2. Сувни тежаш.
Сув инсон учун ҳар қандай ҳолатда керакли бўлган, бебаҳо неъмат. Шу сабабли Ислом уни қадрлашга, исроф қилмасликка ундади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратни комил қилишга буюришлари баробарида сувни тежаб ишлатганлари бунга далил бўлади. Чунки таҳоратни комил қилиш сувни беҳуда ишлатишга рухсат бермайди. Қандай таҳорат олиш кераклигини Росулуллоҳ солалллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ўрганамиз:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَغْسِلُ، أَوْ كَانَ يَغْتَسِلُ بِالصَّاعِ إِلَى خَمْسَةِ أَمْدَادٍ، وَيَتَوَضَّأُ بِالْمُدِّ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир соъдан беш муддгача (миқдордаги сув билан) ғусл қилар, бир мудд (сув) билан таҳорат олар эдилар". Бухорий (201), Муслим (325/624).
Буни бугунги замонавий ўлчовлар билан қиёсласак, бир мудд тахминан ярим литрга тўғри келади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шунча сув билан таҳорат қилар, ғусллари эса уч литрга яқин сув билан мукаммал бўлар эди.
Бу ҳақиқатда бутун инсоният учун фойдали суннатдир. Айни суннатга амал қилиш учун қўйиладиган энг биринчи қадам таҳорат пайтида жўмракдан оқадиган сувни камайтириш ва сувни исроф қилмайдиган янги технологияларни қўллаш билан бўлади.
***
Айни мавзуда қуйидаги ҳадисни ҳам ҳужжат қилиб келтиришади:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ بِسَعْدٍ وَهُوَ يَتَوَضَّأُ فَقَالَ: مَا هَذَا السَّرَفُ يَا سَعْدُ قَالَ : أَفِي الْوُضُوءِ سَرَفٌ؟! قَالَ : نَعَمْ وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд (ибн Абу Ваққос)нинг ёнидан ўтиб қолдилар. У таҳорат қилаётган эди. Росулуллоҳ (унга) “Бу нима исроф?” - дедилар. У: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” – деб сўради. “Ҳа, агар оқиб турган дарёнинг бўйида бўлсанг ҳам (исроф бўлади)”, дедилар”. Аҳмад (7065), Ибн Можа (425). Ҳасан ҳадис.
Аммо бу ҳадиснинг саҳиҳ-заифлигида ихтилоф бор.
Шайх Аҳмад Шокир “Санади саҳиҳ”, деган. Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний: “Ҳадисни Абдуллоҳ ибн Лаҳийъадан Қутайба ибн Саид ривоят қилган. Шу йўл билан қилинган ривоят саҳиҳ бўлади”, деб айтган.
Тўғриси шуки, Саъд розияллоҳу анҳунинг ҳадиси заиф.
Ушбу ҳадисга ҳукм беришда Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳматуллоҳи алайҳ хато қилган. У киши Имом Аҳмад билан Қутайбанинг ўртасида бўлган гапга асосланган ва шу асосни нотўғри ишлатган. Бу суҳбат қуйидагича эди:
Имом Аҳмад Қутайбадан: “Сен Ибн Лаҳийъадан қилган ҳадисларинг саҳиҳ экан-ку?” – деб ажабланиб сўраганида, Қутайба: “Биз бу ҳадисларни Ибн Ваҳбнинг китобидан ўқиганимиздан сўнг Ибн Лаҳийъадан эшитсак, ёзардик”, деб жавоб берган.
Афсуски, юқорида Саъд ибн Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадис Ибн Ваҳбнинг китобида йўқ. Шунингдек, Ибн Ваҳбда келмай, фақат Ибн Лаҳийъанинг ўзи ривоят қилган ҳадис ҳужжат сифатида олинмаслигини Қутайба бошқа ўринларда ҳам айтиб ўтган.
”Балки ҳадисни маъноси саҳиҳдир”, дейилса, унда буни оқмайдиган, турғун сув ҳавзаларига (кўл, ҳовуз, қудуқ) қўллаш керак бўлади. Шунда дарё, денгиз каби оқадиган сувда ғусл қилиш ҳам мумкинлиги келиб чиқади. Яъни, сувдан эркин фойдаланишга рухсат бор. Албатта, “Рухсат бор экан”, деб қуруқ саҳрога сув оқизиб, исроф қилинмайди.
@sahih_sunnat