Вақт сассиз юради шошмай, пурвиқор,
Кўтармас ҳеч қачон шовқин ё чўқмор.
Ўзингни сезасан кундан-кун ҳақир,
Ҳар кун юрагингга ёғиб турар қор.
Кенгликка ёйилиб кетгандек тутун,
Сандонда ейилиб кетгандек бутун,
Сўзлардан воз кечиб, юмасан кўзни –
Дунё осмонида кўрмагач устун.
Бил, сен ҳам бир уюм кўч бўлиб қолдинг,
Оқибат, меҳрга ўч бўлиб қолдинг.
Мағзим тўқ деб айтган сўзларингга терс –
Синовлар қўлида пуч бўлиб қолдинг.
Ўйламасдинг илон чақмасмикин деб,
Ё кўкдан ўт тушиб ёқмасмикин деб.
Бугун елканг букиб қадам босасан –
Бошимга яна тош ёғмасмикин деб.
Ҳатто қизиқ эмас – оламдаги гап,
Турфа феълли бани Одамдаги гап.
Зотан, англадингки, бугун мос келмас –
Кеча бўлган байрам, мотамдаги гап.
Ҳаёт – тажаллийлар гулбоғи эрур,
Хулқинг – ишларингнинг булоғи эрур.
Ишларинг тақдирнинг қиёфасида
Ҳар он шиддат ила қаршингдан келур.
Демак, ўзинг – хаста, шифо керакдир,
Ўзингга ўзингдан ифшо керакдир.
Бор ўзинг ўзингга қўшин тортиб сен
Ва енггин – ўзингга подшо керакдир.
Гоҳида туз юриб, гоҳ озмоқдасан,
Ҳаёт китобингга сўз ёзмоқдасан.
Бу қўрқинч, лек буюк шарафли сафар –
Ўзлигинг ичинда йўл босмоқдасан.
14 август, 2024 йил
Акром МАЛИК
@AkromMalikUz
Кўтармас ҳеч қачон шовқин ё чўқмор.
Ўзингни сезасан кундан-кун ҳақир,
Ҳар кун юрагингга ёғиб турар қор.
Кенгликка ёйилиб кетгандек тутун,
Сандонда ейилиб кетгандек бутун,
Сўзлардан воз кечиб, юмасан кўзни –
Дунё осмонида кўрмагач устун.
Бил, сен ҳам бир уюм кўч бўлиб қолдинг,
Оқибат, меҳрга ўч бўлиб қолдинг.
Мағзим тўқ деб айтган сўзларингга терс –
Синовлар қўлида пуч бўлиб қолдинг.
Ўйламасдинг илон чақмасмикин деб,
Ё кўкдан ўт тушиб ёқмасмикин деб.
Бугун елканг букиб қадам босасан –
Бошимга яна тош ёғмасмикин деб.
Ҳатто қизиқ эмас – оламдаги гап,
Турфа феълли бани Одамдаги гап.
Зотан, англадингки, бугун мос келмас –
Кеча бўлган байрам, мотамдаги гап.
Ҳаёт – тажаллийлар гулбоғи эрур,
Хулқинг – ишларингнинг булоғи эрур.
Ишларинг тақдирнинг қиёфасида
Ҳар он шиддат ила қаршингдан келур.
Демак, ўзинг – хаста, шифо керакдир,
Ўзингга ўзингдан ифшо керакдир.
Бор ўзинг ўзингга қўшин тортиб сен
Ва енггин – ўзингга подшо керакдир.
Гоҳида туз юриб, гоҳ озмоқдасан,
Ҳаёт китобингга сўз ёзмоқдасан.
Бу қўрқинч, лек буюк шарафли сафар –
Ўзлигинг ичинда йўл босмоқдасан.
14 август, 2024 йил
Акром МАЛИК
@AkromMalikUz