Xo'ja Abror


Kanal geosi va tili: ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Toifa: ko‘rsatilmagan


Sh'erlar, Dildagi gaplar

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Toifa
ko‘rsatilmagan
Statistika
Postlar filtri


Табиат қучоғини соғинганлар учун ажойиб виртуал имконият бўлибди. Қушлар сайрашини эшитишни хохлайсиз-ми?

Хавола орқали кириб, қушларни устига босинг.

👇👇👇
https://coneixelriu.museudelter.cat/ocells.php


@XOJA_ABROR


#АМИР_ТЕМУР / #AMIR_TEMUR

📚Тарихни билмоқ - ўзликни англамоқ!

Биз ким мулки Турон, амири Туркистонмиз.
Биз ким миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи, туркнинг бош бўғинимиз.

Бугун 9 апрель буюк Сохибқирон Амир Темурнинг туғилган куни. Ўтган аждодларимизнинг руҳлари шод бўлсин ва улар яратган илм нурлари барчамизга зиё берсин!

https://t.me/XOJA_ABROR


ОЛАМ УЗРА ТАРАЛМАГАН БУЮК МУДРОҚ ДАРД

Ногаҳон шундайин бир дард келади,
У дарда қўшилиб бир шарт келади.
Дейди: “Гар шеър бўлсам тенгим бўлмасин,
Мени борки бутун олам тингласин!”.

Бу дарддан қочаман, қувалайди у,
Тутиб олган ерда савалайди у.
Дейман: “Мен кимман дардгинам айтгин,
Таърифингга ожизман, сўзингдан қайтгин”.

“Йўқ!” – дейди, – “Мен сендан кетмайман энди,
Шеър бўлай, ёз мени йўқ қилиб тенги”.
У дардни етаклаб юраман дайдиб,
Дейман: “Буюкмасман қўяйин айтиб”.

У билан кезаман сўзлар бўстонин,
Излаб, парвоз этиб сўзлар осмонин.
Таъриф этгулик сўз топмай охири,
Яна бир оз муҳлат олдим ахийри.

Мудроқ босишини пойлаб туну кун,
Секингина жилдим ёнидан бир кун.
Кетдим узоқларга қочиб мен ундан,
Қанийди бегона бўлса шу кундан.

Қўйдим ўша кундан ўзимга бир шарт:
“Изланаман дардсиз яшамоқ учун”.
Бир куни жилмайиб яна ўша дард,
Келди назаримда қийнамоқ учун.

Деди ўксиб: “Мени ташлаб кетмагин,
Мендан сен қўрқмагин, хечам қочмагин.
Истасанг мени хеч кимга айтмагин,
Сир қилиб сақлай қол, хечам очмагин.

Буюк шоирлар ҳам банда аслида,
Ёзиб кўр ёқмаса ташлагин йиртиб.
Мен улуғман, буюк дардман аслида,
Яшаш шартмас мени елкага ортиб.

Сен учун яралдим буни билиб ол,
Уйғонишим кутгин ҳоҳласанг бе сас.
Мудроқ босди мени хайр яхши қол,
Уйғонсам ёнимда бўлсанг бўлди бас!”.

Шундан бери мудраб ётар буюк дард,
Оламдек кенг, гоҳи қилдек кўнглимда.
...Кўзинг оч, бир марта салом дегин дард,
Етаклабмас, кўтариб юрай қўлимда.

Ногаҳон шундайин бир дард келса-ю,
У дардга қўшилиб бир шарт ҳам келса.
Деса: “Гар шеър бўлсам тенгим бўлмасин,
Мени борки бутун олам тингласин...!

https://t.me/XOJA_ABROR


ДУО

Қувондик, худо сизни яратганда,
Ўғлимсиз, энди ўчмас ўриним.
Бобонгиз таъбири билан айтганда,
Подшосиз, данагидан шириним.
Яратгандан тилаб олганим мани,
Дуоларда сўраб қолганим мани.

