KUNDALIK


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha


Kun.uz сайти ўқувчилар учун янада яқин. Бу каналда саҳна ортидаги гапларни ўқишингиз, қизиқ воқеаларни кузатиб боришингиз мумкин.
Эркин матбуот яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. Аммо эркин бўлмаган матбуот фақат ёмондир

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Тирбанд шаҳар ва офис шароитидаги камҳаракат ишдан ҳордиқ чиқариш учун телефон антеннаси чиқмайдиган, транспортда бориб бўлмайдиган соф табиат бағридан яхшироқ жой йўқ.

Бир неча кун олдин бир гуруҳ жамоадошлар билан Товоқсойга пиёда сайр ("поход") уюштирдик. Йигитлар қисқа эсдалик-видео тайёрлашибди.

📹 Kun.uz жамоаси Товоқсойда

Kun.uz кундалиги


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
🇺🇿Улуғбек Рашидов иштирокидаги финални барча ўзбекистонликлар мана шундай ҳаяжон билан кўришди
(Видеода Kun.uz мухбири Аброр Зоҳидов)

🥇 Олтин медаль муборак!

Kun.uz кундалиги


Бугун ғалати ҳолат бўлди. Гуруч бозорда анча савдолашиб, 60 кг яхши гуруч сотиб олдим. Кейин савдогар йигитга 4 кг дан пакетларга солиб қўйинг, ҳозир олиб кетаман. Оладиган нарсаларим бор дедим. Йигитга 60 кг гуручни 4 кг дан бўлиб чиқиш бироз малол келди, шекилли, "ака, қопи билан бериб юборай", деди.

"Сизда тарози бор экан, эҳсон учун олаётгандим, бўлиб беринг, илтимос", деб кетдим.

Бозорликни қилиб гуруч бозорга қайтсам, йигит пакетларга бўлиб, чиройли қилиб тахлаб қўйибди. Пулини узатсам, "Ака, илтимос, шу гуруч эҳсонларингизга қўшимча бўлсин. Буни ҳам қўшиб қўйинг, менга берадиган пулга яна бирор нима қўшарсиз" деди. Ҳар қанча пулни беришга уринмай, олмади. Машааллоҳ, девордим.

Ортган пулга яна қўшимча маҳсулот олдим. У йигит мени биринчи марта кўриб туриши.

Kun.uz кундалиги


Kun.uz бу – жамоа!

ОАВ ходимлари куни муносабати билан офисда жамоавий тушлик ва намунали ходимларимизни тақдирлаш тадбирини ўтказдик. 😊

📹👉Байрам видеоси

Kun.uz кундалиги


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Йўлларда ўтаётган йиллар. Kun.uz’нинг кечаси, бугуни ва эртаси

Сайт жамоаси янги чақириқлар сари олға юришда давом этади.

Kun.uz кундалиги


Kun.uz давлат мукофоти совриндорлари рўйхатидан чиқариб юборилди

Президент Шавкат Мирзиёев матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларининг бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади.

Фармондан интернет нашрлар орасида энг кўп ўқувчига эга Kun.uz сайти вакиллари ўрин олмаган. Бироқ аввалроқ АОКАнинг масъул ходими фармон лойиҳасига сайтимиз муҳаррири ҳам киритилганини айтганди.

Бир-биридан мустақил икки манбанинг тасдиқлашича, Kun.uz вакили фармон давлат раҳбарига имзолаш учун киритилишидан аввал мукофотланадиганлар рўйхатидан ўчирилган. Манбалар рўйхатдаги бу ўзгариш АОКА эмас, Президент Администрацияси масъул ходимлари билан боғлиқ эканини айтмоқда.

Бунга танқидларимиз сабаб бўлди, деган фикрда эмасмиз, бунинг боиси ва ажабланарлиси, тақдирланганлар орасида ўз вақтида Ўзбекистонда блокда бўлган Uzmetronom.uz сайти ҳам бор.

Албатта, бу ерда муҳими мукофот олиш эмас, Kun.uz учун энг катта мукофот – халқ эътибори ва ҳурмати. Гап шундаки, юқоридаги воқеа сайтимиз жаримага тортилгани, ундан аввал эса мунтазам босимлар бўлаётганини очиқ айтиб чиқиши ортидан рўй бергани афсусланарли.

P.S. Kun.uz президент илгари сурган очиқлик сиёсатига елкадош ҳолда, жамият манфаатлари учун холис фаолият юритишда давом этади. ОАВ соҳасида виждонан меҳнат қилаётган барча фидойи ҳамкасбларимизни байрам билан самимий табриклаймиз.

