АДОЛАТ
(Ривоят асосида)
Қадимда бир эркакнинг,
Бор экан қўш аёли.
Меҳрин бўлиб иккига,
Иккисида хаёли.
Бирига тутса асал,
Иккинчиси ялармиш.
Нечун қалбим битта, деб,
Гоҳида уялармиш.
Ўғил кўрса биридан,
Кўкларга етар боши.
Буни қаранг, кўп ўтмай,
Ўғил туғар кундоши.
Иккиси ҳам гўзалдир,
Ҳуснда жамоли бир.
Камолда тенг иккиси,
Кўйлаги, рўмоли бир.
Иккисига баробар,
Кафтида сув ичирди.
Шу тариқа уч ошиқ,
Қирқ йил умр кечирди.
Тақдир қизиқ - эркакнинг,
Бошига тушди бир ғам.
Бандаликни топширди,
Бир кунда иккиси ҳам.
Кўп ғам чекди бечора,
Қўш қаноти қайрилди.
Бир кунда бир кечада,
Иккисидан айрилди.
Бир жуфт кафан ўлчанди,
Алаф сурпнинг очидан.
Қўштобут ҳам ясалди,
Бир дарахт ёғочидан.
Йиғи-сиғи ичинда,
Икки исм тенг эди.
Гўрков қазган қабрнинг,
Иккиси ҳам кенг эди.
Икки тобут дод бирла,
Кўтарилди елкага.
Йўл олди икки малак,
Йўқлик номли ўлкага.
Иккисин ҳам ёнма-ён,
Кўтаришиб кетдилар.
Ва ниҳоят бир пасда,
Дарё сари етдилар.
Бироқ айни шу жойда,
Бир муаммо бор эди.
Сиғмасди икки тобут,
Кўприк жуда тор эди.
Сўнгги йўлда ҳам эркак,
Адолатни истади.
Янги кўприк қурмоққа,
Оломонни қистади.
Ишга тушди минг одам,
Чунон ҳашар бошланди.
Эскисининг ёнидан,
Янги кўприк ташланди.
Йўлга тушди қўш тобут,
Манзил аён, йўл аён.
Мавжли дарё устидан,
Ўтди улар ёнма-ён.
Қабристонга етишди,
Икки ҳур, икки лобар.
Иккисин ҳам устига,
Тупроқ тортди баробар.
Ортга қайтди оломон,
Бўлиб иймонга иқрор.
Эркак адолатига,
Таҳсин ўқилди такрор,
Тўн чўкди, осуда тун,
Ғамгин осмон рўйида.
Эркак бечора илк бор,
Ёлғиз ётди уйида.
Ўраниб ухлади у,
Хаёллар жунбушига.
Кенжа аёл ногаҳон,
Кирди эркак тушига.
- Ҳой отаси, қалбингиз,
Сизга шундоқ дедими?
Айтингчи кундошимдан,
Кам жойим бор эдими?!
Тирик чоғимиз билиб,
Бир қош-у, бир киприкдан.
Сўнгги йўл жой тегмади,
Менга янги кўприкдан...
Алқисса, бу дунёда,
Қулочи кенг адолат.
Эй воҳ, икки аёлга,
Топилмас тенг адолат.