Ғафлатда қолманг!
Янги йилнинг илк ойи – муҳаррам ойи кириб келди.
Бу ойнинг фазилатларини биласизми?
! 2021 йилнинг 10 август куни – янги 1443 ҳижрий йил – муҳаррам ойи бошланишининг биринчи кунидир.
Ашуро куни 2021 йилнинг 19 август, пайшанба кунига тўғри келади.
Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (зулҳижжа, зулқаъда, муҳаррам, ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни, яъни Ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бану Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки, – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Табароний ва имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар.
Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламнинг бирор куннинг рўзасини бошқаларидан афзал кўриб, мана шу Ашуро кунидек, мана шу Рамазон ойидек излаганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар.
Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлайдилар», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Янаги йил келса, иншааллоҳ, (ўнинчи билан бирга) тўққизинчи куннинг рўзасини (ҳам) тутамиз», дедилар.
Бас, келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар» (Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш афзаллигини айтадилар.
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Каналимизга обуна бўлинг⤵️
🌿🌸•┈•┈•┈•❁🌸❁•┈•┈•┈•🌸🌿
@din_va_hayot1🌿🌸•┈•┈•┈•❁🌸❁•┈•┈•┈•🌸🌿