2) Агар ўзингиз қаердадир хорижлик ижодкор билан танишган бўлсангиз, танишувни ижодий ҳамкор ва дўстлик даражасига кўтаришга ҳаракат қилинг. Бундай дўстларингиз йўқ бўлса, каминанинг Фейсбукдаги дўстларим орасидан ўзингизга маъқул чет элликларга дўстлик юборинг ва аста-секин мулоқотни йўлга қўйинг. Агар ҳали инглизча ё испанчада ёзишга қийналсангиз, Гугл таржимон орқали хабарлар юбориб турсангиз бўлади. Масалан, бу мулоқотни ўзингизни қисқача таништиришдан бошланг, кейинчалик янги ижодкор дўстингиздан асарларидан намуналар юборишни илтимос қилинг, албатта, ўқиш ва ёққанларини ўзбек тилига таржима қилиш учун. Чет эллик кўп илғор шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари кўпинча рус ва ё турк тилига таржима қилинган бўлади, иложи бўлса, ўшани сўранг ва бошланишига рус ё турк тилидан таржима қилиб туринг. Хуллас, мулоқотни ана шундай позитив нарсадан бошлаган яхши. Кейин таржимангизни дўстингизга юборасиз, бирор газета ё журналда чоп эттишса, боши осмонга етади. Шу ерда бир муҳим нарса ёдингизда турсин: асарини таржима қилмоқчи бўлганингиз шоир ё ёзувчидан муаллифлик ҳуқуқини таржима қилишдан аввал мулойимлик билан сўраб олинг, яъни фалон ҳикоя ё шеърингизни таржима қилишим ва келгусида ўзбекча нашрларда босишим учун изн беринг, деб ёзма рухсатини олишни унутманг! Гап орасида, мабодо бу таржима нашр этилса, (иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб) гонорар берилмаслиги, аммо газета ё журналдан бир-икки нусха юборишингиз мумкинлигини албатта қистириб ўтинг. Нега десангиз, одатда, чет элдаги нуфузли нашрлар бирор муаллифнинг асарини босса, автоматик тарзда қалам ҳақи беради (чет элдаям ижодкор халқи кўп ҳолда ҳақли равишда гонорардан умидвор, аммо усиз ҳам шароитни яхши тушунади). Бундай мулоқот бора-бора ўзаро борди-келдига уланиши бор гап, ҳеч йўқ сизни қайсидир хорижий ўлкадаги ижодий тадбир ва дастурларга таклиф қилишлари билан давом этади. Шундай пайт ҳам келадики, асарларингизни ўзлари сўраб олиб, таржима қилиб, нашр этишади, ҳатто гонорар ҳам тўлашади!