Kun.uz кундалиги


Kun.uz'да ватанпарварлар ишлайди, улар учун пул биринчи масала эмас

Иш жараёнида юрагида юрт ғами бор фидойиларни кўрдим...

Ҳафталаб бир вилоятда юриб, қайтиб келиб, зудлик билан яна бошқа вилоятга муҳим мурожаатни ўрганиш учун кечаси қорда йўлга чиқиб кетганларни кўрдим.

Мурожаат ўрганиш давомида ортига тушган "слешка"дан қочиб... мурожаатни амаллаб ўрганиб келганларни кўрдим.

Мурожаатини ўрганганимиз учун пул берса, керак эмас, бизнинг маошимиз етарли деб, пул олмай келадиган кўзи тўқ, қалби кенг ИНСОНларни кўрдим.

Бировнинг муаммоси менинг муаммом деб, муаммо кетидан иссиқми-совуқми юриб ўрганадиган ЖОНКУЯРларни кўрдим.

Ҳафтада дам олиш кунисиз, 7 кун, суткасига 16 соатлаб ишлаган МЕҲНАТКАШларни кўрдим.

Молиявий аҳволимиз ҳали яхши бўлмаганда ҳам, сайт учун керак деб, яхши журналистларни таклиф қилишимизни сўраган, бунинг учун ҳатто ўзининг ойлигини ҳам камайтиришга рози бўлган ЭРКАКларни кўрдим.

Кўтариб чиқилган бирор муаммо ҳал бўлиб, ёки бемор тузалса, Аллоҳга ҳамд айтган МЎМИНларни кўрдим.

Бу гапларни эслаб ёзишимга сабаб бўлган, бугун офис олдига келганимда кўрганим – четроққа ўтиб, сўнгги воқеалар сабаб қайғуга чўмган, юрт учун кўзига ёш олган ҳақиқий ВАТАНПАРВАР УКАларни кўрдим.

Kun.uz кундалиги


​​Беш ярим йил олдинги видео. Kun.uz'нинг ривожланиши, мустаҳкам оёққа тура бошлашининг илк йиллари. Кичиккина, тахминан 45 кв.м. офис. 6-7 кишидан иборат аҳил жамоа. Йигитлар билан эрта-ю кеч тезкор хабарларни бериб борардик.

Ўша пайтда энг муҳими тезкорликка жуда катта эътибор берганмиз. Яхши эслайман, Kun.uz аввало жуда ҳам тезкорлиги билан кўпчиликнинг эътиборига тушганди. Янгиликлар биринчи бўлиб Kun.uz'да, жуда тез берилиши ҳақида кўп мақтовлар эшитардик.

Вақтлар ўтди. Жамоамиз кенгайди, ҳозирги кунда юзга яқин ҳамкасблар, қадрдон дўстлар билан ишлаб келяпмиз. Замонавий, шинам офисимизда ҳар куни иш қайнайди. Албатта, ўтган йиллар катта тажриба бўлди, аудиториямиз кўпая боргани сари бунинг масъулиятини теранроқ ҳис эта бошладик: энди вазминликка, пухталикка, сарлавҳаларни “сарғайтирмаслик”ка ўргандик, деб ўйлаймиз.

Kun.uz'га ишонадиган, холис ва долзарб материалларимизни қадрловчи ўқувчилар орттирдик. Ҳам дўстлар, ҳам “дўстлар”имиз кўпайди. Яқинда бир танишим: “Эҳтиёт бўлинг, фалон ташкилот ишингизда хато-камчилик қидиряпти, унинг устига фалон ташкилот ҳам сизларни ёқтирмайди”, деб қолди.
Ўйлаб қарасам, ҳамма ташкилотларга бирдек ёққан кунимиз ишимизни йиғиштириб қўйсак ҳам бўларкан. Биз ташкилотларга ёқиш учун ишлашимиз хато, биз ўқувчи учун керакли ва қизиқарли, жамият учун фойдали нарсаларни ўз вақтида бериб боришимиз керак.

Тунов куни, жуда катта бир одамга тегишли ва алоқадор бир нечта қурувчи-девелопер компаниялар июнь-июль ойлари учун берилган реклама буюртмаларини бекор қилди. Тахминимча, охирги пайтларда шаҳарда бўлаётган баъзи масалаларни кескин танқид қилганимиз бунга сабаб бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам ризқ – Аллоҳдан. Аллоҳ қодир қилганича холис ишлашда давом этамиз.

