1-асар, 16-саҳифа (1.16)
Кеч тушди. Соат ўнларга яқин Мадалига ташқарига чиқишни буюришди.
Айлана атрофи брезент билан ўралган “Урал” негадир унинг бир ўзини олиб йўлга тушди.
Афсуски, ортиқча саволлар бериш тақиқланган.
Қор тинган бўлса-да, кучли совуқдан этлари жунжикиб бораётган Мадали эгнидаги юпқа гимнастёрка тугмаларини қадаганича индамай борарди.
Бир соатча йўл юришгач, машина тўхтади.
- Қани, шоввоз, туша қол! - брезентни кўтариб Мадалига қичқирди лейтенант. - Етиб келдик!
Мадали шунда билдики, кабинага ўзини ташқаригача кузатиб чиққан лейтенант ҳам чиқиб ўтирган экан.
- Қолганлар қани? - ниҳоят юрак ютиб сўрашга жазм этди у.
- Қолганлар бошқа томонларга жўнаб кетишди. Сенинг манзилинг бўлак!
Мадалини кичик ҳарбий аэропортга олиб келишганди. Улар бошини совуқ шамолдан тўсган кўйи, учишга шай турган вертолёт қаршисига боришди.
- Эсингда бўлсин, - уқтирди лейтенант. - синов муддати икки ой. Шу орада айтилган барча топшириқларни бажаришинг ва манови қоғозда кўрсатилган муддатда курсимизни топиб боришинг лозим бўлади. Хўш, гапларим тушунарлими?
- Тушунарли.
- Унда, олға!
Мадали шоша-пиша хайрлашди-да вертолётга чиқди.
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz