САМАРҚАНД АЁЛЛАРИГА
(Байрам табриги)Азалдан малаклар юрти Самарқанд,
Маликалар юрти бўлган бу тупроқ.
Магар бир-бир санаб чиқилса улар,
Мисрдан ҳам кўпроқ, Римдан ҳам кўпроқ.
Бу малаклар насли қайси бир дунё,
Ё кўкдан бўйлаган пари зотданми?
Кимдан сўз очайин, Роксанами ё,
Бибихонимданми, Гавҳаршодданми?
Ишонмасанг ана, момолардан сўр,
Бу эл қизларининг ибоси бордир.
Жангларда ёғийдан қўрқмаган, жасур,
Қалби ўт чақнаган Зебоси бордир.
Шеърсевар дилларга сўз чиройли зеб,
Инжа туйғуларни бир имдод билар.
Ватан ягона, деб, Ватан битта, деб,
Хосият опамнинг шеърин ёд билар!
Пахтачим – тупроғи зарларга бойим,
Зиёларга чўмган шаҳрим бор менинг.
Умрин эгатларга тиккан фидойим,
Норхол момом билан фахрим бор, менинг!
Сўз айтай бир жумла, дил шавққа тўлган,
Хамратош аянинг заҳматларидан.
Шаҳри Каттақўрғон Гавҳари бўлган,
Ҳокима опамнинг меҳнатларидан.
Марям опамиз бор Каттақўрғонда,
Умри бамисоли кумуш толалар.
Зайнаб опам эса, зўр эҳтиромда,
Сизга бўлсин бугун алвон лолалар.
Туйғуларга тўлиб, кўкларга тегар,
Юрак деб аталмиш мурғак бир ери.
Ишқ билан бошланиб, ишқ билан тугар,
Оқдарёлик Ойгул опамнинг шеъри.
Сиз борсиз меҳр бор, муҳаббат бордир,
Меҳр бор жойларда йўқдир низолар.
Ҳам устоз, муаллим, ҳам тадбиркордир,
Булунғурлик опам Меҳринисолар!
Маст бўлиб муанбар ифорларига,
Нарпай заминидек кўнглимни гуллат.
Зулфия опамнинг ашъорларига,
Бугун жўр бўлмоқда бутун бир миллат.
Нуробод дейилса, мудом дилларда,
Нодира,Фароғат, Марҳаболар бор.
Қўшработ дейилса, исми тилларда,
Соҳиба, Сайёра, Дилраболар бор.
Менинг самарқандлик Вилана қизим,
Тайлоқлик Наргиза сизларгадир шон.
Кўксингизни безаб турар ярақлаб,
Зулфияхонимнинг расми бор нишон.
Яна бир Наргиза, кўз қарошида,
Илму-зиё сеҳрин қалбга индирган.
Китоб ўқиб, ҳали ўн тўрт ёшида,
Тошкентдан Жомбойга кобалт келтирган.
Иштихон тупроғи қадимдан қолган,
Эли самимийдир, йўқ зарра ғубор.
Нозик мушти билан ҳайратга солган,
Нигина, Гулсевар, Мафтуналар бор.
Ҳар бирингиз жуда яқинсиз кўзга,
Ҳар бирингиз менга ифтихор, фахр.
Нима бўпти айтинг, битта шеър сизга,
Юзта достонларга арзийсиз ахир.
Не сўз келса бугун айлади назм,
Ўлмасбек шоирнинг хаёлларига.
Мен бош эгиб бугун қилурман таъзим,
Қадим Самарқандим аёлларига!Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy777