NARGIZA ODINAYEVA IJODI


Гео и язык канала: не указан, не указан
Категория: не указана


Shoira Nargiza ODINAYEVA ijodi ixlosmandlari jamlangan kanal.

Связанные каналы

Гео и язык канала
не указан, не указан
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


Manzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi


ЙИГИРМА ВА ЎТТИЗИМНИНГ ОРАСИДА

Қўшиғига тўлдиролмай бир фалакни,
Қиём ўтди, кун кўксимга оғаётир.
Юрагимдан бошлаб бердим камалакни,
Дил шаҳрига ёмғирлари ёғаётир.

Сўзга сиғмас Ўзи билган тавбаларим,
Исмин айтсам – файзи кетгай, файзи кетгай.
Қош қорайса – имлайверар қиблаларим
Ишқлар менсиз гуноҳ этгай, гуноҳ этгай.

Юким ортди этагимга юлдуз териб,
Юпун жоннинг савдосига хато келдим.
От ўйнатган дунёсига салом бериб,
Қиш тўкилдим, ёз тўкилдим, куз тўкилдим…

Шабнам борар тонг юзида булоқ бўлиб,
Харитага айланади карвон йўли.
Дил эланди кўпкарида улоқ бўлиб,
Чап елкамга ботиб кетган кимнинг қўли.

Тушлар, сизга кечагидек йиғлолмайман,
Кўзларимга қараб беринг, тинчликмикан.
Соқов айтган нолаларсиз яшолмайман,
Ичимдаги аразкашим тирикмикан.

Энг сўнгида тўкилади жон оҳори,
Даври-даврон, чўмичингда борманми, айт.
Товонимдан чўкаяпман жимлик сари
Тупроқларим айтган садо, мен бўлиб қайт.

Йўл тополмай оёғимга йўл суринар,
Жим турибман қиёматнинг қорасида.
Қай томонга борай десам ўт кўринар,
Йигирма ва ўттизимнинг орасида.

Мен англаган саховатни билмас олам,
Минг ўхшайман озиб-тўлган ойларига.
Қисматига кўнмай юрган, соқов одам,
Тош отиб тур юрагимнинг сойларига.

©Наргиза ОДИНАЕВА

Manzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi


* * *
Боботоғнинг бошига қор тушди, ота,
Ака, дарахтларнинг елкаси бўм-бўш.
Одамнинг бир марта ўлиши хато,
Ажал кўкрагимда ҳайдаб юрар қўш.

Қачондир умримиз жилғалар эди,
Осмонга ҳайқирган дарё бошланди.
Ҳаловат топмайман қайгача энди,
Қулфланган сандиқда нима ташланди?

Соғинчлар – кўзимда тўлғонган ҳумо,
Суягимни ёриб чиқади тишдай.
Яшайман – ўлчовим муҳаббат, аммо
Оғир юмушим йўқ ҳаво ютишдай.

Дундан ичкарида, дундан эшикда
Йиғлаш фаросатин ҳаммага берсин!
Олам оқиб борар улкан қўшиқда,
Мен жимжит турибман, Худо кечирсин!

Кеча – мўлжалимдан ортиб қолган йўл,
Бугун – маромига етмаган фурсат.
Менинг елкамда ҳам бўм-бўш турган қўл,
Ичда сўнгсиз ёққан қорлар бор фақат.

©Наргиза ОДИНАЕВА

Manzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi


* * *
Кетаверсанг бир йўл ахтариб,
Бисмилло гулласа сўнгакларингда.
Дунёни кўрмасанг киприк кўтариб,
Бир У айланса бош чаноқларингда.

Дарддан ортиқ бўлса кўкайингдаги,
Эгнингдаги фақат тақдир бўлмаса.
Қўлни қаритмаса ташвиш кундаги,
Ичингдаги бирор азоб ўлмаса.

Кунлар тортқиласа "салом" билмаган,
Бир "оҳ"ча ҳам сиринг чиқмаса тандан.
Қор, ёмғир, шувот деб ном қўйилмаган
Ҳодисалар ёғса осмон томондан.

