У даврага келди. Ўтирди.
Гўё лола келди чет қирдан.
Соқий майда-майда ичирди,
Эски муҳит ўзгарди бирдан.
Ўхшаши йўқ бундай кулгуни
Ким чизибди унинг юзига,
Сочларидек қора қайғуни
Андазаси борми кўзида,
Қошини ким парваришлаган,
Ким ўстирган кўкракларини,
Оқ қўллари қайда ишлаган,
Лабидаги безакларини
Ўргатганми бирор муаллим,
Олганмикан бирор бозордан,
Нигоҳида ишора, минг им,
Асоратми бирор озордан,
Ҳар бармоғи бир боладек шўх,
Елкалари бунча одобли,
Тиззасининг кўзида тин йўқ,
Қадамлари чақмоқли, тобли,
Балки силлиқ билакларини
Дарёларнинг тоши чархлаган,
Вужудининг бўлакларини
Харидорлар қиммат нархлаган,
Қўлларининг ҳаракатида
Сезилади на ғам, на ташвиш.
Ишқнинг савдо, харажати-да,
Олма арчиш каби оддий иш.
«Сизни севиш мумкинми, хоним?
Сизни сира хафа қилмайман...»
Қирқ жойидан оғрийди жоним,
Исми нима қизнинг, билмайман.
Салим Ашур
@SalimAshur