Нейропсихолог сифатида миянинг баъзи функцияларини яна бир бор эслатиб ўтмоқчи эдим. Бу ҳақда мен китобларим ҳамда ОАВ га берган интервьюларимда кўп бора маълумот берганман. Инсоннинг мияси икки ярим шардан иборат. Чап ярим шар бола билан нутқ (мулоқот) орқали ривожланади, яъни бола билан суҳбатлашиб туриш, ҳикоя ва эртаклар эшитиш орқали ривожланади. Ўнг ярим шар мияга нутққа алоқаси бўлмаган маълумотлар, яъни гўзал табиат, чиройли расм ва мусиқаларни таҳлил қилиш орқали ривожланади. Демак, бола нуқсонсиз ривожланиши учун у билан албатта суҳбатлашиб туриш, эртаклар айтиб бериш ҳамда уни табиат қўйнига олиб чиқиб туриш, театр, ҳайвонот боғи ва мусиқа мактабларига олиб бориш, расм чиздириш керак бўлади. Ана шунда бош миянинг иккала ярим шари бир хил ривожланади ва кейинчалик унинг ўзи ҳам мукаммалликка интилади. Шу билан бирга, миянинг ҳар бир ярим шарида тўртта бўлак фарқланади. Энса бўлаги – кўз орқали, чакка бўлаги – сўз орқали, тепа бўлаги – силов орқали келаётган сигналларни таҳлил қилади, сўнгра маълумотлар ақл ва тафаккурга кўпроқ алоқадор бўлган пешона бўлагидаги олий марказларга узатилади. Демак, бола онги бир маромда ривожланиши учун бош миянинг барча тузилмаларига ташқи муҳитдан келувчи сигналлар бир маромда тушиб туриши керак. Ушбу мувозанат бузилса, мия ривожланишдан орқада қолади ёки миянинг қайсидир функцияси ортиқча ривожланади, бошқа функциялар эса ортда қолади. Инсон руҳияти ва ақл-фаросати шаклланишида асосий аҳамиятга эга бўлган восита – бу сўз, яъни мулоқот. Буни асло унутманг!
Гўзал табиатнинг бетакрор манзараси ҳам сўз ва мулоқотнинг ўрнини боса олмайди. Агар боса олганида эди арчазорларга бурканган чиройли ўрмонлар, тиниқ дарёлар ва мусаффо осмон қўйнида улғайган маугли одамдан ақлли бўлур эди. Ваҳоланки, бундай бўлмади-ку! Демак, ҳеч нарса ўзаро мулоқотнинг ўрнини боса олмайди. Бир сўз билан айтганда, инсон сўз билан тирик!
Мен суҳбат мобайнида “Замонавий маугли” синдромини батафсил ёритишга ҳаракат қилдим. Боланинг хатти-ҳаракатлари маугли ҳаракатларига жуда ўхшаб турганлиги боис, бу ташхис менинг хаёлимга ҳозир келган эди. Мен фурсатдан фойдаланиб, бола билан боғлиқ барча вазиятларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Суҳбат чоғида шу нарса маълум бўлдики, бола билан мулоқот деярли бўлмаган, бўлган тақдирда ҳам боланинг туғма инстинктлари, яъни овқатланиш ва хожатга чиқиш инстинктларини қондириш пайтида она боланинг ёнига келган. Бу пайтда ҳам бола билан гаплашмай, балки она телефонда гаплашиб ўтиргандир. Демак, бола билан деярли жонли мулоқот бўлмаган.
Натижада сўз орқали ривожланадиган бош миянинг чакка бўлаги ривожланмай қолган. Чакка бўлаги планшетдан чиқадиган товушларга мослашиб ривожланган. Бизнинг суҳбат шу ерга келганда, Олим ака қизига қараб: “Бор-чи боладан бир хабар ол, ухлаб қолдимикан, ҳамма ёқ жим бўлиб қолди”, деди. Шу пайт бувиси бола билан бирга уйга кириб келди. Бола ухламаган эди. Бола иккала қўли билан берилиб планшетни ўйнаётган эди. Олим ака ва қизи менга қараб қўйишди.
– Мен ҳозир сизларга “Маугли синдроми”нинг яна бир белгисини кўрсатаман, – дедим ва ўрнимдан туриб секин болага яқинлашдим. Мен унинг ёнига борганимни бола сезмади. У ҳеч кимга эътибор қилмасди, ҳатто уни қўлидан ушлаб, уйга олиб киришганини ҳам бола сезмади. У виртуал дунёга боши билан шўнғиган эди. Мен унинг қўлидан планшетни тортиб олдим. У менга ташланиб кетди ва қўлимни тишлашга уринди. Мен орқага тисарилдим, у тишини ғижирлатиб яна менга ташланди. Планшетни қўлига қайтариб берувдим, дарров тинчланди-қолди. Олим ака ҳамма нарса тушунарли деб, қизига бир қараб қўйди-да ўрнидан туриб кетишга шайланди. Биз меҳмонлар билан хайрлашдик. Икки кундан кейин Олим аканинг қизи ўғли билан “замонавий мауглилар” юртига учиб кетишди.
Орадан бир муддат ўтмай, ўзимизнинг юртда туғилиб вояга етаётган яна бир болага “Замонавий маугли” синдроми деб ташхис қўйишимга тўғри келди. Афсус...
Манба- Асаб ва рухият. https://t.me/tibbiypsixologiya