Шундай тенгсиз борсанг бораринггача,
Нигоҳидан бошқа ҳеч не сезмасанг.
Жонинг азроилни топар онгача
Заминдаги бирор ҳолга сиғмасанг.

©Наргиза ОДИНАЕВА

Manzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi


* * *
Си бимол нотада айланади ер,
Си бимол нотада йиғлайди шамол.
Си бимол нотада кўнглим нима дер:
Шундай ҳол турибман -- авжи бемалол.

Си бимол, юз аст авжим қуюнда,
Юз аср сукутни куйлашим мумкин.
Одамлар юрибди буюк сургунда, --
Учиб кетолмайди қушлардай эркин.

Руҳни елкан қилган юрагим -- кема,
Жонимни У ёққа қўйиб юбордим.
Aйланиб юрибди бунда бир нима:
Соғинчдай навқироз, йиғидай қадим.

Семириб, семирмай туну кунни еб,
Кимдир ўкиради, кимдир сайрайди.
Жисмлар шаклида турибдими, деб
Ботаётган қуёш тўхтаб қарайди.

Кимнинг кўзларида ранглар чалкашди,
Кимнинг ҳаловати сиғмади сирга.
Си бимолни сақла, ўлимнинг гашти,
Ўхшаб бораяпти дунё қабрга.

©Наргиза ОДИНАЕВА

Manzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi


* * *
Она, кўнглинг дарёда оқди,
Бўлолмадим унга қайиқлар.
Эртагингда ким нима топди,
Aғдарилиб ухлар айиқлар.

Жим турибди осмонда қуёш,
Замин узра тўкилар ҳаво.
Дард танага сиғмаса кўз ёш,
Кўз ёш -- ичим айтмаган даъво.

Узоқ ёнар арчанинг чўғи,
Йўлга қараб ўсади соя.
Қараяпман, дунё бор йўғи
Биз ухлашда сиққан чорпоя.

©Наргиза ОДИНАЕВА

Manzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi


* * *
Бир қўшиқ бер ниҳояси йўқ,
Бир оғриқ бер, даво топмайин.
Бозилласин кафтимдаги чўғ,
Роҳат топай куйганим сайин.

Aралаштир Ўзингга хосин,
Қиёматлар ўтсин бу онгдан.
Қирқта жоним ордона қолсин
Қаршимдаги бир газ дунёнгдан.

Бир бандангман: қовурғамдан чанг,
Қўлларимдан най қилсин шамол.
Тугамасин ичимдаги жанг,
Кўнглим абад Ўзингга савол.

Кўрганларим қандайин ҳаллай,
Кўрмаганим суяк ичида.
Кирадиган қўнғироқ чалмай
Бир эшикка кечикдим жуда.

©Наргиза ОДИНАЕВА

Manzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi


ГУНГ ҚЎШИҒИ

Ўн беш кун тўлган ойнинг дардларини тилайман,
Оққанот турналарни юрагимга белайман.
Чўғ босган раққосига қисмат тутган коинот,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.

Уфққа оққан куйлар остонамда бўй етган,
Жавдирайди юрагим, ҳар тун азоб тўй этган,
Йўл теролмай кўнглимнинг сарҳадига ўт кетган,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.

Шамолдай чопиб кўрдим, бир нуқтада қотиб ҳам,
Тошлардан қутилмайсан, -- минг осмонга отиб ҳам.
Кўзларим кулиб тургай оловларга ботиб ҳам,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.

Йил думалаб йилларнинг борар шоми қорайиб,
Ёрилган пешонамни шабнамларга қўй чайиб.
Бобоси гунг атторнинг савдосида не айб,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.

Ёмғир соғинч исими, шоир ғамга эрками,
Дунё оғиб кетарди бўлмаганда бир ками.
Ҳайқираман чўғ босиб: "Aзоб -- руҳнинг байрами!",
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.

©Наргиза ОДИНАЕВА

Manzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi

Показано 8 последних публикаций.

3

подписчиков
Статистика канала