P.S. Матн Диний қўмита экспертизасидан ўтказилмаган

Kun.uz кундалиги


Сўнгги пайтларда фаоллашиб қолган троллар армияси

Троллар кимлар? Берилган топшириқни бажариб, “ўлжани” обрўсизлантиришга ҳаракат қилувчилар. Нишонидаги одамлар ким, тўғри йўлдами ё нотўғри, бу улар учун аҳамиятсиз. Пулини олишса бас.

Kun.uz кундалиги


Алҳамдулиллаҳ...

Мана шундай кичик ғалабалардан куч олсак керак.
Биргина сайтда эълон қилинган муаммо кетидан, юзлаб ишчилар маошларини олиб, уларнинг оилалари хурсанд бўлди.

Бир ташкилотнинг муаммоси ҳал бўлиб, ишлари изига тушмоқда. Аллоҳ сени бошқаларнинг хурсандчилигига сабабчи қилиб қўйиши ҳам бир бахт. Алҳамдулиллаҳ.

Мен орзу қилган нарсани, Аллоҳ ортиғи билан берди. Аллоҳим, доимо ишимизни эл-юрт ва жамият учун манфаатли қилгин. Амин.

Маълумот учун: Kun.uz'да чиққан танқидий мақоладан сўнг «Тошкент сити» қурилиши сабаб бузилган ресторан эгаларига 14,9 млрд сўм компенсация маблағлари тўлаб берилди.

Kun.uz кундалиги


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Шу кеча-кундузда Ўзбекистонда биринчи рақамли муаммо – газ ва свет. Иккинчи ва учинчи рақамли муаммолар ҳам газ ва свет. Балки ундан кейинги ўринларда ҳам.

Юқоридаги аудио – жамоамизнинг Telegram'даги гуруҳига ҳамкасбимиз юборган овозли хабар. У Kun.uz'нинг ҳудудий мухбирларига мурожаат қилган бўлса-да, воқеан ундаги фикрларни бутун Ўзбекистон журналистларига чақириқ дейиш ҳам мумкин.

Бизнингча, журналистнинг миссияси ва мажбурияти – даволай олмаса-да, оғриқ борлигини айтиш. Оғриқ кучайганда эса, имкон қадар баралла айтиш...

Kun.uz кундалиги


Бу воқеага ҳам роппа-роса 1 йил бўлди. Умуман олганда эса, бу лойиҳа билан ишлай бошлаганимга 6 йил бўлди. 6 йил... бир қарашда катта муддат эмас, лекин бу давр биз учун, мен учун катта мактаб, катта ҳаёт йўли бўлди. Ҳозир жамоамизда салкам 100 киши ишламоқда, 6 йил аввал 4–5 киши билан бошлагандик йўлимизни.

Нима учун бу расмни ва воқеани асос қилиб эслаяпман. Бу – илк катта чақириқ бўлганди. Илк жиддий синов, биз учун ҳам, умуман лойиҳамиз учун ҳам. Ўша кунлари албатта кўпчилик бизни қўллаб-қувватлади, бир кун ўтиб қоралади. Бошқалар майли, лекин ҳамкасблар, шу соҳанинг қаттиқ нонини еб юрганлар ҳам қоралаб чиқиши менга эриш туюлганди.

Алҳамдулиллаҳ. Ўзим орзу қилган ҳаётга етказди Аллоҳим. Айнан қандай ҳаётни ва нимани орзу қилганимни яқин инсонларим билади. Алҳамдулиллаҳ, шу синовларни кўрдик, танамизда ҳис қилдик, юрагимиздан ўтказдик, виждонимиз элагидан ўтказишга имкони борича ҳаракат қилдик, нафсимиз билан курашдик.

Яқинларимга бир нарсани кўп қайтараман: Ҳаётда шундай яшаш керакки... биринчи навбатда ўзинг кўзгуга қарашга уялишинг керак эмас. Ин шаа Аллоҳ, бу лойиҳамизда қилган ишларимиз учун кўзгуга қараб уялмайман. Аллоҳим, иш жараёнида бўлган хато-камчиликларимиз учун Ўзинг бизни афв эт. Бойликни қўлимизга бер, қалбимизга эмас, атрофимизга яхшиларни жамла, ёмонлардан узоқ қил. Эл-юрт олдида юзимизни ёруғ қил, ишимизни жамият учун манфаатли қил. Бу дунё ва охиратимизни обод қил... Сўнгги йилларда дуоларда Аллоҳдан сўрайдиган энг асосий тилакларим.

