#Рамазон, 29-кун
Рамазон ойи ноқис бўлмайди
عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: شَهْرَانِ لَا يَنْقُصَانِ شَهْرَا عِيدٍ رَمَضَانُ وَذُو الْحَجَّةِ
Aбу Бакра розияллоҳу анҳу айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “
Икки ой ноқис бўлмайди. Бу икки ҳайит келадиган – Рамазон ва Зулҳижжа ойларидир”, деб айтдилар”. Бухорий (1912), Муслим (1089/2420)
“Олимлар бу ҳадиснинг маъноси ҳақида ихтилоф қилганлар. Баъзилар унинг зоҳирига қараб, “Рамазон ва Зулҳижжа ойлари ҳар доим ўттиз кун бўлади, бундан кам келмайди”, деган. Аммо бу нотўғри, мавжуд воқеликка зид гап. Бу гапни рад этишга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари кифоя:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فَإِنْ غُمِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا الْعَدَدَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни (Рамазон ҳилолини) кўриб рўза тутинглар ва уни (Шаввол ҳилолини) кўриб рўзани очинглар (тўхтатинглар). Агар сизларга (янги ой булут ёки бошқа сабабдан) кўринмай қолса, муддатни тўлиқ (ўттиз кун) қилиб қўйинглар”, дедилар”. Муслим.Агар Рамазон ойи ҳар доим ўттиз кун бўлиб келганида унда янги ой кўринмай қолганидагина уни ўттиз кунлик қилиб тугатишни таъкидлашга эҳтиёж бўлмасди.
Шунинг учун айрим олимлар бу ҳадисни ўзига муносиб маъно билан изоҳлаган. Масалан, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ: “
Бу икки ой (Рамазон ва Зулҳижжа) йигирма тўққиз кун бўлиб тугайдими, ўттиз кун бўладими, фарқи йўқ – фазилат борасида бошқа ойлардан кам эмас”, деган.
Яна бошқаларга кўра
, “Бу икки ой биргаликда ноқис бўлмайди – бири йигирма тўққиз кун бўлиб келса, иккинчиси албатта ўттиз кун бўлади”. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ яна:
“Агар у (Рамазон ойи ) камроқ (йигирма тўққиз кунли) бўлиб келса ҳам тўлиқдир (яъни, камайиб қолди, дейилмайди)”, деган.
Имом Нававий ушбу ҳадисда амаллар учун бериладиган савоб назарда тутилганини айтган:
“Мана шу гап тўғри, қувватлидир – Рамазон йигирма тўққиз ёки ўттиз кун бўлишидан ва Aрафотда туриш тўққизинчи ёки бошқа кунга тўғри келишидан қатъи назар, бу икки ой ҳақида суннатда келган фазилат ва ҳукмлар топилгандир”.
Лекин шуни таъкидлаш керакки, бу ҳолат содир бўлиши учун ҳилол – янги ойни кузатиш учун чиқилганда ҳам уни кўриш имкони бўлмаслиги керак. (Аммо ҳилолни кузатгани чиқмай туриб, “Ой неча кунли бўлиб келса ҳам савоби тўлиқ бўлади”, дейилмайди. Яъни, ойни кузатиш муҳим)”.
Ҳофиз Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний. “Фатҳул-Борий”, Рўза китоби, “Икки ҳайит ойи ноқис бўлмайди” боби, 1912-ҳадис шарҳи.
Исломий анъанага мувофиқ, ҳар бир ҳижрий ойнинг 29-кунида ҳилол – янги ойни кузатиш учун чўл, текислик каби осмон жисмлари аниқ кўринадиган очиқ жойларга чиқилади. Ойни кузатиш ўша куннинг аср намозидан кейин бошланиб, шом намозигача давом этади. Бунда ҳали қуёш ботмай туриб ҳилол кўринса, ўтаётган ой 29 кун бўлиб тугаган деб ҳисобланади ва эртасидан янги ой бошланади. Аммо ҳилол қуёш ботгунича кўринмаса, ёки ҳаво булутли, ўта чанг бўлгани сабабли уни кўриш имкони бўлмаса, у ҳолда ўтаётган ой 30 кунли бўлиши аниқ бўлади – ҳилолни кўриш учун чиққан куннинг эртасига ҳам шу эски ой давом этади, унинг индинига янги ой бошланиши белгиланади.
Бугун Рамазоннинг йигирма тўққизинчи куни: агар бир неча соатдан кейин, аср ва шом оралиғида янги ой кўринса, шу билан Рамазон тугайди. Бунда ушбу муборак ой ноқис бўлиб қолмайди – Рамазон учун ваъда қилинган савобни йигирма тўққиз кунда тўлиқ оламиз, Инша Аллоҳ. Зотан, Аллоҳ Таъоло бандаларига машаққат-қийинчилик бўлишини истамайди, уларга Ўз фазли билан кам амали учун кўп ажр бераверади.
يُرِيدُ اللهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
“Aллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни мукаммал қилишингиз (Рамазон ойи рўзасини тўлиқ, охиригача тутишингиз)
ва ҳидоят қилгани сабабли Aллоҳни улуғлашингиз учундир. Шоядки, шукр қилсангиз”. (“Бақара” сураси, 185-оят).🔵
@Turkiston_A