Ўзбек тилининг муаммолари кўп, аксарияти кенг оммага ва мутахассисларга яхши маълум. Бугун аксарият эътибор қилмайдиган бир муаммога эътибор қаратмоқчиман.
Ўзбек тили 1930-йиллардан буён рус тилининг босими остида мавжуд бўлиб келган; бундай босим ҳозир ҳам бор. Ўзлашмаларни рус тилидан олиш, русча талаффуз қилиш, рус тилига ҳар масалада аланглашдан ташқари, яна бир жиҳат борки, бу кўча ёзувларида ва рекламада кўп акс этади. Гап икки тилнинг гап тартибида.
Гап тартиби типологияси деган тушунча бор. Бу типология тилларни гапда қайси бўлак қайси ўринда келишига кўра таснифлайди. Унга кўра, рус тили
SVO базавий тартибига эга. Бунда
S –
subject (эга),
V –
verb (кесим),
O –
object (воситасиз тўлдирувчи). Яъни рус тилида дастлаб эга, сўнг кесим, сўнг воситасиз тўлдирувчи келади:
Я люблю тебя.
Худди шу гапни ўзбекча айтсангиз, тўлдирувчи ва кесим жой алмашади:
Мен сени севаман. Чунки ўзбек тили
SOV базавий тартибига эга.
Ўзбек тилининг мустақил эмаслиги
шаҳар эпиграфикасида (пешлавҳа ва расмий ёзувларда) ўзбекча матнни русча матнга мослашга уринишларида кўзга ташланади. Чап томондаги суратда бунинг мисолини кўришингиз мумкин. Ўзбек тили қонуниятларига кўра, гапнинг
Дўстлик шаҳрига компоненти
хуш келибсиз компонентидан олдин туриши керак:
Дўстлик шаҳрига хуш келибсиз. Лекин рус тилида бунинг терси бўлади:
Добро пожаловать в город Дустлик. Азалдан русча ёзиб, ўзбекча матнни русчага мослаб ўрганиб қолишганидан, ўзбек шаҳарлари киришига қўйиладиган бу каби
марҳамат инсталляцияларининг шакли ҳам рус тили қоидаларига мослангани учун (шаҳар номи учун пастда горизонтал чизиқ қолдирилади) ўзбек тилининг гап тартибини бузиб,
Хуш келибсиз Дўстлик шаҳрига деб ёзишади. Шунчаки инсталляциянинг шаклини ўзгартириб, горизонтал чизиқни тепага кўчириб қўйиш бировнинг хаёлига келмайди.
Рус тилидан воз кечиб, инглиз тилига ўтиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Гап шундаки, инглиз тили ҳам
SVO базавий гап тартибига эга. Яъни инглиз тилига мосланган ўзбекча матнларда ҳам худди ўша хато такрорланади. Буни ўнгдаги суратда кўришингиз мумкин.
Tashkent loves youth гапида феъл сўз билан эмас, юракча билан ифодаланган. Ўзбек тили тартибига кўра, юракчанинг ўрнида
Тошкент сўзи бўлиши керак, юракча эса гап охиригача кўчиш керак. Лекин ўзбек тилини бошқа тилларга бўйсундиришга ўрганган рекламачиларимиз коллажни инглиз тили тартибига мослаган. Натижада ўзбекча матн
Тошкент севади ёшларни деган ғайритабиий кўринишга келиб қолган.
Бу плакатда ўзбекча матн инглизчадан йирикроқ бўлса ҳам, аслида унга бўйсуниб турибди. Бу ўзбек тилининг бугунги ҳолатини акс эттиради. Тузукроқ тил тадқиқотлари ўтказилиб, ўзбек тилининг ўз имкониятларига эътибор қаратилмас экан, уни бошқа тилларга мослаштириш тўхтамас экан, бу аҳвол давом этаверади.
@AsanovEldar