Фаришта эмасмиз. Камчиликлар бўлди, лекин шу йиллар ичида ўзимиз билганча адолат қилишга ва ҳақиқат тарафда бўлишга уриндик. Ҳалол ишладим, бировдан бир сўм пул олмадим. Топган пулимиз фақат рекламадан бўлди, рекламани ҳам танлашга, яхшилаб текширишга ҳаракат қилдик, дунёқарашимиз ва тарбиямизга тўғри келмайдиган рекламаларни бермасликка ҳаракат қилдик. Топган пулимизнинг аксарият қисмини лойиҳанинг ўзига, жамоага сарфладик.

Бу жамият учун сўз эркинлиги, Kun.uz, Daryo.uz, Xabar.uz, Газета.uz'лар жуда керак. Фақат кўпайишини истайман. Яна шуни айтишни истардимки, журналист ҳам инсон, у ҳам инсон фарзанди.

Бир интервьюда Kun.uz биз учун биринчи навбатда бизнес дегандим. Бу гапимни ҳам баъзилар ўз қаричи билан ўлчади, тушунди. Азизлар, бизнес бу ҳаром пул ёки эгри йўл дегани эмас. Мен учун бу – тўғри ва ҳалол ризқ топиш учун восита. Агар лойиҳамиз асосида бизнес бўлмаганда, у сиёсий инструмент ёки кимларнингдир қўлида ўйинчоқ восита бўлиб қоларди, ким пулини тўласа ўша куйни чаладиган. Алҳамдулиллаҳ, ундай бўлмади шу пайтгача, бунинг асосий сабаби – молиявий мустақил бўла олдик, тўғри бизнес стратегия қила олдик, Аллоҳ барака бериб, ишимиз ўзимизга ва атрофимиздагиларга етарлича даромад келтирди, келтирмоқда, ривожланишимизга, кенгайишимизга сабаб бўлмоқда.

Алҳамдулиллаҳ. Эътибор учун раҳмат. Ўз устингизда ишлашдан, ўзингизни ислоҳ қилишдан тўхтаманг. Ҳурмат билан, бош муҳаррир.

P.S. Бу постдан мақсадни аниқ ўзим ҳам билмадим. Балки, атрофга... ҳали-ҳамон кўзгуга қарай оляпмиз, уялмаяпмиз, юзимизни йўқотмадик, Ин шаа Аллоҳ, ишлашда давом этамиз; жамиятга, атрофга керак эканимизни ҳис қилиб турибмиз... шуларни айтмоқчи бўлдим балки. Озгина бўлса ҳам ишимиздан мамнун бўлсангиз, дуоларингизда эслаб қўйинг. Раҳмат, барчамиздан Аллоҳ рози бўлсин.

Kun.uz кундалиги


«5600 сўм» воқеаси қандай хулосаларга етаклади?

Журналист сифатида буни ёзиш оғир, аммо кенг омманинг саводхонлиги, ахборотни таҳлил қилиш кўникмаси яхши шаклланмагани Обид Ҳакимов интервьюси мисолида яққол кўзга ташланди. Ҳозир унинг сўзларига баҳо бермоқчи эмасман, бошқа масалага — «5600 сўм» воқеаси қандай пайдо бўлганига назар ташлашни таклиф қиламан.

Воқеалар кетма-кетлигига бир эътибор қилинг: 3 ноябрь куни интервью эълон қилинди. Ўша куни видео остида 9та изоҳ қолидирилган.

4 ноябрь куни 13:34да иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов интервьюни белгилаб, Telegram-каналида хабар қолдирди. У суҳбатни томоша қилишни тавсия қилган ва иқтибос келтирган:

Аҳолимизнинг 10 фоизи, яъни таҳминан 3,3 миллион одам ойига 168 минг сўмга кун кўрар экан.

Шу куни соат 15:23да Troll.uz'да пост пайдо бўлди:

Агар инсон кунига 5600 сўм топса, у камбағал эмас. Обид Ҳакимов Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори. Шу одамни ойлигини 168000 сўм қилиб қўйиб тажриба қилайлик.

Мана шундан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар орасида норозилик кайфиятида ёзилган постлар кўпайди. Ҳакимовнинг сўзлари сарказм нишони бўлди. Ажабланарлиси, муҳокама қилувчилар интервьюни ҳам, мақолани ҳам билмайди. Суҳбатдан қирқиб олинган кичик лавҳанинг тарқатилиши оммани чалғита олди.

