай касаллигим бўйича?▫️— Андижон, Асака тумани
@Ozodlik_Radiosi_24