Худо берган улуғ неъматим – болам,
Фақат соғ-саломат, омон бўлинг Сиз.
Мендан кўпроқ Сизни севади онам,
Онамдек мўътабар, азиз бўлинг Сиз.
Яратгандан тилаб олганим мани,
Дуоларда сўраб қолганим мани.

Юртга хизмат қилинг, боғлаб белингиз,
Энг олий саодат элнинг хизмати.
Ҳамма вақт доим кенг қилинг феълингиз,
Сабр-тоқат, камтарлик инсон зийнати.
Яратгандан тилаб олганим мани,
Дуоларда сўраб қолганим мани.

Айтишга жуда кўп тилагим мани,
Ҳар доим дуода билагим мани...
(2019)

https://t.me/XOJA_ABROR


ФИДОЙИЛАР

Тилсиз жонзотларнинг дардин тинглаб,
Жонига малҳам топар, шифосин излаб.
Ўхшаса ҳазрати инсонга ўхшайди,
Ветеринар, мурувват учун яшайди.

Унга бегонадир манманлик, кибр,
Хатто унинг олдида уялар сабр.
Ўхшаса ҳазрати инсонга ўхшайди,
Ветеринар, садоқат учун яшайди.

Борига шукрли, билмас миннатни,
Елкасида кўтариб юрар ҳимматни.
Ўхшаса ҳазрати инсонга ўхшайди,
Ветеринар, саҳоват учун яшайди.

“Бехатар яшасин” деб азиз инсон,
Хавф-хатар йўлига бўлади қалқон.
Ўхшаса ҳазрати инсонга ўхшайди,
Ветеринар, инсоният учун яшайди.

“Лаббай” дея жавоб беради дарров,
Тунда деразадан чақирса биров.
Ўхшаса ҳазрати инсонга ўхшайди,
Ветеринар, оқибат учун яшайди.

Ўзи танти, камсуқум, камтар ҳаёти,
Инсониятни асраш унинг баёти.
Ўхшаса ҳазрати инсонга ўхшайди,
Ветеринар, ширин сўз учун яшайди.

Орзуси ҳам оддий ўзига ўхшайди,
Олгани дуо, ундан қолгани дуо.
Ўхшаса у фақат ўзига ўхшайди,
Ветеринар, ҳазрати инсондек яшайди!
(2017)

https://t.me/XOJA_ABROR


ВАҚТ

Қаерларга бунчалар шошасан вақт,
Бир сўзлисан, ажаб, сени аҳдинг аҳд.
Секинроқ юрсанг-чи, қил бироз тоқат,
Ахийри бунчалар бўлма бешафқат.
Бўйсунасан ёлғиз Оллоҳга фақат,
Ҳали мени излаб топмади роҳат...
Сенга бир гапим бор қани айт-чи, айт!
Тўхтасанг-чи, тўхтагин, ортингга қайт!
Хў-ўв вақт! Эшит, қаёққа кетасан!
Қачон бир-бировинг қувиб етасан...!
Тўхтасанг-чи, тўхтагин, ортингга қайт!
Секинлаша кўрма кутаётган пайт.
Қаерларга бунчалар шошасан вақт,
Бир сўзлисан, ажаб, сени аҳдинг аҳд.
(2011)

https://t.me/XOJA_ABROR


ЁЛҒОНСИЗ ОЛАМ – ОЛАММАСМИ

Меҳр билан айтган ширин сўзга ҳам,
Мурувват-ла боқиб турган кўзга ҳам.
Табассумин кўз-кўз қилган юзга ҳам,
Ёлғон қўшмас бўлсак кўнгил тўлмасми,
Ё ёлғонсиз олам – олам бўлмасми?

Муҳаббатни изҳор қилар чоғда ҳам,
Қушлар сайраб турган гўзал боғда ҳам.
Ёшлик қолиб кесайган бу чоғда ҳам,
Ёлғон қўшмас бўлсак кўнгил тўлмасми,
Ё ёлғонсиз олам – олам бўлмасми?