Хулоса шундайки, одамларда номаълум манба орқали тарқатилаётган ахборотга скептик қараш кўникмаси йўқ. Шунингдек, ижтимоий тармоқдаги катта саҳифа муаллифларининг ҳаммаси ҳам ахборот олиш, тўплаш ва тарқатишда таҳлилий ёндашувдан фойдаланавермайди. Бу жамиятнинг кемтик ўрнини зудлик билан тўлдириш лозим. Акс ҳолда «5600 сўм» воқеаси каби бошқа мисоллар такрорланаверади.

PS. Иқтисодчи аслидан нимани назарда тутганди? Обид Ҳакимов ўзи бунга жавоб берган. Томоша қилишингиз мумкин — https://youtu.be/d3EsqUIDnZQ

Kun.uz кундалиги


🇺🇿 Ўзбекча бренд

Кўчаларни бемаза қовуннинг уруғидай инглизча, русча ёки тушунарсиз мазмундаги баннерлар босиб кетган бир вақтда, миллий брендлар ҳам пайдо бўлаётгани одамни қувонтиради.

Ажойиб кунларнинг бирида Самарқандда «Xalqsevar Vatansevar» номли дўкон пайдо бўлганини пайқамай қолибмиз. Одатда ўзбек тадбиркорлар ҳам (!) дўкон номларини танлашда ажнабий сўзлардан фойдаланишади. Мана, ўзбекчада ҳам бинойидай, жарангдор бренд ўйлаб топиш мумкин экан.

🖇📸 P.S. Сурат Самарқанд туманида олинган.

Kun.uz кундалиги


Очиқ ҳавода, кўмир чангидаги оғир меҳнат. Лекин ойлик 2 миллионгача

Яқинда «Ангрен» кўмир конига медиа-тур ташкил этилди. Сафаримиз давомида кон ишчилари билан нафақат камера қаршисида, балки кадр ортида ҳам суҳбатлашишга ҳаракат қилдик.

Ишчиларнинг айтишича, бир кунда 11 соатдан ишлашади. Улардан бири биз билан суҳбатда буни айтар экан, ҳайрон қолганимизни кўриб, тезда қўшиб қўйди: «Йўғ-е, узр, 7-8 соат ишлаймиз». Менимча, бошлиқларига гап тегиб қолишидан қўрқди шекилли, соатларни камайтириб айтди.

Кондаги оддий ишчилар узоғи 2 млн.гача ойлик олишар экан. Кунлар совий бошлади. Биз борган 9 октябрь куни ҳам ҳаво анча совуқ эди. Бундай шароитда очиқ ҳавода ишлаш осон эмаслигига гувоҳ бўлдик. Қиш ҳам яқинлашяпти...

Эртадан кечгача, очиқ ҳавода, кўмир чанглари ичида меҳнат қилиб, узоғи 2 млн ойликка ишлаётган бу ватандошларимизнинг топганларига Aллоҳ ўзи барака берсин.

Камтаргина ойлик билан оила боқаётган бу инсонларни кўриб, биз камбағал давлат эканимизни яхшироқ тушундим. Биз Тошкентда яшаб, бошқа ҳудудлардаги аҳвол бутунлай фарқли эканини унутиб қўймаслигимиз керак...

Kun.uz кундалиги


Сиз суратда кўриб турган ёзув М-39 автомобил йўлининг Чиноз тумани ҳудуди (туманнинг Эшонобод қўрғонига олиб борувчи йўл)дан ўтган кўприкда битилган.

Ёзувдаги “N” харфи қачон ва нима сабабдан тушиб қолгани маълум бўлмаганидек, шу ҳарфнинг яна қачон ва ким томонидан жойига осиб қўйилиши ҳам маълум эмас.

Бу манзара ҳам мухбиримиз Муҳаббат Маъмирова кўтарган масаланинг долзарблигини кўрсатмоқда. Сиз қандай фикрдасиз, тарғиботнинг бу шакли бюджетдан миллионлар ажратишга арзийдими?

✅ – Ҳа
❌ – Йўқ
➖– Менга қизиқ эмас


Green card'ни Самарқандда ўйнаш ютиш имкониятини оширадими?

