#sheriyat
Беруний
Шарқу ғарб ақлини ром этган ақл,
Ердан оёқ узмай самолар кезган,
Борлиқни қоғозга қилгувчи нақл,
Ойнинг ҳароратин ерданла сезган,
Биласизми, бобом Беруний у зот?
Муҳаммад Беруний бизларга аждод!
Ер учун бирбирин қирганда олам,
Бобомиз заминни кашф этар эди,
Оврўпо қуёшга сиғинган у дам,
Даҳомиз осмонни забт этар эди,
Авлодлар, аждодга келтирманг иснод!
Муҳаммад Беруний бизларга аждод!
Билимни иймонда топганлари он,
Илму дин ўртасин ажратмай сира,
Башар карвонига бўлдилар сарбон,
Дунёю охират бахти яксара,
Буюк Берунийга, мана, биз авлод!
Муҳаммад Беруний бизларга аждод!
Беруний, Хоразмий, Ибн Синолар
Минг йилда бир келар, дейдилар, борсан,
Минг йилдир туғмадинг бундай даҳолар,
Шоядки уларга ҳомиладорсан,
Эй ватан, ўтмишинг айлагин бир ёд,
Муҳаммад Беруний сенга бир авлод!
🌟 Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид