Darveshona


Channel's geo and language: not specified, not specified
Category: not specified


📝 Shoir JONTEMIR ijodiy kanali

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
not specified, not specified
Category
not specified
Statistics
Posts filter


* * *
Ой чиқди ханжардай ярақлаб –
Шабкўр туннинг шоҳ илтимоси.
(Уятдан ўлмасми дарахтлар,
Кузак ечиб олгач либосин?)

Ўргимчак тўридан нафисроқ
Туйғулар қўзғалар ботинда.
(Яйловларни тутади эсноқ,
Кун бўйи чарчаган хотиндай.)

Учиб борар меъзон байроғи,
Қанотларин турнадай ёзиб.
(Босиб кетар қушлар сайроғин,
Тракторнинг дағал овози.)

Қишлоқ сокин отади хуррак,
Тебранади шамолда чайлам.
(Ой бедору мен бедор, юрак
Луғатидан сўз саралайман...)

Жонтемир

@Jontemir_t


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Яна жимлик, яна сукунат,
Тўлиб кетар ҳеч нарсадан дил.
Ҳеч нарсадан бошланади гап,
Ҳеч нарсани сўзлар яна тил.

Қичқиради безабон хулё,
Сукунатда қийналади жон.
Ҳеч нарсани тан олмас, гўё
Ҳеч нарсадан бошланган жаҳон.

Рауф Парфи Ўзтурк
1967

@Jontemir_t

819 0 27 15 35



Forward from: Jaloliddin Sayid
Yomg‘ir

Shamol bulutlarin haydadi ko‘kka,
Tog‘larning nidosi yetdi-ku oxir.
Lalmikor tepalar tushgancha cho‘kka,
Qirq yil sajda qildi: "Yomg‘ir ber, yomg‘ir?"

Ini bo‘shab qoldi chumolilarning,
Osmonga qarasa qil bo‘yni og‘rir.
Tuproqni tirmalab etdi qaysarlik;
"Tepaga yomg‘ir ber, xudoyim, yomg‘ir?"

Ochni erta(k) bilan aldamoq...
Qaydam...
Qiltiriq o‘g‘lini o‘ylarkan og‘ir,
Silkinib-silkinib yig‘ladi Odam:
"Jonim qurbon bo‘lsin, yomg‘ir ber, yomg‘ir?"

...Nihoyat, yaratgan qildi-ku nasib,
Bulutlar oyog‘in ildi tepaga.
O yomg‘ir, yog‘ endi, yog‘aver bosib,
Bundan qirq yil oldin urug‘ sepilgan.

@jaloliddinsayid

(rassom Dilorom Mamedova)




Бугун ўзидан бошқага ўхшамас катта шоирмиз Азиз Саид туғилган кун!
Умру ижодингизга барака!

* * *
Қўлимдан иккита фаришта тутган,
Кўзимнинг тошига номингни битган,
Титилиб, ситилиб, кутганим кутган,

Сен хабар олмадинг бир бор ҳолимдан.

Пешонам сайёра — йўллар адашган,
Субҳу шом дилимда қирғоқ талашган,
Жонимга ҳасратдан гуллар қадашган,

Сен хабар олмадинг бир бор ҳолимдан.

«Ҳай» десам овозим чиқмас вариллаб,
Қояман, бургутим учмас париллаб,
Қонимга уфласам ёнмас зариллаб,

Сен хабар олмадинг бир бор ҳолимдан.

Карвоним чарчаган, туялар чўккан,
Умидим косасин илонлар тўккан,
Руҳ ҳам тадорукда, тугунин туккан,

Сен хабар олмадинг бир бор ҳолимдан…

✍️ Азиз САИД


ТАЪБИР

1
Эшик тақиллади қоқ ярим тунда,
Билдимки, дўст эмас, йўқса кирарди.
Эшик тақиллади — вужуд уйқуда,
Руҳимни юбордим — қани бил дардин.

Очдию қувониб учди — капалак,
Девору китоблар тортишди хомуш.
Суюунчи сўрарди руҳим папалаб:
Сени йўқлаб келибти тобут.

2
Бу тушни чол кўрса, олар таҳорат,
Аёл кўрса, душманига мосларди.
Бола кўрса, кулар хахолаб,
Шоҳ кўрса, ўлдирар тобутсозларни.

Шоир кўрса,
дарвоқе, шоир?
Ишонмай қўйган у ўттиз йил сокин
бир туки ўзгармас муҳитда
мўжизалар бўлмайди содир.

Жонтемир

@Jontemir_t


Forward from: Nurmuhammad Abduzoir
OTAM, JORQIN MOMO, POYABZAL VA SHEʼR

Arslonning bolasi musicha, kaptar,
Choʻrtkesar otadan bitta lapashang.
Nima jin urdi meni,
Sen-la bir safda
Turmadim,
nuqsini yuqtirdi hasham.

Tuprogʻi sovidi Jorqin momoning —
Qoʻlimdan qum kabi ketdi javohir:
Endi biror kimsa ovulda meni
Chaqira bilmaydi:
"kichina Yoqub".

Engimda chopon-u,
qoʻllar orqada,
Qadam tashlar edim senga taqlidan.
Oʻsha muqalliding topmadi sadaf,
Irga-tirgalarda ozdi aqlidan.

Tobim qochgan edi,
boʻlsang-da emchi
Nina sancholmading,
Ilk bor yalinding.
Yalangoyoq chopding,
Axir, men quchib
Uxlardim oʻshanda poyabzalingni.

Ravon koʻchalardan yurdim dovdirab,
Ortingdan bormadim,
sen bosgan yoʻl – sang.
Duxtir boʻlolmasdim sendek dovyurak,
Mendan zoʻr yozarding sen shoir boʻlsang,

Chaynaldim,
Ichimdan oʻtdi qirindi,
Sen dangal soʻzlaysan.
Soʻzingga teng bir
Misra bitolmadim.
Barcha she'rimdan
Menga poyabzaling afzaldir endi.

22.09.2024

Nurmuhammad Abduzoir

*Surat 2020-yil olingan

@Nurmuhammad_Abduzoir


Жаннат орзусидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган халқлар аянчли.
Инсонни нимадир ушлаб туриши, ё инсон ниманидир ушлаб туриши керак. Йўқса дош беролмайди ҳаётга. Агар аянчли халқлар хаёлидаги жаннатга ўт қўйиб юборсанг, улар тамом бўлишади. Балки сўнгги умиди чиппакка чиққач бирдан долғага келар?! Ўша ягона орзусига илашиб, қолгани ўткинчи дея ватани, одамлар, табиат ҳолига туфлаб қўйганларга жаннат борми?

Нима бўлганда ҳам қашшоқлар орзусига тегишмаябди. Мана, хаёлларингиз эркин, истаган нарсангизни орзу қилаверинг, биз шундай бағрикенг, ҳаммани ўйлайдиган, демократмиз дейишябди сўзсиз.

Атрофидаги шалтоқни тозалашга зиғирча ҳам ҳаракат қилмай, жаннатда ҳаммаси роҳат бўлади деб кун курувчилар, қачооондир бир млрдер келиб мани обкетадию ғурбат ҳаётимни ўзгартириб юборади, деб ишонадиган қизга ўхшайди.

Ғалати. Кутиш, фақат кутиш, сабр қилиш, индамасликка ўргатишлари ғалати.

Тайёр нарса керак ҳаммага.
Уй. Мошина. Ҳаёт. Жаннат.

@Jontemir_t


Тошкентда юрган, адабиётсеварлар, бугун соат 14:00 да миллий боғ ичидаги ёзувчилар уюшмаси биноси рўпарасидаги музейда устоз, халқ шоири Хуршид Даврон билан ижодий суҳбат бўлади. Келинглар!

Истаган одам қатнашиши мумкин. Эээркин.


ЖЎРАМ

Бобо… Йўқ. Бу сўз ғализ!
Дўст. Ўртоқ. Жўра…
Ҳа, ҳа, ахир, сен энг яқин жўрам эдинг-ку!
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…
Жўралар эса бир-бирларини сизлашмайди.
Қара,
Худди сенга ўхшаб ўсдим —
Ғирт дайди.
На маконим бор
На манзил тайин,
Дийдам тош қотгану
Юрагим майин.
Биласанми,
Худога яқинлашяпман
Сени ўйлаган сайин…

Борингда беркитиб чекардим,
Энди… Энди эркинман!
Етар шунча эркалатганинг,
Ҳеч йўқ
Тушларимдан беркинма.

Айтганингдеқ
Калапўшингдан тор экан дунё,
Чопонинг баридек кенг экан дунё.
Бир чақага арзимас, гоҳо
Минг тиллога тенг экан дунё.
Мен буни кеч англадим,
Билсамда парво қилмасдимми ё?!

Кетганингдан бери:
Майсалар сир айтмай қўйишди менга,
Суҳбатига қўшмайдиган бўлди дарахтлар.
Ён-веримда қора-қизғиш кийинган
Шарпалар юрипти ҳушни карахтлаб.
Ортиқ ёзолмасам керақ
Қўрқаман.
Ёзсамда алмойи-жалмойи чиқар.
Англаганим мени сўз туққан,
Тиқса ҳам ўша сўз тупроққа тиқар.

Тепакал жўқам-а…
Соқолли жўрам…
Келажак кунларим — маҳбусларга боқ,
Кулдонга босилган афсусларга боқ…
Нафсини қул этган Машрабим, Тўрам!
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…

Шиша синиғидек ботар бўғзимга,
Сенсиз ютилётган бир бурда оқ нон.
Хаёлимда жаннат — боғ, зимдан
Мени кузатяпсан қўлингда қоқ нон.

Силкиниб-силкиниб тушяпти елкам,
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…

Ичимда ҳайқириқ,
Кўзимда вулқон!
Ичаман барини унутмоқ бўлиб,
Жомдаги май эмас,
УЛ ҚОН!
(юрак ҳам бормоқда нураб)
Ва сени чорлайман-
Айқири-иб,
Айқири-иб,
«Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…»

@jontemir_t


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
* * *

Балки автобусда кетиб боряпсан,
Балки метродадир…
Тағин билмадим.
Топганинг дард бўлди,
Дардларинг сафсан,
Қўнғироқ ҳам қилмадим.

Тошкент кўчаларин эркалар ёмғир,
Ресторан.
Жаз тинглаб, ўқийман китоб.
Балки айни чоғда аҳволинг оғир
Ётгандирсан ижара уйингда бетоб.

Балки орзуйингдек
Балзак яшаган
Шаҳарларда кезиб юрибсан танҳо.
Балки ҳамроҳингдир ҳазон тўшалган
Ўрдадаги биз севган анҳор.

Эсингдами?
Моцартни севардим,
…билганинг Шопен.
Асабим бузишга устайдинг.
Шаҳар айланардик
Дўконлар «опен».

Бахтли бўлишимизни истардинг.
Серсавол қиз эдинг серсавол,
– Нега кўп чекасиз?
– Қошингиз қалин…
Ҳаммаси тугаган,
Ҳаммаси завол…
У кунлар қайтмайди минг ёлвор, ялин.

Тошкент – катта шаҳар,
Бардошдай катта,
Бахтингни топасан…
Азизам… Тушун.
Кечир, ўша оқшом
Сен ёмғирдан қочиб келган бекатда
Автобус кутиб турганим учун.


Жонтемир

@Jontemir_t


ҚАДАХСЎЗ

Ёшлик шиддатида тебран, яша, ўл!
Ожизларга эҳсон кексалик тожи.
Капалак бўл,
тошбақалар — гўл,
Етиб-ортар Рембо меърожи.

Чайқал телба тўлқинлар узра,
Қувиб қарға фалсафасини.
Яхтагини кийгандан Хусрав,
Саноғингда ўн етти гулмоҳ,
Гўзал — гўзал лабидан бўса
олаётган лаҳзада ўлмоқ!

Кунни тўзғит, кечаларни буз,
Қадахларни исёнга тўлдир!
Чақмоқ, чақмоқ энг табаррук сўз,
Абадият серажин йўлдир.

Қўй Саъдийни, Гётени қўй,
Танҳоликнинг танҳо лашкари.
Хасса тутган қаримсиқ шоир,
Қандай хунук, шеърдан ташқари.

Келса ажал, ҳозироқ келсин,
Катмонда мўл гуноҳ, мунг, тилла.
Бизга иснод чорласа Тангри
Ҳузурига бормоқ мункиллаб.

Ёшлик шиддатида тебран, яша, ўл!

@jontemir_t


ЗАВҚ

"Жазо соатлари бонг ураётир,
Ҳадемай сенга ҳам келади навбат".
Яшаганим учун лаззатга ботиб,
Бадқовоқ осмонга қилайми тавба?

Йўқ, ахир баджаҳл подшо эмас Ҳақ,
Эркимни қўлимга топширган бошдан.
Ўлим ортидаги роҳатга илҳақ,
Қўрқув ўнгирида турайми тошдай?

Асло, то тирикман болаларга хос
Қийқириб, менсимам дўзах жарини.
Аёл муҳаббати, шароб, эҳтирос –
Тангри лаззат учун берган барини!

Ёзаман, севаман, ўпаман қониб,
Гулларни ҳидлайман чалиб жўшқин тор.
Чиқса ҳам севинчдан чиқади жоним,
Шулар гуноҳ бўлса, ҳа, мен гуноҳкор.

Жазо соатлари ураверсин бонг,
Ожизу нимжонлар, сизга бу даҳшат.
Мен учун ҳаётим – такрорланмас тонг,
Унинг эртагидир қиёмат, маҳшар!

@Jontemir_t


​​Видо ёмғирларин тўкмоқда апрел.
Бошинг елкамда,
сўздан бошқасини кўтаролмас одам елкасида бошинг.
Жилмаяман дарахтга суянганча маст,
димоғимга ёприлиб кирар
сочларинг бўйи,
ўйлайман: мен эмас,
манави дарахтга суянганингда
қичқириб юборарди қувончдан шўрлик!

Видо ёмғирларин тўкмоқда апрел:
қирларда очилиб сўлган лолага,
довуччага дўнган оғоч гуллари,
сенинг ўн саккиз,
менинг йигирма олти ёшимга
видо ёмғирларин тўкмоқда апрел...

Юзингдан қайноқ эҳсон оламан,
кўзингдан, сочинг,
тутқич бермас лабларинг – шаддод.
Ҳасис улар,
ўғлидан меҳрини қизғонган отамдек ҳасис.

Шивирлаб шеър ўқийман:
"Дунёда бир фасл бор – апрел,
Дунёда бир кун бор – жума,
Дунёда бир дарахт бор – суяниб турганим.
Дунёда бир қиз бор – елкамда боши..."

Каҳф ғори бўлсайди хиёбон,
уйқуга кетсагу
шу ҳолда уйғонсак минг йиллар ошиб.

Эй осмон, кўриб қўй!
Тонга айтиб беринг, майсалар.
Чумолилар, уйқудаги илдиз,
энди униб чиқар уруғларга етказинг.
Бу елка,
қоқ суяк елка
сўздан бошқасин ҳам кўтара олар!

Мен эмас,
манави дарахтга суянганингда...


Жонтемир

@Jontemir_t


Канал янги очилди.

16 last posts shown.