Бу дунёнинг майда-чуйда
ишларига берилиб,
Арзимаган ташвишлардан
гоҳ туриб, гоҳ сурилиб,
Жиндеккина рағбатлардан
ўзимизча керилиб,
Баъзан йўқламоққа имкон
тополмадим, онажон.
Соғинганда пойингизни
ўполмадим, онажон.
Нетай жонингизга дармон
бўлолмадим, онажон,
Дардингизни бир лаҳзага
ололмадим, онажон,
Бу дунёни кўзингизда
кўролмадим, онажон,
Кўз нуримдан бир парчасин
беролмадим, онажон,
Ҳар кун бориб аҳволингиз
сўролмадим, онажон.
Сурунганда суянчиғим -
нажот тоғим эдингиз,
Ҳаётимни безаб турган
жаннат боғим эдингиз,
Тунларимни ёритгувчи
шамчироғим эдингиз,
Энди Сиздай паноҳгоҳим
қайдан излай, онажон,
Сизсиз орзу чўққиларин
қандай кўзлай, онажон?
Ахир дилга шижоатни
дуонгиздан олардим,
Йўлларимдан адашганда
Сизга қулоқ солардим,
Юрагимни очмоқ бўлсам
танҳо Сиз-ла қолардим,
Энди кимга сўйлай дарду
аламимни, онажон,
Қандай қўлга олай синган
қаламимни, онажон…
III
Сўнгги бора тикилганда
сезиб қолдим арзингиз,
Ўн боланинг биттасидан
қолиб кетган қарзингиз.
Жон талашиб турибсизу,
болангизда ўйингиз,
Амаллашиб ўтказармиз
илҳақ бўлган тўйингиз.
Она бўлиб теппасида
опалари туришар,
Акалари унга атаб
бир бошпана қуришар.
Янгалари ўрнингизга
оқ фотиҳа берарлар,
Ҳолалари ёр-ёр айтиб,
сочларини ўрарлар.
Дуонгизни олган ахир
жойин топиб кетарда,
Ташвиш чекманг, тирикларнинг
ҳар на куни ўтарда…
Шояд у ҳам жигаримиз
шаксиз куяр ичимиз,
Бир инсонга бахт беришга
наҳот етмас кучимиз.
Сиз эмасми ўнимизни
оқ ювиб, оқ тараган,
Энг аввало фарзандининг
умри-жонин сўраган.
Сиз-ку ўша дилбандидан
аямаган жонини,
Сиз-ку ахир жигарига
тутган сўнгги нонини.
Сиз эмасми, ёмғирларда
бизлар билан лой тепган,
Сиз эмасми субҳидамда
тандир-тандир нон ёпган.
Сал кечиксак йўлимизга
кўзин тиккан ким эди,
Тўйимизда пойимизга
олов ёққан ким эди,
Бемор бўлсак, бошимизда
туриб чиққан ким эди,
Мижжа қоқмай тунлар бедор
юриб чиққан ким эди.
Ким эди у жонин тикиб,
тинчимизни ўйлаган,
Ким эди у қалбимизга
муҳаббатни жойлаган.
Биз суюнсак болалардек,
суюнган ҳам ўзингиз,
Куюнганда қўшилишиб
куюнган ҳам ўзингиз.
Ўзингиз-ку, бизни инсоф
кўчасига чорлаган,
Ўзингиз-ку, тепамизда
юлдуз бўлиб порлаган.
Садоқату, диёнатни
ўзингиздан топардик,
Кўҳна ҳаёт маъносини
сўзингиздан топардик…
Шундай экан айтинг нега
хавотирга тушасиз,
Айрилиқнинг азобига
яна азоб қўшасиз.
Ахир она фарзандидан
жиндек бўлса норози,
Бола айбин кўтаролмас
унда ҳеч бир торози.
Шу кичкина «энажон»дан
меҳримиз аярмидик,