Дилором Эргашева ижодлари


Channel's geo and language: not specified, not specified
Category: not specified


Сабо бирланму келди, ёр, саломинг
Димоғим тўлдирур гулбарг исига.
Юзунг, кўзунг, лабинг орзум, наҳотки,
Ўлиб етсам тирикнинг мажлисига.
Кетар Дил гар демай дардини ошкор,
“Муҳаббат” деб ёзинглар ташҳисига.
✍Дилором ЭРГАШЕВА
@Diloromergashevaijodlari

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
not specified, not specified
Statistics
Posts filter


***
Атиргулни ҳидлаб айтдим саловот,
Аста юзларимга тегинди банди.
Сизга ҳузур бўлсин, сизга ҳаловат,
Афандим...

Хуш келдингиз, кунлар тўлди фарахга,
Тунлар қайдан ёруғ нурга беланди.
Жон кирдими, ерга, гулга, дарахтга...
Афандим?

Ҳатто булутларнинг эриди кўкси,
Қорлар ёғаётиб ёмғирга дўнди.
Марҳабо, соғиниб йиғладим ўксиб,
Афандим,
Афандим!

Дилором ЭРГАШЕ
ВА

@Diloromergashevaijodlari


***
Эй, мудроқ руҳимда портлолмаган сўз,
Эй, бир умр ташлаб кетмайдиган дўст!

Эй, кўксимга боссам сўлмайдиган гул,
Эй, бош олиб чиқсам, битмайдиган йўл!

Эй, мушфиқим Онам, ўксик Падарим,
Эй, ёрдай яқиним, жоним қадарим!

Ишқи томиримда қондай сизганим,
Ишқимни ўзимдан олдин сезганим!

Эй қайларга кетсам, кетмас муҳаббат,
Эй, куним битса ҳам битмас муҳаббат!

Севинсам, қайғурсам қулаган ёшим,
Менинг ожизлигим, менинг бардошим.

Эй, кўнглим тўлмаса, тўлмайдиган ой,
Эй, кўнглинг тўлмаса бўлмайдиган жой.

Йиғласам қушлари додлайдиган боғ,
Ўлсам, изларимни ёдлайдиган боғ.

Қуласам орқамда туражак тоғим,
Вафодор севгилим, қалин ўртоғим.

Осмонни ўзига қаратган замин,
Ерда осмонларни яратган замин.

Эй, икки кўзимдан тенг оққан дарё,
Бўғзимдан кўксимга чекинган фарёд.

Сени севмоқ шараф, сени демоқ шон,
Юзта жоним бўлса бераман, ишон.

Юз ўлсам туғилай сенда қайтадан,
Ёлғизим, Мунисим, Онажон - Ватан!

Дилором ЭРГАШЕ
ВА

@Diloromergashevaijodlari


*
Тунни ухлатмасанг кўздан тўкиб қон,
Нозик уйқусидан ойни уйғотсанг.
Қуёшдай кўтарсанг бошингни ҳар тонг
Ва ботсанг, тоғларнинг ортига ботсанг.

Ўлдирсанг бирма-бир истакларингни,
Ишқ бўлса, ишқ бўлса топиб-тутганинг.
Ёмғирдан тикдирсанг кўйлакларингни,
Киймоқчи бўлсанг-у, йўқ бўлса танинг.

Хуллас, яшамасанг ўхшаб одамга,
Бир мажнун йиғласа кўзингда мудом.
Сен қоронғу бўлсанг ёруғ оламга –
Йиғласанг, бошингни силаса Худо.

Дилором ЭРГАШЕ
ВА.

@Diloromergashevaijodlari


***
Кўз ёш тўкиб юрган йўлаклар ичра,
Мен кирган-кирмаган юраклар ичра.
Чап кўксимда қолган бўлаклар ичра,
Қидириб-қидириб юрибман Сени.

Кўз ёшимни ичиб чечаклар унди,
Энди чечаклардан кўз ёшлар инди.
Нега бедардларга борлигинг унда,
Билдириб юрибман?

