Сенингча туя Аллоҳдан кўра фойдалироқми?...
Ёши улуғ аёл (кампир) шарафли жойда: Эй Аллоҳнинг Расули шафоат қилинг, ёрдам қилинг, умматим денг, дея дуо қилаётган эди.
Унинг дуоларини эшитган ҳаддан ошганлардан бири:
- Ҳой аёл бундай дуо қилиш ширк бўлади. Пайғамбар ўлган-ку, қандай қилиб сизга ёрдам қила олар эди?
Мана бу ҳасса Муҳаммаддан кўра манфаатлироқ, деди.
Аёл ҳайрон бўлиб:
- Қандай қилиб?, деди.
У бўлса:
- Бу ёққа келинг сизга тавҳидни ўргатиб қўяман, тавҳидни ҳам билмайсизлар-а, деди.
У қари аёлни эргаштириб, туя ётган жойга олиб борди.
Сўнгра бир туяга:
- Эй туя, Муҳаммаднинг ҳурмати ўрнингдан тур, Муҳаммаднинг ҳаққи тур, деди.
Туя эса ўрнидан қимирламади.
Шунда ҳалиги киши ҳассаси билан туяни бир урган эди, туя ўрнидан туриб кетди.
- Сизга ҳассам ҳам Муҳаммаддан кўра фойдалироқ деб айтган эдим-ку, мана исботи, деди.
Қари аёл унга "ҳассангни бер", деб ҳассасини олди-да, ётган бошқа туя олдига бориб:
- Эй туя, Аллоҳ ҳаққи ўрнингдан тур, деди.
Сўнгра:
- Эй туя сенга Аллоҳнинг улуғ исмлари ва сифатлари ила айтаман, тур ўрнингдан, деди.
Туя эса қимирламай, кавш қайтариб ётаверди.
Шунда у ҳасса билан туяни бир урган эди, туя ўрнидан туриб кетди.
Қари аёл:
- Ҳой сен, энди мана бу ҳасса Аллоҳ таолодан ва У Зотнинг исмлари ва сифатларидан фойдалироқ, яхшироқ дейсанми?, деди.
Ҳалиги жоҳил кимса ғиринг дея олмай, жаҳл билан ўгирилиб кетмоқчи бўлди.
Қари аёл унга:
- Ҳой жоҳил ва адашиб қолган кимса, аслида иш сен иддао қилаётганингдек эмас. Аммо, буни мана бу туя ҳам сен каби фақатгина калтак есагина тушунади, деди.
Баъзи мусулмонларда севимли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга беҳурматлик яққол кўринади. Масалан, у зотни ўзлари каби оддий бир инсон дея билишади, ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбар билан мулоқотда бўлиш бошқалар билан муомала қилишдек эмаслигини таъкидлайди, беодоблик қилинса, амаллар хабата бўлиши билан қўрқитади.
«Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин».
(Ҳужурот сураси, 2-оят).
Аллоҳ таоло бундан бизни асрасин. Баъзи ҳаддан ошганлар такрорлашни яхши кўрадиган "Пайғамбарнинг ўлигидан кофирнинг тириги фойдалироқ", деган гап Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳаббати бор
ҳар бир инсонни тукларини тикка қилиб юборади. Бу эса ўта хатарли ҳолат.
Биз бу ўринда олимлар қавлларини келтириб ўтиришни лозим деб билмаймиз.
Оддийгина ақл билан ўйлаб кўриб, юқорида келтирилган воқеъадан тўғри хулоса чиқаришни тавсия қиламиз.
Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам биз учун барчадан севиклироқ зотдир!
Суннатуллоҳ Абдулбосит