ЛОНГРАЙТЕР КИМ ВА У НЕГА УЗУН ЁЗАДИ?
Долзарб муаммолар ҳақида ёзадиган ва кўпчилик ўқийдиган инсонлар орасида "лонграйтерлар"и, яъни инглиз тилидан таржима қилганда "Узунматнёзарлар"и бор. Бунга мисол қилиб "Асанов формати" канали муаллифи Элдор Асановни, "Ҳужайра.уз" канали муаллифи Бахтиёр Шералиевни, "Микрофон Ашуровда" канали муаллифи Рустам Ашуровни ва каминани келтириш мумкин.
Лонграйтерларнинг матнлари қанчалик долзарб бўлмасин баъзан фақатгина матн узун бўлганлиги учунгина уни ўқимайдиган ва ҳатто "Шу гапни айтиш учун шунча ёзиш шартмиди" деб нолийдиганлар ҳам топилади. Буни лонграйтерларнинг ўзлари ҳам биладилар, аммо улар барибир узун матнларни ёзаверадилар ёки ёзишга мажбур бўлаверадилар.
Шундан келиб чиқиб савол : Лонграйтер ким ва нега у узун матнлар ёзади?
Мен барча лонграйтерлар учун жавоб бериш ниятим йўқ. Фақат ўзим учун жавоб бераман.
Париж сиёсий фанлар институтида ўқиганимизда бир вазифа бериларди. 150-200 варақли китобни ёки 500 варақли зерикарли ҳисоботни ўқиб, уни анализ-синтез қилиб, қисқача мазмунини 10 қаторда ёзишимиз керак эди. Машқнинг масъулияти шунда эдики, матнни ўқиган одам китобни ёки ҳисоботни тўлиқ ўқигандай бўлиши керак эди.
Аммо 10 қатрога сиғдирган матнни ўқийдиган одамнинг билим, тажриба ва салоҳияти 10 қаторга сиғдирилган матнни ўқигач, миясида таҳлил қилиб уни бошқатдан 150-200 варақ китобга ёки 500 варақли ҳисоботга айлантира олиши керак. Агар ўқувчи бу ишни қила олмаса, унга матнни қисқартириб бериш худди унга ҳеч нарса бермаслик билан баробардир.
Оддий халқ илмий китоб ва мақолаларни ўқимайди. Чунки улар шунчалар узун, шунчалар зерикарли ва "ҳаволалар" сабабли шунчалар ўқишга ноқулайдир. Оқибатда жамиятларда олимлар ва олим эмасларнинг ўртасида жарлик юзага келади.
Илм кишиларининг орасида қарашлари халқчилроқ ва характери ижодкорроқлари бўлади. Улар долзарб ва илмий жиҳатдан мураккаб бўлган мавзуларни 1000 марта соддалаштириб, таҳлил қилиб, илмий-публицистик мақолалар шаклида оддий халқнинг оғзига "чайнаб" солиб берадилар. Улар бу ишни одатда илҳом келганда қиладилар ва илҳом келмаса ёза олмайдилар. Чунки бу уларнинг илмий эмас, кўпроқ ижодкорлик қирралари махсули ҳисобланади.
Улар илмий-публицистик мақолани ёзганларида долзарб мавзуга оид бир неча китоблар ва илмий мақолалардаги илмларни анализ-синтез қилиб, максимум даражада қисқартириб, оддий халқнинг тилига "таржима қилиб" кейин чоп этадилар. Шу сабабдан, уларнинг матнлари 3-5 варақ бўлиб кетади. Ана шу инсонлар "лонграйтерлар" бўладилар.
Долзарб мавзулар шундайки, уларнинг аниқ ва жўн жавоблари бўлмайди. Улар юзасидан томлаб китоблар ёзилади, тадқиқотлар қилинади ва шунда ҳам тайинли жавоблар топилмайди. Шундай бўлгач, илмий-публицистик мақола муаллифи, яъни лонграйтер имкон қадар холис қолганча барча илмий позицияларни ва аргументларни келтиришга ҳаракат қилади. Чунки айтилмай қолган позиция ёки аргумент учун шундай позициядаги инсонлар мақолани нотўғри деб, муаллифни нохолис деб ўйлашлари мумкин. Маъқул деб топса, ўзининг шахсий позициясини ҳам билдириши мумкин. Қарабсизки, лонграйтер "оғзини очмасидан" туриб 1000 марта қисқартирилган ва ҳеч нарса қолиб кетмаслигига, қўшимча саволлар пайдо бўлиб қолмаслигига интилиб ёзилган мақола камида 3 варақ бўлиб қолади.
Лонграйтерлар олимлар ва халқнинг ўртасида кўприк вазифасини бажаришдай масълулиятли ишни касб қилган ижодкор илм кишилари ҳисобланадилар. Шу сабабдан, лонграйтерларни тўғри тушуниш, иложи бўлса уларга текинга сут бериб 😜 ... узр, уларнинг матнларини эринмасдан ўқиб бориш керак!
ПС. Уффф, матн яна узун бўлиб кетди! Ишқилиб охиригача ўқиган бўлсангизлар бўлди ! 😜
"Уч замон"га ҳали аъзо бўлмаганлар учун ҳавола👉
https://t.me/uchzamon