#nazm
Эски тоғлар
Шоир Матназар Абдулҳаким вафотига
Эски тоғлар – она замин илдизлари,
Ер остига сиғмай ташга тошиб кетган.
Кечалари қордай эриб, кундузлари
Саҳарларнинг қирғоғидан ошиб кетган.
Мангу мерос қоялар ҳам, чўққилар ҳам –
Аждодларнинг оқ соқолли болалари.
Ўксиклари айтилар ҳам, ўқилар ҳам,
Айтганлари минг йилларнинг жолалари.
Эски тоғлар – ота замин томирлари,
Ватанларни улғайтирар қучоғида.
Сўз сачратар адабиёт ёмғирлари,
Акслар титрар абадият булоғида.
Эски тоғлар – қари ҳаёт ажинлари,
Асрларнинг юзларини ёриб чиққан.
Биздан кетган у дунёнинг мажнунлари
Ўз кўнглидан ўзин туққан.
Зирқирайди бу дунёнинг суяклари,
Тўлғонади дарё ҳаёт тўлғоғида.
Бу тоғларнинг тизма-тизма жўяклари,
Ёрилади дарду алам ингроғида.
Кетар бир-бир, карвон каби, лекин чўкмас,
Оҳ денгизга соя солар янги боғлар.
Муҳаббатга кўмилган юракларда...
Юракларда ўсаверар эски тоғлар.
Салим АШУР
Kanalga ulanish👇👇👇
https://t.me/uzasuz