Ҳар саҳар қўлим қон чиқаман тундан,
Шеъримдан қон сизиб туриши шундан.
Сени кўраман деб бир кун-бир кундан
Ўлдириб юрибман
Кунларни.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


***
Ҳаёт деганлари шу экан, ўғлим,
Ярми дард, ярми уйқу экан, ўғлим.
Кўзинг очиб юмсанг, оқиб кетаркан,
Умр кўз ёш экан, сув экан, ўғлим.

Сен менинг кўксимда очилган ғунча,
Мени ҳам онамга берганди Гулчи.
Боланинг меҳри бир бола кўргунча,
Онанинг меҳри мангу экан, ўғлим.

Дард келс,а ичимга ютдиму, ютдим,
Устига кўз ёшлар ичиб буютдим.
Сени «тоғим» дедим, улғай деб кутдим,
Ёлғиз суянчиғим У экан, ўғлим.

Бошқа ҳеч нимага етмайди ақлим,
Асли бўлганмиди дунёга даҳлим.
Менинг аҳволимнинг ягона шарҳи:
Мавлога етмоқ бир «Ҳу» экан, ўғлим.

***
Йиртиб отар кунларни тақвим,
Шамол бориб тошга урар бош.
Майсаларнинг оздириб ақлин,
Булутларда ётади қуёш.

Ҳали сайраш билмаган қушлар,
Ризқ қидириб чиқар азонлаб.
Баҳор ҳақда кўради тушлар
Ёмғирларда қолган хазонлар.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


***
Шом. Муаззин чақирар азон,
Шаҳар ёқар чироқларини.
Дийдорингни сўраб бораман
Яна Худойимга ялиниб.

О, нақадар кетдим йироқлаб,
Аё Раббим, ўзингга осон.
Кетсам ўчиб қолмас чироқлар,
Кетсам тиниб қолмас-ку азон.

***
Сиз менга етолмай халаксиз, Она,
Мен-чи, юрагимдан дардни қуволмай.
Худо насиб этиб кўришсак яна,
Мени кўксингизга босиб юборманг.

Дунё сиздан мени, мендан боламни
Мунча узоқлатди, фироқлар солди.
Ичга ютиб-ютиб дарду аламни,
Кўксим тиконгулга айланиб қолди.

Мени кўксингизга босиб…
(қўйиб) юборманг.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


Истамбул

***
Бу ерда шамоллар аёвсиз жуда,
Қўпориб юборай дейди ромларни,
Оқизмоқ беҳуда, тиймоқ беҳуда
Кўз ёшингиз тўлиб турган жомларни.

Бу ерда ёмғирлар ёғмайди сим-сим,
Гуллар юз очмайди, очади ғавғо.
Ўксиб-ўксиб оғриб кетади кўксим,
Булутлар бошимдан ўтса бепарво.

Аслида бу буюк Ерда нима айб,
Айб менинг ҳасратга тўлган кўзимда.
Соғиндим, билсангиз, сизда ҳамма гап,
Ҳамма гап ўзимда...

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


***
Қаерда тўхтади соат миллари,
Қачон оёқларнинг тинди товуши.
Яшаётган менми эдим илгари,
Қачон руҳим сенга кетди қовушиб.

Отини унутдим ҳар ким, ҳар нени,
Фақат сенинг номинг қолди ёдимда.
Қўлларим ахтариб топади сени,
Йўлимга чиқасан ҳар бир одимда.

Ҳамма ер бегона, нотаниш ҳар ким,
Яна кулиб туриш керак одамдай.
Мунча муддатим кўп, мунча кўп ҳаққим,
Сени кўролмаган оламда.

***

Бир-бир кириб ўтар боғларга шамол,
Изларни супуриб кетаётгандир.
Сенинг нигоҳларинг, (буюк эҳтимол),
Ҳамма ишни таъқиб этаётгандир.

Эзар сукунати дов-дарахтларнинг,
Мазлум хазонларнинг қолмаган кучи.
Йиғламоқ чун бола бўлмоқлик шартми?
Телба бўлмоқ шартми гапирмоқ учун?

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


***
Остонада туради ҳар тонг,
Қўлларида бир узун таёқ.
Кун кўрмади, деманг, онажон,
Кўрсатяпти кунимни ҳаёт.

***
Очилмоққа маҳкум кўзим ҳар тонгда
Ва ҳар-ҳар ишларни кўрмоққа маҳкум.
Уйимга қайтаман қайтгандай жангдан,
Яралар яралар кўксимда ҳар кун.

Ичимга ютаман кейин устма-уст
Бўғзимга тиқилиб қолган сўзларни.
Юрагим оғрийди сақласам сукут,
Аммо айтганимда нима ўзгарди.

Дилором ЭРГАШЕ
ВА.

@Diloromergashevaijodlari


***
Соқий, заҳмат этма менга май қуйиб,
Тупроқ бос кўксимга, битмоқда куйиб.
Мендек юрагини ҳижронга қўйиб,
Бошини ғамларга кетирган борми?

Омонатларга дил бермоқ фожеа,
Асли борлигимда борми хосият.
Кўксида гулбаргдан қуриб бир уя,
Тошдеворларда кун кечирган борми?

Қайдадир, кимнингдир дилини қирдим,
Мумкин ёшин тўкиб, сўнг на сидирдим.
Топмадим, билмайман нени қидирдим,
Хаёлига келсам, кечирган борми?

Дедим, не кўйларга солмади тақдир,
Қийналиб-қийналиб топганим Ҳақдир.
Боши бир Оёққа етишган пайти
Кўнглини кўкларга кўчирган борми?

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


***
Дилни эрмак қилар “эрман” деганлар,
Мушукдай чекинар “шерман” деганлар.
Кўзимга терс бўлиб бормоқда олам,
Осмон кўринади “ерман” деганлар.

Бу ҳаёт майдонни мардларга бергай,
Сукутни ишқи беҳадларга бергай.
Пушаймонга бергай, дардларга бергай
«Мен сени ҳеч кимга бермам» деганлар.

Кимдир кетаётир йиғлаб, ўксиниб,
Бағрингизни очинг, дардин тўксин у.
Сўз билан кўтаринг элнинг кўксини,
«Шоир манман!» деган, «Шеър-ман» деганлар.

***
Мана, қўлларимни кўтардим, ҳаёт,
Орзу-ҳавас мендан олдинроқ ўлди.
Сўнгги дамда айтиб қўяй, эҳтиёт,
Менга қўл кўтарди, демасанг бўлди.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


***
Суппага суяниб ўсар Настарин,
Гуллашни ўргатар эрта баҳорда.
Хонтахта устида сариқ дафтарим
Сўз сўраб қўлларин очар саҳарда

Ҳар йил баҳор қайтар умринга, гулим,
Сен яшнайверасан эртаклар айтса.
Хазонрез боғларга тушгандир йўлим,
Энди менга нима баҳорлар қайтса.

***
Дунё сизсиз хор кўринди кўзимга,
Ўзимдамас, мудом сизга зеб қўйдим.
Бир гап билан ёмон қилдим ўзимга:
“Сизсиз менга ёмон бўлар..!” деб қўйдим.

Дилором ЭРГАШЕ
ВА.

@Diloromergashevaijodlari


***
Шамол ўтар оёғи яланг,
Дарахтларнинг тебранар учи.
Хазонларга қўшилди, ана,
Энг охирги япроқ ҳам учиб.

Бирдан шамол бош олиб кетди,
Боғлари йўқ ёқларга қараб.
Дарахтларнинг учини энди
Тебратиб қўяди қарғалар.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


***
Энди мени сира қўймас тек,
Дардларингга бериб қўйдим қўл.
Узоқларга олиб кетай деб
Оёғимга ётиб олар йўл.

Олиб кетмоқ мени бу ғамдан,
Кўриндими йўлларга осон.
Энди юрмоғим йўқ одамдай,
Чиқиб олган бошимга осон.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


***
Сўрасанг, жонимни юлиб бераман,
Сўрамасанг к,андай к,илиб бераман.
Худойим, бу турфа синовларингга,
Билмам, яна қанча туриб бераман.

Дунёнинг отини айтмадинг ҳануз,
Мен кезган боғларда ўн икки ой куз.
Ҳеч ким бўлолмадим, онажон, афсус,
Майли, бир одамдай юриб бераман.

Сенга ҳаёт берган мен эмас, болам,
Она Худо билан тенг эмас, болам.
Бошимда оқарган тонг эмас, болам,
Қара, сенга тонгдай кулиб бераман.

Ҳаётим, севаман сени тобора,
Дунё ўзи билан ўзи овора.
Кўнглингни қолдирмай яшолсам зора,
Истаган пайтингда ўлиб бераман.

Мен кезган боғларда ўн икки ой куз...

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


Сирожиддин Саййид ғазали билан
МУХАММАС



Алам ўлгунча мандан ташқарида,
Муҳаббат дилда ҳаддан ташқарида.
Дедим: “Ўлгайман андан ташқарида!”
Чамандирсан, чамандан ташқарида,
Чаманлар бари сандан ташқарида.

Отинг ўт солди бул жону дил оро,
Олар оро юзинг ою йил оро,
Қиёсинг топмадим юз манзил оро.
Манинг жонимсан, эй сарви дилоро,
Манинг жоним бадандан ташқарида.

Муҳаббат ганжини топган ғанидур,
Гадо йўлида биздек ҳам қанидур?
Ситам ошиқ элининг топганидур,
Муҳаббат жон билан кўнгул фанидур,
Надир ҳолинг бу фандан ташқарида?

Аё кўксимдаги қуш, тилга киргил,
Санам, руҳи равоним, йўлга киргил.
Бошингни садқалар қил, қилга киргил,
Ўзингдан ичкари кир, дилга киргил,
На бордир жону тандан ташқарида?

Муҳаббатдин асарлар айла эй Дил,
Хаёлин шом, саҳарлар айла, эй дил.
Кейин айши зафарлар айла,дил, –
Ватан ичра сафарлар айла, эй дил,
Ватан бўлмас ватандан ташқарида.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


БЕДОР ҒАЗАЛИ БИЛАН МУХАММАС

Етган кўринди ганжига охирда Сарварнинг қўли –
Солгай оловга дамба-дам кўнглимни заргарнинг қўли.
Комдур манингдек хастага бир хастапарварнинг қўли,
Не хуш замон бўйнимда эрди ул суманбарнинг қўли,
Дор боғлар эрди ҳалқа-ҳалқа зулфи анбарнинг қўли.

Бу телба ҳолимға ўтирмиш кўйида шармандалиғ,
Кўрганму ҳеч ким ишқида савдони ман кўрганчалиғ.
Офтоб юзига термулиб рангим тамом бўлғай сариғ,
Кулганда мумкин,- дердилар,- кўрмак унинг оғзин, дариғ,
Бир зарра имкон бермади гулғунчаи тарнинг қўли.

Кирдим гулистонга фиғон этмак йўли бирлан осон,
Хори билан тилган мани алдар гули бирлан осон.
Улдир ҳусн мулкига шоҳ, ўйнар қули бирлан осон,
Тупроққа чизмишдай, ўчирмишдай қўли бирлан осон,
Бағримни тирнаб сийпалар хуршиди манзарнинг қўли.

Ул ёр ғанимлар олдида айлаб тағофил бурди лаб,
Қилди ишорат, итлари кетди танимни бурдалаб.
Гоҳо талаб рўзғорни, гоҳ қилғай бу жонимни талаб,
Кўнглим қушин болу парин юлди тириклай битталаб,
Билмам нечук бормиш экан шўхи ситамгарнинг қўли.

Кошки муҳаббат ўтиға кўз ёшларим келсайди бас,
Селоби ашкимни қуритгайдир агар урсам нафас.
Ким истагай жаврин, дегайлар. Мен дедим: Ким истамас?
Қоним тўкар чоғинда ул айди: “Манинг илгим эмас,
Ошиқ сўйиб ўтган ҳама қотил париларнинг қўли”.

Гулдай юзин шавқида кўнгул андалиб гўйидадур,
Чун мулки оламнинг тамом ҳусни анинг рўйидадир.
Бу хаста Дил лом-мим демас, комим алиф бўйидадир,
Бечора Бедор ним бўғизланган кўйи кўйидадир,
Беихтиёр тутгай яқо кўрганда аксарнинг қўли.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


ДИЛОРОМ ҒАЗАЛИ БИЛАН МУХАММАС

Кўзим қўймайди “Балки, билмасам, кўрсам?”
Қаю йўл бирла они, билмасам, кўрсам.
Чекарман оҳ-ҳижобим, тўлғасам, кўрсам.
Нетар, ул ой юзини, ўлмасам, кўрсам,
Анга не ғам агарким кўрмасам, кўрсам?

Эриб, дарёдай оққайман, юзин очса,
Этак дунёга қоққайман, юзин очса.
Дилимни нурга ёққайман юзин очса,
Дедим: «Тўйгунча боққайман юзин очса!»
Уриб ўлдирмагайму шул қасам, кўрсам.

Фиғонимдин фалакка сачради қоним,
Ҳануз бўғзимни ўртар ўтлиғ афғоним.
Чекарга қўрқаман — оғзимдадур жоним,
Мани бўлганча бўлдирдинг, на бўлгоним
Унутсам, ҳеч кўнгулни бўлмасам, кўрсам.

Мани кўрган куним, ағёр, қани кўрсанг,
Ани кўрган куним, ваҳ-ваҳ, мани кўрсанг.
Адо бўлмасга қўймас Ул сани, кўрсанг,
«Ўзингдан кетма, – дерким эл, – ани кўрсанг!»
Нетаркинман, ўзимда бўлмасам, кўрсам.

Аё кўнглим, санинг “камтар”лигинг қурсин,
Бағр қону, кўзи кам тарлигинг қурсин.
Азиз, Мажнунданам баттарлигинг қурсин.
Дема: «Кет, эй Дилим, қайсарлигинг қурсин!»
Кетарман, майлига, кел бўлмасам, кўрсам.



АЗИЗ БЕК

Дилором ЭРГАШЕВА.

@Diloromergashevaijodlari


МУХАММАС

Саҳар ноламдин ул гул ханда қилғай,
Куюк жонимни гул гулханда қилғай.
Ҳама оламни қандоқ банда қилғай,
Қошин ё қилса, ё кулганда қилғай,
Тажалли, қайга боқсам, анда қилғай.

Ани севдим, бўлак тақдир на ҳожат?
У жон ичинда жон, тасвир на ҳожат.
На битса, битди ул, таҳрир на ҳожат,
Ўзидан ўзгага такбир на ҳожат,
Тўкиб ёш арз этинг, арзанда қилғай.

Чаманда гул билан ким дилни хушлар?
Наво қилмайки, булбул тилни тишлар,
Агар гул шавқида ул кўрса тушлар,
Маним кўксимдаги девона қушлар
Бўлиб бедор ани шарманда қилғай.

Дилором, сен муҳаббат дафтарин туз,
Сени хор ҳам, азиз қилгувчи ҳам сўз.
Жаҳон савдосидин ўтғил юмиб кўз,
Умидим – тонг била ул гул очиб юз,
Тилингни булбулигўянда қилғай.

Дилором ЭРГАШЕВ
А.

@Diloromergashevaijodlari


Forward from: Дилором
Odamlaruuu odamlar, fayzbog'da bitgan bodomlaaaar, eshitmadim demanglar😁

21-noyabr, shanba, soat 13:30 da Yoshlar ittifoqi binosining Yoshlar Press-klubida navbatdagi "DUEL".

Asrimizning muhtasham shoiralari - Nodira Afakova hamda Dilorom Ergasheva larni bir maydonda ko'rish, o'zlaridan she'r eshitishga yuragingiz dosh berarmikin?!

Shohsanamxon Odiljon Qizi va Мажнуна Мирзаева larning so'z otishmalaridan esankirab qolmasmikansiz?!

Jaloliddin Sayidov va Najmiddinbek Ermatov larning "duellashuvi" Toshkentni titratishi turgan gap.

Qolmishiga Shuhrat Daryo "Yig'lasak"ni aytib yig'latsa, Mirjalol O'rinboyev maqom aytib sellatsa chidash bera olasizmi?!

O'zbekiston Davlat Konservatoriyasi talabalari jonli musiqa bilan joningizni olsa-chi?!😁

Xullas, yuragi baquvvatlar kelsin!

Ro'yxatdan o'tish uchun telefon: +998911176357

20 last posts shown.

190

subscribers
Channel statistics