НАВРЎЗ СОҒИНЧИ
Шошқалоқ баҳорда новдалар тўп-тўп,
Гулларин аёзга тутди бодомлар.
Ҳар йилгидан ўзга, ҳар йилгидан кўп,
Наврўзни энтикиб кутди одамлар.
Кўкламни кутмоқ ҳам энди заҳматми,
Соғинмоқ сурури мисоли бол, қанд.
Ёмғирми ёққани, оби раҳматми,
Наврўзни энтикиб кутди Самарқанд.
Уфқидан кўтариб секин бошини,
Шафаққа шошилгай қуёши қурғур.
Лойқа сувларига ювиб рошини,
Наврўзни интиқиб кутди Булунғур.
Тоғларида бордир тоғдайин мужда,
Боғларида булбул чиқарур савод.
Асов жилғалари жўш уриб Жўшда,
Наврўзни соғиниб кутди Қўшработ.
Йигитларин шашти ҳам виқорлари,
Боболардан қолган азалий ўгит.
Оқсоч қояларда эриб қорлари,
Наврўзни энтикиб кутади Ургут.
Қўй-қўзиси кўпнинг қозони ёғда,
Омбори бўғдойга тўлган одам бой.
Сумалак қайнатиб Каттақишлоқда,
Наврўзни энтикиб кутади Жомбой.
Қулоқ тут кўнгиллар оҳу зорига,
Деҳқонга ҳар йилги баҳор имтиҳон.
Худодан ризқ сўраб узумзорига,
Наврўзни энтикиб кутди Иштихон.
Ҳайратдан ҳайқириб, соғинчдан тўлиб,
Қирғоғига сиғмай пишқирар Дарғом.
Ўзга оро бериб, гўзал кент бўлиб,
Наврўзни соғиниб кутар Пастдарғом.
Ҳалвосин таърифи етган ойгача,
Ундан ҳам ширинроқ меҳридир малҳам.
Пайшанбадан тортиб, Жизмонсойгача,
Наврўзни соғинди Каттақўрғон ҳам.
Ҳамал кўнгилларга бергайдир таскин,
Бунда бир гўзалдир баҳор чоғлари.
Кўкаламга етсин эли пок маскан,
Наврўзни соғинди Тойлоқ боғлари.
Чўп тиқса чинорзор бўлур ерлари,
Тупроғи мисоли бир меҳригиё,
Кўк гилам тушабдир Лойиш қирлари,
Наврўзни соғиниб оқар Оқдарё.
Ўзанига шошар, тошиб тепада,
Ярми дарё ариқ, ярми лой ариқ.
Учтепа, Йўлтепа, Мойлитепада,
Наврўзни энтикиб кутар Пойариқ.
Ҳадемай қирларда қизғалдоқ кулиб,
Дашту яйловини этур гул обод.
Нурбулоқ бўйлари нурларга тўлиб,
Наврўзни интиқиб кутар Нуробод.
Ёзиб бўлмас сира Ватаннинг шарҳин,
Бу кент таърифини қай бирин айтай?!
Катта бир сайилга чорлайди Чархин,
Наврўзни энтикиб кутмоқда Нарпай.
Кўҳна байрамларнинг баҳраси қайтсин,
Тезроқ бошланақол, ёнмоқда ичим.
Ўлмас шоир гувоҳ, шеърида айтсин,
Наврўзни соғиниб кетди Пахтачим.
Ўлмасбек Самарқандий.
Kanalga obuna⤵️
https://t.me/joinchat/bwN9h4SjLkoyNGEy