Интернетдаги баҳсларда “яхшиям Россия босволган/Россия бўлмаганда иккинчи Афғонистон бўлардик” деган аргументларни ўқиб қоламан. Бу аргументнинг заиф томони шундаки, у сабаб ва оқибатни чалкаштириб юборади.
XX асрнинг 40-йилларигача Афғонистон минтақанинг энг ривожланган ва демократик давлати эди. Омонуллахон даврида бошланган ислоҳотлар мамлакатни ўзгартириб юборди. Мамлакатда фаол аҳоли, сиёсий ҳаракатлар вужудга келди. СССР, Буюк Британия ва Германия Афғонистонга минтақанинг асосий давлати деб қараб, бу ерда нозик сиёсий ўйинлар олиб борди. Айни пайтда мамлакатда диний ва дунёвий тизим тарафдорлари ўртасида сиёсий кураш борди.
Тўғри, ривожланган давлатга айланишга Афғонистоннинг ресурслари етмади. Лекин у 20-йилларда ўзбек хонликларидан анча бой ва илғор эди. Бугунги қолоқлик ва бетиним урушнинг бош айбдори СССР бўлади: 1979 йил СССР Афғонистонга бостириб кириши туфайли бошланган фуқаролик уруши бугунги кунга қадар тингани йўқ. Бу талотўпда мамлакатда радикал ҳаракатлар кучайиб кетди.
Шу маълумот асосида хулоса қиламанки, Россия бўлмаганида, балки иккинчи Афғонистон бўлолмасдик, СССР бўлмаганида, балки Афғонистон ҳозир минтақа лидери бўларди. Бу, албатта, менинг тахминим. Нима бўлганда ҳам, Афғонистон доим нотинч ва қолоқ бўлган, бу аҳволдан бизни СССР қутқариб қолган деб ўйлайдиганлар қаттиқ янглишади.
👉
@AsanovEldar