Кечаги мажлисда меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун
10 миллион сўмгача бўлган миқдорда паст ставкаларда кредит ажратиш борасида
кўрсатмалар берилган.
Охирги йилларда ва айниқса ҳозирда тижорат банклари кредит портфелининг энг ёмон ва сифатсиз қисми бу директив тарзда, имтиёзли ёки арзон шартларда ажратилган кредитлар ҳисобланади. Бунда
"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида ажратилган имтиёзли кредитлар алоҳида ўринга эга. Энг катта ўғирликлар ҳам шу ерда, ҳокимлар қўлтиғи остидаги кўчатсотар, уруғсотар, товуқсотар, молсотар ўртамчилар манфаати ҳам шу ерда. Кредитларни бошқа манбалар, қинғир-қийшиқ йўллар билан ёпишга мажбурлашлар ҳам шу ерда.
Меҳнат мигрантларига ажратилиши мўлжалланаётган кредитлар ҳам барча белгиларига кўра имтиёзли ва арзон кредитлар ҳосил қиладиган муаммолар яратади.
Бундай кредитлардан якуний манфаатдор монополистлар - Ўзбекистон темир йўллари ва Ўзбекистон ҳаво йўллари бўлади ҳолос.
Бозор қонун-қоидаларига кўра мигрантларга ажратиладиган кредитлар энг юқори риск тоифаларига киради. Уларда таъминот йўқ, уларнинг даромади барқарор эмас, ундириш бўйича трансфертлар манбасига қаратиш жуда мушкул иш. Демак риск юқорими, демак фоизлар ҳам юқори бўлиши лозим.
Бизда эса ҳаммаси бошдан оёқ тескариси. Ижтимоий лифтлар тескари юради. Селекция эмас, антиселекция, лидерлар эмас, лузерлар рағбат топади, эркин бозор эмас, бозорбойлар қарор қилади вҳк.
@the_bakiroo