Бизни кутиб оларлар-у – “Меҳмонмиз”,
Сўнг уларни кузатамиз – “Мезбонмиз”.
Яна бизни кузатарлар – “Меҳмонмиз”,
Ёлғон қўшмас бўлсак кўнгил тўлмасми,
Ё ёлғонсиз олам – олам бўлмасми?

Арзимас бир иш, келинг бўлдирайлик,
Саломни ёлғонларсиз қолдирайлик.
Шундай салом-ла дунё тўлдирайлик,
Ёлғон қўшмас бўлсак кўнгил тўлмасми,
Ё ёлғонсиз олам – олам бўлмасми?
(2002)

https://t.me/XOJA_ABROR


ҚИЗИМСИЗ
(Мўътабархонга)

Юзи оппоқ, эркатойимсиз мани,
“Бойчечагим”, ширинтойимсиз мани.
Кўзи мунчоқ, кўзмунчоғимсиз мани,
Менинг бугуним, эртам, оқ юзимсиз,
Худо синаш учун берган қизимсиз.

Чақирсам бағримга талпинган қизим,
Ўзини тилида гапирган қизим.
Йиғлайвериб мени кулдирган қизим,
Мени ёшлигимсиз, худди ўзимсиз,
Мен учун энг лобар, гўзал қизимсиз.

Йиғиси билан уйни тўлдирганим,
Шоҳ бўлиб айтганини қилдирганим.
Уйқуни қовоқ уйиб билдирганим,
Фариштамсиз, оппоқ нурдек қизимсиз,
Хусни билан ақли бирдек қизимсиз.

Дуо қилар Буваси бошин силаб:
“Ҳаёти порлоқ бўлсин кўзларидек”,
Бувиси қўшилади сизлаб-сизлаб:
“Қалби ҳам оппоқ бўлсин юзларидек”.
Дуоларда сўраб қолган қизимсиз,
Яратгандан тилаб олган қизимсиз.
(2007)

https://t.me/XOJA_ABROR


МАЛИКАМ

Ойдин юз маликам,
Шаҳло кўз маликам.
Бас қил кўз ёшингни,
Ўзингсан эркам.

Сочларинг ичикиб бармоқларимга,
Бир-бирин пинжига кириб кетдими?

Тим қаро сочларинг,
Ўрма, ёйиб ол.
Қўлимдаги гул сенга,
Жоним келиб ол.

Кўз ёшинг ичикиб яноқларингга,
Бир-бирин ортидан қувиб кетдими?

Кўзингдан ёш эмас,
Маржон думалар.
Йиғлаб эркаланишинг,
Жонимни олар.

Муҳаббатнинг, рашкнинг қийноқларига,
Беозор дилингга озор етдими?

Ойдин юз маликам,
Шаҳло кўз маликам.
Бас қил кўз ёшингни,
Ўзингсан эркам.
(2000)

https://t.me/XOJA_ABROR


МЕНИНГ СЕВГИМ

Севги дегани нима, қандай бўлади,
Қанийди ақлим уни билишга етса.
“Файласуфлар” айтиб беринг, ким билади?
Кошки бири бир оғиз сўз билан айтса.

Афлотун, бу саволга сен нима дейсан,
Кимнидир хушламоқми, аҳмоқликми ё.
“Истаган билан муродга етмоқ” – дерсан,
Кимгадир ширин сўзлар айтмоқликми ё?

Мен ҳам севаман, севаман, тамом, лекин,
Қандай қилиб шундайин бўлиши мумкин?
Хўш қани менинг севгим устида бугун,
Бош қотириб кўр, билиб бергин Афлотун!

Дерсан балки: “Сен, севмагансан, севмайсан”,
...Тополмадинг буюк файласуф, севаман!
Кўп нарса биларсан лек мени билмайсан,
Севаман, само бўлиб, сирли севаман.

Севги дегани нима, қандай бўлади,
Қанийди қурбим уни билишга етса.
“Файласуфлар” айтиб беринг, ким билади,
Кошки бири бир оғиз сўз билан айтса.

Майли, керакмас билиш, истамайман ҳам,
Севаман, олов бўлиб, ёниб севаман.
Сен ҳам тинч ёт Афлотун, қистамайман ҳам,
Севги бу келажак, ишониб севаман.

