Зеҳн сустлиги гуноҳлар асоратиданЖуда кўп толиби илмлар ҳофиза қуввати сустлиги ва зеҳни пастлигидан шикоят қилади. Агар текшириб кўрсангиз, бунинг сабаби гуноҳу маъсиятлар эканини топасиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Маъсият таъсирида юзда қоралик, қабрда зулмат, баданда заифлик, ризқда танглик, халқлар қалбида нафрат ҳосил бўлади. Тоат таъсирида эса юзда нур, қалбда нур, баданда қувват, ризқда кенг-мўллик, халқлар қалбида муҳаббат ҳосил бўлади».
Имом Шофеъий ўсмирлик пайтида, ёши ҳали ўн бешдан ўтмаган бир даврда Ҳузайл қабиласида араб тилига оид илм-фанларни пухта эгаллаб, араб тилида ғоят гўзал ва фасоҳатли гапирадиган бўлганида амакиваччаларидан бири унга: «Эй Шофеъий, бундай гўзал фасоҳатга фиқҳ ва илм қўшилмоғи зарур», дейди. Унинг: «Кимнинг қўлида илм ўқисам бўлади?», деган саволига: «Мадинага, мусулмонларнинг саййиди Молик ибн Анас ҳузурига боргин», деб жавоб беради.
Шунда Шофеъий Имом Моликнинг «Муватто» деган китобини қидириб топади ва тўққиз кунда уни тўла ёд олади. Сўнг Мадинаи Мунавварага, Имом Молик ҳузурларига жўнайди.
Шофеъий устози Имом Молик олдида ўтириб, унга «Муватто»ни ёддан ўқиб эшиттиради. Имом Молик унинг зеҳни ва ҳофиза қувватига қойил қолади ва: «Шубҳасиз, мен сизнинг қалбингизга Аллоҳ нурни солиб қўйганини кўраяпман. Уни гуноҳлар зулмати билан сўндириб қўйманг», деб насиҳат қилади.
Имом Шофеъий толиби илмлар ўртасида ғоят машҳур бўлган қуйидаги байтда шундай дейди:
Вакийъга қилдим эсарликдан шикоят,
Гуноҳ қилмасликка қилди насиҳат.
Ва деди: Билгингки, илм бир нурдир,
Аллоҳ нурин осийга бермайди, албат!
https://t.me/islomnuri