Рўйхатдаги талаба пастга тушадими?
Бу саволни ҳам кўпчилик бермоқда. Айтайлик, кира олмаган талаба апелляция ёки суд орқали ғалаба қозониб, талабаликка қабул қилинса, унда рўйхатдаги охирги талаба пастга тушиб, ўқишга кирмаган деб ҳисобланадими? Ёки контрактдаги талаба бюджетга ўтказилса, бюджет рўйхатидаги охирги талаба контрактга тушиб қоладими?
Бу саволларнинг жавобини қабул тўғрисидаги бирорта қарор ва низомларда учратмаганман. Яъни ушбу ҳолат қонунчиликдаги бўшлиқ ҳисобланади.
Шундай бўлсада, бу масала бугунги кунгача Давлат комиссияси баённомаси (протокол) орқали ҳал қилиб келинган. Аммо бу унчалик ҳам тўғри эмас, сабаби Давлат комиссиясининг баённомалари норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди. Эртага турли тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун бу ҳолат қонунчиликда аниқ ва батафсил қайд этилиши шарт.
Бирорта низомда аниқ қоидаларнинг йўқлиги Давлат комиссиясига исталган қарорни қабул қилиш учун шароит яратади. Масалан, бир вазиятда апелляциядан ютган абитуриентнинг ҳисобига рўйхатдаги охирги талабага «узр, Сиз кира олмадингиз» дейиш ҳам мумкин, бошқа бир вазиятда квоталар сонини яна биттага ошириб, рўйхатнинг охиридаги талабани сақлаб қолиш ҳам мумкин. Бундай тартиблар коррупцияга мойил механизм ҳисобланади ва максимал даражада қонунчиликда бундай бўлиқларни бартараф этиш тавсия қилинади.
Энди бевосита судда ғалаба қозонилган иккала ҳолатларга келсак.
Айтайлик, Педиатрия институтига тавсия қилинган жиззахлик абитуриент шартнома асосида талабаликка тавсия этилди. Бунинг эвазига худди шу йўналишда охирги ўринда кирган ва аллақачон 8 ой ўқиб қўйган талабани четлатиш керакми? У тўлаб қўйган контракт пуллари қайтариб бериладими? У олган стипендияларчи?
Бугун талабага айланган абитуриент қанақа қилиб 8 ойда қолдирган дарсларини ўзлаштиради, бунинг бирорта тартиби борми? У шартнома пулини тўлиқ тўлайдими ёки фақат май ойи учун?
Ёки Тиббиёт академиясида контрактдан бюджетга ўтадиган талаба қизни олайлик. Бюджетга охирги ўринда кирган талаба контрактга ўтадими? Бюджетга ўтган қизга шартнома пули тўлиқ қайтариб бериладими ёки қисман? Қайси ҳуқуқий асосга кўра?
Яна бир томони, ўша бюджетда охирги ўриндаги талаба апелляция бера оладими? Чунки август ойида натижалар уни тўла қаноатлантирган ва шикоят қилиб ўтирмаган, лекин ҳозир унга «контрактга ўтасан» дейилса, балки унинг ҳам апелляцияси бордир? Балки ўша жин ургур 57-савол унга ҳам тушгандир? Ҳозир апелляция берса, унинг шикояти кўриб чиқиладими? Лекин Низомда апелляция бериш муддати 15 кун деб кўрсатилганку.
Кўряпсизми, саволлар жуда ва жуда кўп. Аммо бирортасига жавоб йўқ.
Эски гапларни яна бир марта такрорлашга мажбурман.
Мени бир нарса доим ҳайрон қолдиради.
Нима учун таълимга масъуллар йиллар давомида муаммо бўлиб келган масалаларни қонунчиликка киритмаган? Низомларга тегишли ўзгаришлар киритилмаган, ҳужжатлар такомиллаштирилмаган? Ахир суд орқали ғолиб чиққан абитуриентлар илгари ҳам бўлганку. Йиллар давомида бунақа муаммоларга шунчаки кўз юмилиб, ҳаммаси оғзаки ҳал қилиб келинаверган. Ҳеч ким «ҳой, бунинг ҳуқуқий асоси қаерда?» деб савол бермаган.
Майли, ўтган йиллар ўтиб бўлди, бу нарсаларни ҳеч бўлмаса энди тўғрилаш вақти келди, менимча.
Bizning kanal:
👇👇👇
@Tarixdan_fanidan_test_variantlar