ЁЗАВЕР, ШЕЪРИНГНИ, АБДУРАЗЗОҚ!
Ниқобни не қиласан, ниқоблар кўп-ку,
Хитобни не қиласан, хитоблар кўп-ку,
Шоирман деб юрган бетоблар кўп-ку,
Бор-а, чопавер ерингни, Абдураззоқ!
Бировининг қара, бети жуда қалин,
Бировининг қара, эти жуда қалин,
Суяклари чўпдай, кети жуда қалин,
Бор-а, артавер терингни, Абдураззоқ!
Ой йўқ осмонига ой сўрар ўшалар,
Суви тошиб кетган, сой сўрар ўшалар,
Орипов ёнидан жой сўрар ўшалар,
Бор-а, қучавер элингни, Абдураззоқ!
Обрў керак, шараф керак, шонлар керак,
Шу оташда ёнган овора жонлар керак,
Уларни топмоққа миллионлар керак,
Бор-а, маҳкам қил, белингни, Абдураззоқ!
Қўлинг калта, арзимайсан чақага,
Айбдорсан, ёпишар жа қаттиқ ёқага,
Ёқмайин қоласан эҳ, бола-чақага,
Бор-а, ишлаб топ пулингни, Абдураззоқ!
Сериал кўришар топишиб ҳар кун вақт,
Ўқилмайди-ку, бугун ҳатто икки байт,
Ўзгартиб бўлмайди, кимга айтсанг, хўп, айт,
Бор-а, қийнайвер дилингни, Абдураззоқ!
Маслаҳат берди бир кун Баҳодир Карим,
Кўп-кўп ёзмасдан, кўп ўқинг жигарим,
Оздан фойда бисёр, мен ахир муаллим,
Бор-а, тиявер тилингни, Абдураззоқ!
Мен Абдулла Қаҳҳор эмасман, оғайни,
Ўзимни Воҳидов демасман, оғайни,
Ўзим топмасам гар, емасман, оғайни,
Бор-а, ёзавер, шеърингни, Абдураззоқ!
2022 йил 22 июль.
Абдураззоқ ОБРЎЙ.