#IBRAT_VAQTI
“Россия телевизорида кино кўрсатди, Ўттиз еттинчи йил қатағони ҳақида. Қора плаш кийганлар бир бечорани икки қўлтиғидан олиб, кўча бошида турган қора машинага судраб кетяпти. Эшик олдида унинг аёли эмизикли боласини бағрига босиб, унсиз йиғлаяпти.
Беш-олти ёшлардаги болакай “дада, дадажон” деганича отасининг кетидан чопиб боряпти. Кўчанинг у юзида одамлар турибди. Бирининг кўзида қўрқув, бириникида ўкинч, яна бири лоқайд қараб турибди. Бирови эса лабини истеҳзоли буриб, худбинона илжаяди. ( “халқ душмани”ни “керакли жойга” чаққан “сиёсий хушёр” кимса).
Орадан анча вақт ўтиб, яна ўша телевизорда “Ҳайвонот олами” кўрсатувини кўрдим. Йўлбарс дарахтнинг пастки шоҳида банан еб ўтирган маймунга ташланиб қолди. Маймунча жон аччиғида чийиллади. Шунда ғалати ҳолат рўй берди. Паст-баланд дарахтлардан ўнлаб маймунлар шиддат билан тушиб, йўлбарсга ташланишди. Маймунлар бор овозда шовқин кўтариб, мўр-малахдек ёпирилди. Бири тишлади, бири юмдалади. Забардаст бир маймун эса йўғон харини олиб, йўлбарснинг бошига чунонам туширдики, йўлбарс думини қисганча қочиб қолди…
Маймунларга ҳавасим келиб кетди”.
✍️Ўткир ҲОШИМОВ
“Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобидан.
https://t.me/inspector_uz/8731