Менинг ҳам ўз куним бор, ўз ташвишим бор,
Нима қилай, шундай севишга ўз ҳоҳишим бор.
Қандай бўлиши билан нима ишим бор,
Қандай қилиб шундай бўлса, ўшандай севаман.
(2005)

https://t.me/XOJA_ABROR


БЎЛМАСА ЁР НОЗ ИБОСИ

Ошиқ “севдим” деган сўзи,
Бу тил эмас, дил садоси.
Суюкли бўларми ўзи,
Бўлмаса ёр ноз, ибоси.

Ошиқ асли севармиди,
Шунча эъзоз этармиди.
“Ёнаман” деб айтармиди,
Бўлмаса ёр ноз, ибоси.

Ҳаёт гўзал бўлармиди,
Шоир боқий қолармиди
Дилларга чўғ солармиди,
Бўлмаса ёр ноз ибоси.

Таърифига асл гўзални,
Йўқ эрур сўзнинг адоси.
Битмасдим мен бу ғазални,
Бўлмаса ёр ноз, ибоси.
(1999)

https://t.me/XOJA_ABROR


ОЛАМ

Майингина эсган шаббода,
Олиб келар сенинг овозинг.
Парча оппоқ булут фазода,
Акс эттирар ойдек жамолинг.

Аҳёнда бир кўринган қуёш,
Табассуминг эслатар гулим.
Кўзга келар қувончли кўз ёш,
Равшан бўлур парча бу дилим.

Баҳордаги майин майсалар,
Кипригингни ердаги акси.
Ойни кўрсатиб “Не” – десалар,
“Ой” – демайман, “Ёримнинг акси”.

Тонгни қарши олувчи шабнам,
Ўхшар мунчоқ-мунчоқ кўзингга,
Булар бари бўлса гар олам,
Оллоҳим, минг шукр ўзингга.
(1998)

https://t.me/XOJA_ABROR


БЕГОНАСАН БУГУНДАН БОШЛАБ

Зўрим йўқ кўнглинг берибсан ўзинг ҳоҳлаб,
Майли, сен кетавергин ўзимни ташлаб.
Қўй, бекорга уринма ўзингни оқлаб,
Мен учун бегонасан бугундан бошлаб.

Қалбимда муҳаббат йиғлаб бўлди ғазал,
Кўзимнимас сен қалбимни кетдинг ёшлаб.
Шуни билиб қўйгин эй, бевафо гўзал,
Мен учун бегонасан бугундан бошлаб

Бегона деб аташга кўнмайди юрак,
Тунлари-ку саробда тўлғонар қош, лаб.
Бироқ сени унутиш керак-ку, керак!
Мен учун бегонасан бугундан бошлаб.

Тушларимга кирмагин асло керакмас,
Хаёллар келмасин азобни бошлаб.
Чорасизлик бу фақат асло тилакмас,
Мен учун бегонасан бугундан бошлаб.

Бу ҳаёт гулшанида кезарман ҳамон,
Жонсиз у муҳаббатни елкамга ташлаб.
Гўзал ёмон экансан, ёмонсан... Ёмон!
Мен учун бегонасан бугундан бошлаб.

Бегона деб аташга кўнмайди юрак,
Тунлари-ку саробда тўлғонар қош, лаб.
Бироқ сени унутиш керак-да, керак!
Мен учун бегонасан бугундан бошлаб.
(2000)

https://t.me/XOJA_ABROR


ЙИҒЛАМАНГ

Мени ҳам етаклайди азроил бир кун,
Жисмим-чи, ерда қолар бўлиб бир тугун.
Жигарларим, йиғламанг, йиғламай юринг,
Жойнамозда Хўжани ҳам эслаб туринг.

Йиғингизни хеч нафи менга етмайди,
Ҳижиллик бўлса, йиғи билан кетмайди.
Азизларим, йиғламанг, йиғламай юринг,
Жойнамозда Хўжани ҳам эслаб туринг.

Кўз ёши ўртамизни тўсиб қолмасин,
Шеърларимни ўқиб туринг ўксиб қолмасин.
Авлодларим, йиғламанг, йиғламай юринг,
Жойнамозда Хўжани ҳам эслаб туринг.

Йиғламанг, дўзахларнинг саси келмасин,
Қалбларнинг азобли нафаси елмасин.
Қадрдонларим, йиғламанг, йиғламай юринг,
Жойнамозда Хўжани ҳам эслаб туринг.

Кетган руҳим билан қийноқи аламим,
Қолган бир бурчакда жим бўзлаб қаламим.
Давомларим, йиғламанг, йиғламай юринг,
Жойнамозда Хўжани ҳам эслаб туринг.

Кета туриб биргина айтган ўкинчим,
Йилларнинг қанотида етган ўтинчим.
Мўъминларим, йиғламанг, йиғламай юринг,
Жойнамозда Хўжани ҳам эслаб туринг.
(2004)

https://t.me/XOJA_ABROR


БУ ГУНОҲ КИМНИКИ ГЎДАК БОШИМДА

Эй, менинг отажоним,
Онажоним,
Айтинглар менга
Нима гуноҳим!

Билолмай ақлим лол недир гуноҳим,
Болалар уйида бўлди паноҳим.
Бир парча матога сиғдим мен ҳайҳот,
Онамнинг бағрига сиғмадим наҳот.

Айтинг гуноҳим менга Отажоним,
Балки сизга фарзанд бўлганиммикан?
Айтинг гуноҳим менга Онажоним,
Бу дунёга бевақт келганиммикан?

Онажон, Онасиз ўсган болага,
“Етим бола” деган ном берарканлар.
Етим бола қалби тўла нолага,
Унга гуноҳкордек жим қарарканлар.

Ақлим танибманки қалбим мисли тун,
Ёришмас қалбимга ёқса ҳам чироқ.
“Она” деган сўзни тушундим бугун,
Онам бор онасиз улғайдим бироқ.

Болалардек бўлмаса-да улғайдим,
Энди мен ажратдим оқни қорадан.
Кирдимми мен ҳам бир бор тушингизга,
Ахир шунча йил ўтибди орадан.

Сизни қўмсаб, кутиб Онажон,
Шунга амин бўлдим туғилган инсон.
Сиғмаса агарда Она бағрига,
Ватан улғайтирар олар бағрига.

Яшайман она юртим мадҳинг ёд этиб,
Доно ҳалқим ҳикматинг қалбга жо этиб.
Сенга бўлсин бу жоним, сенга бу таним,
Қабул эт фарзандингман Она Ватаним.
(1998)

https://t.me/XOJA_ABROR


СЕВАМАН

Сени севаман, керак эмас бошқа дард,
Мен учун шу катта гап, шунинг ўзи бахт.
Ўртамизда бўлмаган хеч қандайин шарт,
Ҳаттоки одатий бўладиган аҳд.
Биламан, ёқаман, айт, чўзаверма...,
Мен сени севаман буни биласан...
Уф-ф... бўлди қил Хўжа, шеър ёзаверма,
Севмайман деганда нима қиласан?
Айтмайман...! Билмайман...! Уни севаман!
(2005)

https://t.me/XOJA_ABROR


СИРЛИ БИР КЕЧА

Бу олам гуёки куйга тўлгандек,
Янгалар ёр-ёр айтишган кеча.
Армонлар қайгадир ғойиб бўлгандек,
Ёримнинг васлига етишган кеча.

Орзулар қўл ушлашиб кўкка учганди,
Азоблар ортига қайтишган кеча.
Бахт келиб бошимдан аста қучганди,
Ёримнинг васлига етишган кеча.

Юлдузлар-чи, маржон каби тизилиб,
Бирма-бир кўчамдан ўтишган кеча.
Ой ҳам деразамдан боқар сузилиб,
Ёримнинг васлига етишган кеча.

Дарахтлар ҳам ўзаро аста пичирлар,
Ҳижронлар бизни тарк этишган кеча.
Қалбимни тўрида севги қиқирлар,
Ёримнинг васлига етишган кеча.

Яхшилик дастурхон ёзди қошимда,
Ёмонликлар қўл силтаб кетишган кеча.
Ой ҳам келиб бу тун ухлар бошимда,
Ёримнинг васлига етишган кеча.

Янгалар фақат гап сотишган кеча,
Айғоқчидек пойлаб ётишган кеча,
Унутилмас, сирли, ажиб бу кеча,
Ёримнинг васлига етишган кеча.
(1999)

https://t.me/XOJA_ABROR


КЎЧАНГДАН БИР БОР ЎТАМАН

Агар қалбим зор йиғласа,
Юракни ҳижрон тиғласа.
Дард дардимга дард боғласа,
Кўчангдан бир бор ўтаман.

Ҳолим сўраб қўйгин бир бор,
Тушларингга кирсам эй ёр.
Шунча мени этсанг ҳам зор,
Кўчангдан бир бор ўтаман.

Айтмасам бўлмас, айтаман,
Кетсам, шу дард-ла кетаман.
Юрак кўнмаса нетаман?
Кўчангдан бир бор ўтаман.

Яшайман севгимни куйлаб,
Фақат ўз бахтим кутаман.
Мен ўз юрагимни ўйлаб,
Кўчангдан бир бор ўтаман.

Девонага ўхшаб ҳар кун,
Кўчангдан ўтар бир бор.
Сенга бахт тилар бугун,
Ўша ошиқ Хўжа Аброр.
(1999)

https://t.me/XOJA_ABROR


ШЕЪРЛАРИМГА БЕРКИНАМАН

Жазо кўпмиш, ошиқларга йўқмиш паноҳ,
Мен ҳам ошиқ, энди нима бўлар эй, воҳ.
Тополмасам бу дунёдан агар паноҳ,
Шеърларимга беркинаман, шеърларимга.

Бунча мавҳум, ҳаёт ўзи қандай олам,
Кўп урунмай билолмайман, қилар алам.
Хеч ким жавоб қилолмаса, қолса нолам,
Шеърларимга беркинаман, шеърларимга.

Юрагимни, юрагимни қийнар ёмон,
“Сени ақлинг етмас” – деган сўзлар ҳамон.
Юрагимни асрамоқлик чун у замон,
Шеърларимга беркинаман, шеърларимга.

Гар туҳматлар атрофимдан олса ўраб,
Ғийбатлар-чи, кулиб турса бошда қараб.
Эй, Оллоҳим, фақат сендан паноҳ сўраб,
Шеърларимга беркинаман, шеърларимга.

Ўзинг суюк, ўзинг буюк эй, Худойим,
Ишларимни ўнг келтиргин сен илойим.
Сендан паноҳ, сендан мадад сўраб доим,
Шеърларимга беркинаман, шеърларимга.
(2003)

https://t.me/XOJA_ABROR


СЕВАВЕРАМАН

Жонимдан ҳам тўйдирган бўлса, тўйдирган ўша,
Девонадек суйдирган бўлса, суйдирган ўша.
Олов бўлиб куйдирган бўлса, куйдирган ўша,
Билмайман, негадир, барибир севавераман.

Шуми ҳали қиз болани суймоқ дегани,
Муҳаббатни қалбга маҳкам туймоқ дегани.
Жонларимдан ўтиб кетган қийноқ дегани,
Билмайман, негадир, барибир севавераман.

Кунларимда унум йўқ, нима қилса у қилди,
Тунларимда тиним йўқ, нима қилса у қилди.
Тушларимда қўним йўқ, нима қилса у қилди,
Билмайман, негадир, барибир севавераман.

Ёлвораман бебош азоблар тугаб битсайди,
Кўнгил ўша ширин азобни яна истайди.
Юрак туртиб-туртиб азоб беради, қистайди,
Билмайман, негадир, негадир севавераман.
(2004)

https://t.me/XOJA_ABROR

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.

74

obunachilar
Kanal statistikasi