ИННОВАЦИЯ КЕЛАЖАКДИР
Мамлакатимизда юксак тараққиёт асри талабларига хос равишда инновацион технологияларни ҳаётга кенг татбиқ этишга, ёш авлодни яратувчанлик руҳида, илғор ғоя ва ташабусларга интилувчан, интеллектуал салоҳиятли, ҳар жиҳатдан етук камол топтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек: “Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак...
Ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси эътиборимиз марказида бўлади”.
Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси, вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамда “Болалар дунёси” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган “Ёш талантлар инновациялари - ҳаётга” шиори остидаги фестивал-танлов ана шундай эзгу мақсад ва ғоялар ижросига қаратилди. 2018-йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” доирасида ўтказилган фестивал-танловда вилоятимиздаги барча давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатлари, умумтаълим мактаблари, “Баркамол авлод” болалар марказлари тўгарак аъзолари бўлган ихтирочи, ўз техник ишланмалари, информатика ва компьютер технологиялари, ўқув фанлари ҳамда хорижий тиллар бўйича дастурларини яратган иқтидорли ўқувчилар иштирок этадилар.
Жами 110 нафар иштирокчини қамраб олган фестивал-танлов жараёнида улар инновацион технологиялар, техник ишланмалар ва ихтиролар борасидаги билим ва иқтидорларини намоён этдилар.
Ўқувчиларнинг автомодель, авиа-ракета модель, кемасозлик, робототехника, улар яратган электрон ўйинчоқлар, техник ишланмалардан иборат кўргазмалар, шунингдек, информатика ва компьютер технологиялари йўналишидаги веб-сайт ва дастурлари, хорижий тиллар бўйича инновацион дастурлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Натижаларга кўра, ғолиблик робототехника йўналишида Норин туманидаги 43-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Муҳаммад Набижоновга, кемасозлик йўналишида вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази тўгарак аъзоси Акбаржон Маҳмудовга, авиа-ракета модель йўналишида вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази тўгарак аъзоси, Наманган шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Темур Маҳмудовга, автомодель йўналишида Учқўрғон туманидаги 8-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Қобилжон Тожимирзаевга, электрон ўйинчоқлар йўналишида Учқўрғон туманидаги 8-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Абубакир Абдуқаҳҳоровга, веб-сайтлар бўйича Поп туманидаги 10-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Элёр Раҳматалиевга насиб этди.
Шунингдек, қизғин баҳслар ва кўргазмалар намойиши асосида фахрли 2- ва 3-ўрин соҳиблари ҳам аниқланди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан махсус диплом ҳамда 1-ўрин соҳиблари велосипед, 2-ўринни эгаллаганлар фотоаппарат ҳамда 3-ўринни қўлга киритган иштирокчилар конструктор жамланмаси билан тақдирландилар.
Шунингдек, ”Энг ёш фестивал-танлов иштирокчиси”, “Энг ноанъанавий инновация муаллифи” номинацияси бўйича ҳам иштирокчиларга мукофотлар топширилди. Истеъдодли ўқувчиларни тақдирлаш учун ҳомийлар томонидан 14 миллион сўмлик мукофотлар ажратилди.
Ғолиб ҳамда номинациялар соҳибларига мукофотларни вилоят ҳокимининг ўринбосари П. Маткаримов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи В. Ражапов, фестивал-танловнинг бош ҳаками, республика “Баркамол авлод” болалар маркази вакили А. Хожибоев топширдилар.
@namanganvxtb