1-асар, 25-саҳифа (1.25)
У Марусянинг уйини яхши эслаб қолган экан. Аммо қуруқ қўл билан киргиси келмади. Ахир, чўнтагида ҳозир йигирматадан зиёдроқ 25 таликлар манаман деб турибди... Беш сўмга ул-бул олса, юзи ёруғ бўлади...
— Йўқ, мен бу аёлникида узоқ қолмаслигим зарур. - дея мулоҳаза юритарди у уй четидаги кичик бир дўкон томон илдам кетиб бораётиб. — Одам ўлдирган аёлдан яхшилик чиқармиди... Қолаверса, пиёнистага ўхшайди... Ҳа, майли, шу кеча тунай-чи, эртадан думимни тугаман...
Мадали дўкондан икки шиша ароқ, колбаса, гўшт ва шунга ўхшаш майда-чуйда егуликлар сотиб олди-ю, тўппа-тўғри Марусянинг квартирасига жўнади...
- Вой, сен?.. - Маруся ширакайф ҳолда остонада пайдо бўлди. - Намунча эрта қайтибсан? Кетганингга ҳали икки соат ҳам бўлмади-ку, йигит!..
- Ишим тез битиб қолди. - жавоб қилди Мадали қўлидаги бир халта егуликни Марусяга узатиб. - Шаҳрингиз ажойиб экан.
- Иш топдингми?..
- Ҳа, бир соатлик иш экан... Биласизми, сиз айтган базага бориб ўтирмадим. Йўл-йўлакай иш топилиб қолди.
- Қанақа иш?
- Э, бунинг аҳамияти йўқ...
- Шунақами?.. - Аёл халтадаги нарсаларга бир-бир кўз ташлаб олгач, кулиб қўйди. - Жуда топарман-тутарман йигитга ўхшайсан... Маладес!.. Қани, кир ичкарига!.. Ҳозир қорнингни тўйдираман...
Мадали кириб ечинди-да, чўмилиш ниятида ваннахонага кириб кетди...
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz