Бу шеърлар дунёни эрта тарк этган муҳтарама опам Муқаддас Ёқуб қизига бағишланади...
Опа, бу шеърлар сизники эди. Ҳа, мен уларни сизнинг дафтаригиздан, ҳаммадан беркитиб юрадиган дафтарингиздан ўқиганман... Мен уни тополмадим. Аммо хаёлимдан ҳеч кетмайдиган, айнан сизнинг шеърларингизни қайта ёзишга қарор қилдим...
Сиз мендан, сиздан Худо рози бўлсин, Омин!
ЎҒРИ.
Юртига ёғийлар қадам босган дам,
Бекорга қулоғин кесмаган Широқ.
Дейдилар: касални даволагандан,
Минг бора олдини олган яхшироқ.
Бироқ, дарвозангни душманга очган
Сотқинлар, хоинлар, афсус, йўқ эмас.
Ватан, Ватан дея, ёв келган нафас-
Қочган...
Аслида ўшалар ҳолинг этган танг,
Сўзларим оғир, лек, дилга олмайсан.
Уларни бағрингдан тозаламасанг,
Қаттол душманларни енга олмайсан.
Эслайман тарихдан минг йил нарида,
Ким дунёни ёқди, ким чироқ ёқиб.
Мардлик ва номардлик ораларида
Теран кўзлар билан дунёга боқиб -
Топган бор хикматим шу бўлди ҳолос:
Йўқотган бахтингни излашдан - наф йўқ.
Молингни ўғирлаб кетгандан эмас,
Кучугингга суяк ташлагандан қўрқ...
* * *
Шоирлар - энг яхши одамлар бўлар,
Юраклари тоза, қалбида кир йўқ.
Бировга ёмонлик қилмайди улар,
Қалбида дўстидан пинҳона сир йўқ.
Ҳар саҳар уларни олади қарши,
Меҳр ва муҳаббат номли туйғулар.
Шоирлар бир марта ўлади, гарчи,
Ва лекин ҳар саҳар қайта туғилар.
Кўкда тин олмасдан порлаган қуёш,
Денгизлар тубида ётган маржон, дур.
Кўксида яхшилик номли бир оташ,
Дунёда неки бор - бари шоирдир...
Билмаймиз, баҳорда барг ёзган бодом,
Сездирмай энг гўзал шеърин ёзгайдир.
Меҳмонга дастурхон ёзган ҳар одам,
Энг буюк шоирдир, дилинг ёзгайдир...
Бироқ, ром айласа сени сийм-у зар,
Кўнглингда ёмонлик.
шухратдан мастсан.
Дунёлар хикматин битсанг ҳам агар,
Барибир ҳеч қандай шоир эмассан!
СОҒИНЧ
Энди осмон менга бир қадам,
Юлдузчалар - этагим чанги.
Фақат ойга термулганим дам,
Ўзгармоқда дунёнинг ранги...
Ота, она, соғ- омонмисиз,
Саломатми опаларим ҳам.
Дилин эзиб номаълум бир ҳис,
Йиғламасми синглим ва укам.
Кўз ёшларим қуйилаётир,
Тўлиб-тўлиб юракларимга.
Аммо, мендан олманг хавотир,
Етаяпман тилакларимга.
Қулоғимдан кетмайди ҳамон,
Сиз-ла кечган дамлар жаранги.
Ёдимдасиз ҳар лаҳза, ҳар он,
Кундан-кунга соғинчим- янги.
Йиғлаяпсиз, наҳот, дўндим мен,
Юрагингиз чандиқларига.
Тош эдим-ку, учиб - қўндим мен,
Неча милён чақрим нарига.
Бахтлидирман, бундан кўнглим тўқ,
Қувонч бирла юрибман омон.
Лек, барибир сизларнинг қаттиқ
Сўзларингиз соғиндим ёмон...
ДEНГИЗ...
Денгиз қурияпти, одамлар,
Кўзингиз ёшларга тўлмасми.
Топайлик имкони бўлса гар,
Оролни қайтариб бўлмасми.
Ҳазрати Навоий битмиш сўз,
«Томчилар йиғилса дарёдир».
Денгиз ҳам қуригай шубхасиз,
Қатралар йўли гар айродир.
Қуруқ кўз ёшдан-ку муқаррар,
Бу денгиз тўлмас, лек, майлига,
Бир бўлиб йиғлайлик то башар
Тушмасин оролнинг ҳолига.
ДАРАХТ.
Дарахт, сени қанчалик
Қимирлатмасин шамол.
Мудом бошинг тутгин тик,
Заминни чангаллаб ол.
Токи бирор ўтинчи
Кесиб кетмасин бахтинг.
Бу шамоллар ўткинчи,
Сен мангусан, дарахтим.