Ҳар йили бошқа вилоятлардан, ҳатто қўшни республикалардан Самарқандга келиб, Green card ўйнайдиган одамлар борлиги ҳақида эшитганмисиз? Чиндан шунақа. Негадир кўпчилик «Green card» лотереяси учун анкета Самарқандда тўлдирилса, ютишига ишонади. Бу борада кўплаб афсоналар ҳам юради.

Хўш, чиндан самарқандликларда қандайдир магия бормики, уларнинг аксари Green card ютиб кетади? АҚШ кўчаларида минглаб самарқандликлар турли соҳаларда меҳнат қилиб юришининг синоати нимада? Аслида барчаси оддий омиллар билан боғлиқ.

Ҳар йили Green card учун анкета тўлдириш бошланиши билан Самарқанд шаҳридаги ҳар бир кўчада мана шундай лавҳалар пайдо бўлади. Самарқандликлар октябрь Green card ойи эканини яхши билишади. Бир сўз билан айтганда, жуда-жуда кўп самарқандликлар Green card ўйнашади ва табиийки, улар орасида ғолиблар ҳам кўп бўлади.

Самарқанднинг олис қишлоқларида ҳам анкета тўлдиришни биладиган йигит-қизлар «Green card ўйнамайсизми?» деб уйма-уй юриб, хоҳловчилар учун анкета тўлдириб беришади. Бепул эмас, албатта. Ҳа, Самарқандда Green card учун анкета тўлдириш бутун бошли бизнес турига айланган. Ҳатто лотереяда ютиш учун нима қилиш кераклиги борасида махсус билимларни хорижда ўрганиб келган ёшлар ҳам бор.

Энди қуйида суратдаги ёзувга эътибор беринг. У ерда калит сўз – «кодни ўз қўлингизга берамиз»! Бежизга бундай ёзилмаган, Green card учун анкета тўлдириб берадиганларнинг кўпи мижозга кодни бермайди. Мабодо қайсидир мижозга ютуқ чиқса, улар бир неча минг доллар «суюнчисини» олиб кодни беради. Шу сабаб баннердаги ёзув анкета тўлдирувчи фирманинг фавқулодда инсофли эканига ишора 😊

Kun.uz кундалиги


Пулхокимми ёки Пулхокин?

Бойсундаги бу қишлоқнинг номи юзингизга табассум югуртирган бўлса ажабмас. Лекин, қишлоқ номининг пулга ҳам, ҳокимга ҳам алоқаси йўқ (қолаверса, ҳоким сўзи «х» ҳарфи билан ёзилган).

«Пул» — қадимий форсчада «кўприк» маъносини беради. (Пулисротни эсланг, Тошкент шаҳридаги Тахтапул мавзесини эсланг).

«Хоким» сўзи ҳам форсча «хокин» сўзининг бузилган формаси бўлиб, «тупроқдан ясалган» маъносини беради.

Демак, бу қадимий қишлоқнинг номи «тупроқ» ва «кўприк» сўзларидан келиб чиққан.

Kun.uz кундалиги


Сўз айтиш, фикр билдириш эркинлигига ҳеч бир мамлакатда осонликча эришилган эмас. Икки йўл бор, балки учтадир...

1. Тез ёниб, тез ўчиш
2. Ҳамма нарсага қўл силтаб ташлаб кетиш
3. Сабр қилиш ва имконият даражасида ҳаракат қилиш, ўхшаётган ишлардан илҳомланиш ва давом этиш

Сизнингча, қайси йўл тўғри?

Kun.uz кундалиги


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
«Бу кунда шунчалар кўп одам отилганидан, Чўлпонга келганда ўқлар тугаб қолган...» — 4 октябрь даҳшатлари ҳақида

Бундан 82 йил муқаддам ўзбек миллатига қарши улкан жиноят содир этилган эди – 1938 йил 4 октябр куни миллатнинг энг олди инсонлари советлар қатағони қурбони бўлди. Халқнинг ҳақиқий фарзандлари «халқ душмани» сифатида отувга ҳукм қилинди. Сохталаштирилган ҳужжатлар, зўрлик билан олинган гувоҳликлар асосида. Суд ҳукмисиз.

Атрофдаги аҳоли ўқ овозини эшитмаслиги учун мотор ёқиб қўйиб, оқшомдан тонгга қадар маҳбуслар отилган ва барчаси битта чуқурга кўмилган. Уларга на жаноза, на бир энлик кафан насиб қилганди...

👉 Мақолани ўқиш

📹 Видеони кўриш

Kun.uz кундалиги

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.

2 862

obunachilar
Kanal statistikasi