Advokat Komilova


Kanal geosi va tili: ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Toifa: ko‘rsatilmagan


Advokat Zebo Komilovaning shaxsiy telegram kanali

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Toifa
ko‘rsatilmagan
Statistika
Postlar filtri


Шунақа энтузиастларни кўрсам маза қиламан

“Озодлик” радиоси Қўқон шаҳрида яшовчи Авазбек Мазаидов деган киши ҳақида лавҳа тайёрлабди. Кўриб, жуда таъсирландим. Қойил қолдим.

Бу инсон 63 ёшида юридик техникумни битирган экан. Ҳозир 68 ёшда, ФарДУ юридик факультетининг 4-курс талабаси.

Ўқиш билан бирга, муҳтожларга юридик ёрдам кўрсатар экан. БЕПУЛ ёрдам! Ўзининг ҳуқуқий маслаҳатхонаси бор.

Айтишича, ёшлигида шароити бўлмагани учун ўқий олмаган. Совет даврида бизнес қилмоқчи бўлиб чет элдан бир контейнер шиппак олиб келганида чайқовчиликда айбланиб, қамалган. 1991 йилда ушбу модда декриминализация қилингач, судланганлиги олиб ташланган.

“Қамоқда ўтириб ният қилган эдим: эсон-омон чиқсам одамларга ёрдам бераман, деб. 40 йилда ниятим рўёбга чиқди – судда қатнашдим. Ҳамманинг қурби бир хил эмас, адвокатга маслаҳат бергани учун 600-700 минг сўм тўлай олмайдиганлар қанча. Мен шунақа қийналган инсонларга бепул ёрдамлашаман”, дейди лавҳа қаҳрамони.

Шу ёшда ҳам ўқишни давом эттирмоқчи. Магистратурани адвокатура йўналишида ўқиб, илмий иш қилмоқчиман, дейди.

Келаси йили университетни битиргач адвокатликка лицензия олсалар ажаб эмас.

Ғаройиб тақдир. Лавҳа эмас, ҳатто фильм қилишга муносиб одам экан.


“Сангород”да мени ечинтириб текширмоқчи бўлишди

23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонага ҳимоямдаги шахсни кўргани борганимда шу ҳолатга дуч келдим.

Ҳужжатларимни кўрсатиб, кириш-чиқиш дафтарига қўл қўйиб ичкарига кираётганимда бир аёл ходим (ўзини Умида Мирзаева деб таништирди) мени алоҳида хонага бошлаб кириб... ечинишимни сўради!..

Ҳанг-манг бўлиб қолдим. Булар қайси сайёрадан тушган? Қайси замондан келган?

Сал-пал ҳушимни йиғиб олгач, босиқлик билан дедим: “Опа, адвокатман. Дахлсизлик ҳуқуқим бор”.

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси мазмунини ҳижжалаб тушунтирдим, бу хатти-ҳаракати билан касб фаолиятимга тўсқинлик қилаётганини ва бунинг учун жавобгарлик борлигини айтдим.

Гапларим кор қилса қани!

Бўлмади, ИИВ ишонч телефонига қўнғироқ қилишга тўғри келди. Шунда ҳам ярим соатча тортишиб, “Сангород” раҳбарининг аралашуви билан бу таҳқирли текширувсиз ичкарига кирдим.

Ҳеч бир ЖИЭМ ёки ҳибсхонада бунақа муносабат кўрмагандим. Дилим қаттиқ оғриди.

Эрта-индин яна ўша муассасага йўлим тушади. Тағин ўшандай муомала бўлса, бу сафар охиригача олишаман. Ҳа, қўшимча ташвиш, асаббузарлик бўлади. Начора, адвокатликнинг нони қаттиқ...


“Яланғоч ҳуқуқ”

Қадимги Рим ҳуқуқида “Nudum jus” деган ибора бўлган. Лотинчадан таржимаси – “Яланғоч ҳуқуқ”, яъни амалда қўллаб бўлмайдиган, қоғозда қолиб кетган ҳуқуқ.

Чиройли ибора, а?

Биз, адвокатларнинг “яланғоч” ва “ярим-яланғоч” ҳуқуқларимиз талайгина. Навбати билан уларга бирма-бир тўхталамиз.


Ассалому алайкум, дўстлар, ҳамкасблар!

Кўпдан бери дилга тугилган ниятимни ниҳоят амалга ошириб, телеграм-канал очдим.

Амалиётчи адвокат сифатида дам-бадам бирон баҳсли масалага, адолатсизликларга, қонунчилик ва амалиёт зиддиятларига дуч келмоқдаман. Уларни расмий идораларга имкон қадар олиб чиқяпман, албатта. Шунинг баробарида фаолиятимда учраётган ҳолатлар бўйича ўз нуқтаи назаримни сиз ҳамкасбларга билдириш, фикр алмашиш учун кичик бир ахборот майдонига эҳтиёж туғилиб, шу ишга қўл урдим.

Эълон қилажак постларим умумий муаммоларимиз ечилишига бироз бўлса ҳам ёрдам берса, мамнун бўламан.

4 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.